Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:47

Қайнонанинг юбилейида жанжаллашган божалар можароси


Қўтослар жанги.
Қўтослар жанги.

Бундан роппа-роса бир йил муқаддам – 2007 йилнинг 16 июнида Тошкент шаҳрининг Нукус кўчасидаги “Шоҳ” ресторанида Шукуржон ая Нурматованинг қутлуғ 85 ёши катта тантана билан нишонланди.

Шукуржон ая ва у киши тенгдошларининг энг камида 80нинг устига чиқиб олганиёқ катта жасорат. Шунга қарамай, Шукуржон аянинг юбилейи оилавий хос байрам эдики, у ҳақда бугун эсламаган бўлардик. Лекин эслаяпмиз. Чунки юбилей кечасида жанжал, муштлашув бўлган.

Муштлашув бўлмаган тўй-тўйми?! Жанжал чиқди, деб тўйни ҳам гапираверса, “Озодлик” ҳам майдалашиб кетибди-да, деб таънани ҳам бошлаб юборгандирсиз.

Агар жанжаллашган томонларнинг бири бутун Ўзбекистон танийдиган сиёсий шарҳловчи, 1996–99 йиллар мобайнида Ўзбекистон президенти девонида бош консультант бўлиб ишлаган, Ўзбекистон миллий университети ўқитувчиси, ҳозир “Ўзбекистон” телерадиоканалида бўлим бошлиғи Қобилбек Каримбеков бўлсачи?

Қобилбек Каримбеков 2007 йилнинг 16 июнида ўша “Шоҳ” ресторанида қайнонаси Шукуржон ая Нурматованинг 85 йиллик юбилейида рўй берган ва бугун батафсил ҳикоя қиладиганимиз воқеани эслаяпти.

“Жамият ва қонун” эшиттириши ўзбек жамиятидаги эврилишларни қўлидан келганича ўрганиб келмоқда.

Бас, шундай экан, Қобилбек Каримбеков билан унинг божалари ўртасида чиққан жанжал бугунги ўзбек жамияти муайян қатлами юзига тутилган ўзига хос кўзгу бўлиши мумкин.

Мавзунинг муҳимлигига ишонтира олган бўлсак, буёғини эшитинг.

Демак, жанжаллашувчи томонлар, бир томонда:

Қобилбек Каримбеков, бу кишини таништирдик, таништирмасак ҳам билардингиз.

Иккинчи томонда:

Искандар Салаев – Каримбековнинг божаси.

Ҳайдар Мадаминов – Искандар Салаевга куёв.

Суҳроб Салаев - Искандар Салаевнинг ўғли.

Қобилбек Каримбеков ва Искандар Салаев юбилейи нишонланган Шукуржон ая Нурматовага куёвдир.

Шукуржон ая Нурматова Ўзбекистон ТВсининг собиқ диктори, журналист Фарҳод Бобожоновнинг онаси.

Жанжал чиққанидан бери ўтган бир йил ичида божаларнинг жанжали ўз драматизми билан ўша машҳур Иван Иванович ва Иван Никифоровичлар ўртасидаги можародан ҳам ўтиб кетди. Иш судгача, ҳатто апелляция судигача етиб борди.

Мавзуни ўрганишга киришганимизга ҳам анча бўлди. Аввалига суд ўтсин, дедик. Кейин апелляция суди ўтсин, дедик.

Қобилбек Каримбеков билан биринчи бор 4 апрелда гаплашган эдик:

“Менга деса Пан Ги Мунга ëзсин. Менга деса ЕХҲТга ëзсин. Қаëққа ëзса ëзаверсин. Мен Озодлик адолатли маълумот беришига ишонаман. Суд адолатли қарор қабул қилди. Мен Амир Темур бобомизнинг “куч - адолатда”, деган гапига ишонаман”.

Суд ҳукми тўғрисида ҳам, албатта, айтамиз.

Бир томон бажонудил гапириб турганида иккинчи томон – Искандар Салаев мутлақ гапирмади. Бир неча марталаб мурожаат қилаверганимиздан кейин очиғини - божасининг қўли узунлигидан қўрқишини айтди-қўйди.

Бироқ мазкур жанжалга оид қўлимиздаги ҳужжатлар орасида Искандар Салаевнинг Ўзтелерадиокомпания раиси Алишер Хўжаев номига Қобилбек Каримбеков устидан ёзган шикоятномадан кўчирма борки, воқеани мана шу ҳужжат асосида ёритсак бўлади.

Жанжал юз берган юбилей арафаси. Қобилбек Каримбеков.

“2007 йил 16 июнь шанба куни кечга яқин шу соат 18лар атрофида қайонамнинг 85 ëшлик юбилейига бордик. Тантана яхши бошланди. Яхши гаплар бўлди. Унинг устига-устак ўйин-кулги бошланиб кетди. Ўйин бошланиб кетганда биз рафиқамизни, яъни Фарҳод Бобожоновнинг синглиси Гуландомни ўртага тортиб ўйнаб рақсга тушамиз. Фарзандларим ҳаммаси ўша ерда эди. Набираларим ҳам ўша ерда эди. Улар билан ўйнайман”,- деб эслаяпти Қобилбек Каримбеков.

Шу ўринда Искандар Салаевнинг 2008 йил 17 январда Ўзтелерадиокомпания раиси Алишер Хўжаев номига Қобилбек Каримбеков устидан ёзилган шикоятномасидан бир бандни ўқиймиз:

“Куёв бўлмиш Қ.Каримбеков маст ҳолда келиб, аёлларни беҳаёларча ўйинга судраб, шилқимлик қилиб, уларнинг эрлари, акаларининг ғашига тегиб, жанжал чиқаришга уринди. Бу судга тақдим этилган тўй видеокассетасида яққол кўриниб турибди. Қизлари Барно ва Доноларнинг бели ва кўкракларидан ушлаб, ваҳшийларча муносабатда бўлганида, чидай олмаган катта божаси Неъматилла ака қизларини унинг чангалидан қутқаришга мажбур бўлди. Шунда ҳам у бошқа аёлларга нисбатан шилқимликни давом эттираверди”.

Демак, вазият Искандар Салаевнинг талқинида шундай бўлган.

Қобилбек Каримбеков эса худди ўша вазиятни мана бундай эслайди:

“Набираларимни осмонга отиб ўйнайман. Табиийки, ўша тўйга келган бизнинг қизимиз тенгилар қизларимизни ҳам қучоқлаб, ўйнаб, хурсандчилик бўлади. Шу ҳолатда бу тахминан 15-20 минут давом этади. Шунда биз катта божамизнинг Барно ва Доно исмли қизини ҳам белидан қучоқлаб рақсга тушамиз. Тоза кўнгил билан. Ўзимнинг қизларимни ҳам қучоқлаб ўйнайман. Фарҳод аканинг қизларини ҳам қучоқлаб ўйнайман. Бу табиий”.

Қобилбек Каримбеков учун табиий кўринган бу ҳолат Барно ва Доноларнинг отаси Неъматилла акага, Неъматилла аканинг божаси, Каримбековнинг ҳам божаси Искандар Салаевга табиий бўлиб кўринмайди.

Лекин Салаевнинг аризаси мазмунига қараганда, улар тишни тишга қўяди. Боз устига, Каримбеков “жанжал чиқармоқчи бўлганида гандираклаб йиқилиб тушгач, хотини ва опа-сингиллари машинага босиб олиб кетган (Искандар Салаевнинг аризасидан)”.

Бироқ Қобилбек Каримбековнинг талқинида воқеа ривожи мана бундай:

“Шунда ҳалиги катта божа Неъматилла Толипов келиб: “Қобилбек, шу қизларнинг белидан қўлингизни олиб ўйнанг”, деган маънода ва ҳатто: “Ўйнагиси келмаса, шуларни мажбурламанг”, деган гапни айтди. Яхши гапирди у одам”.

Каримбеков қўлини қизларнинг белидан олади-ю, жаҳли чиқади:

“Шошма, 50дан ошган бўлсам, мени бузуқ бир аҳмоқ, деб ўйлаяптими? Кейин бордим. Ўша Искандар Салаевларнинг столи ëнида ўтирган эдим. Бориб: “Неъматилла ака, бир минутга шундай ташқарига чиқайлик”, дедим.

Икки божа ташқарига чиқди ҳам.

“Энди асосий жойи. Ташқарига чиққан пайтимизда Искандар Салаев бутун “армия”си билан, яъни куëви, ўғиллари, ўзи тайëр бўлиб орқадан чиқиб келди. Кейин мен бу ерда асабий гаплашдим. Неъматилла ака, сиз нима, мени бузуқ, деб ўйлаяпсизми, хотинбоз, деб ўйлаяпсизми, дедим. Қизларингизга нисбатан мен нима, ж...лик қиляпманми, дедим. Сиз нимага энди менга бунақа қиляпсиз? Мен терговда ҳам айтганман, гапимиз 30-40 секундга бормади. Шу заҳотиëқ Искандарнинг куëви Ҳайдар Мадаминов, ўша муттаҳам Мадаминов тўсатдан ўнг қошимнинг устига жуда кучли зарба берди. Кетма-кет 2-3 та зарба тушди. Кейин бошимга, бўйнимга”.

Қобилбек Каримбеков егани ҳар бир муштни биттама-битта санаб берди.

Оқибат эса мана бу бўлди. Қобилбек Каримбековнинг Тошкент ахборот технологиялари университети ректори, профессор Содиқжон Қосимов номига Ҳайдар Мадаминов устидан ёзган шикоят аризасида, жумладан, мана бундай дейилган:

“Ҳ.Мадаминовнинг менга берган мушт зарбалари оқибатида менга қуйидаги оғир тан жароҳатлари етказилди. 1. Бош мия чайқалиши. 2. Ўнг кўз гематомаси. 3. Бош қисмим ўнг томонида бешта ёрилган жой пайдо бўлиши. 4. Ўнг қўл бош бармоғимнинг синиши.

Бироқ Искандар Салаев аризасига кўра эса муштлашув бўлмаган, яъни Каримбеков “жанжал чиқармоқчи бўлганида гандираклаб йиқилиб тушгач, хотини ва опа-сингиллари машинага босиб олиб кетган”.

Айнан шу сафар аслида нима бўлганини биз билмаймиз.

Балки гувоҳлар билар? Қобилбековнинг қайиноғаси – Фарҳод Бобожоновнинг турмуш ўртоғи Шоира опага мурожаат қиламиз.

Озодлик: Шоира опа, сиз Қобилбек Каримбековни божаси Искандар Салаев ўғиллари билан калтаклаганини кўрганмисиз?

Шоира опа: Мен кўрмаганман. Мен ичкарида меҳмонларни кутиш билан овора эдим. Фарҳод ака ҳам ичкарида меҳмонлар билан овора эдилар. Бунинг тепасида биз бўлмаганмиз. Шунақа тўполон бўлди, деб эшитдик. Чиққанимизда ҳамма нарса босди-босди бўлиб кетган эди. Бу ерда тушунмовчилик бўлган. Бир-бирларини тушунмай қолишган.

Шоира опагаям қийин. Унисиям куёв, бунисиям куёв.

Лекин судга қийин эмас. Тошкент шаҳри Миробод тумани суди Қобилбек Каримбековнинг даъво аризасини кўриб чиқиб, 2008 йилнинг 28 февралида ҳукм чиқарди. Искандар Салаев, Ҳайдар Мадаминов ва Суҳроб Салаевни айбдор, деб топди ва амнистия тўғрисидаги қонунга асосан озод қилиб юборди.

Яна жанжал бўлган кунга қайтамиз.

“Калтакланганимдан сўнг,- дейди Қобилбек Каримбеков,- ўша куни кечаси, яъни 16 июнь шанба куни тахминан 23.30да Миробод тумани ички ишларига бориб, ариза билан мурожаат қилдим”.

Қўлимизда Миробод тумани ички ишлар бўлими ТИБ бошлиғи подполковник Мираҳмедовнинг 2008 йил 21 февралда ёзган маълумотномаси бор.

Унда айтилишича, Қобилбек Каримбековнинг калтаклангани тўғрисидаги ариза милицияга 16 июнь куни соат 17ларда келиб тушган ва ф-2 китобида 1415 рақами билан рўйхатдан ўтказилган.

Яъни Қобилбек Каримбеков калтаклангани тўғрисидаги аризани калтакланишидан камида 4 соат олдин ёзган бўлиб чиқяпти.

Подполковник Мираҳмедов билан боғланишга ҳожат бўлмади. Қобилбек Каримбековнинг маълумотномадан хабари бор экан:

“Бундан хабарим бор. Суд жараëнида, албатта, бундай сохта ҳужжатларга эътибор берилмади. Бу адвокат Маҳкамовнинг ўзи тайëрлаган сохта ҳужжати. Аниқроғи, ўша ерда Азим Пиров деган капитан бор. Ўшани кўндиришган. У ҳам хоразмлик, Салаевлар ҳам хоразмлик, бир амаллаб кўндиришган. Бу адвокат Маҳкамовнинг фитнаси. У Пировни кўндирган”.

Қобилбек Каримбеков айтаётган Мансур Маҳкамов - Искандар Салаевнинг адвокати билан ҳам гаплашдик.

Озодлик: Худди шу маълумотнома бўйича мен Каримбеков билан гаплашганман. “Милицияда таниши ишлар экан. Ўша таниши ëлғон маълумотнома ëзиб берган”, деяпти. Сиз уларга ҳеч қанақа босим ўтказганингиз йўқми?

Мансур Маҳкамов: Милицияга босим ўтказиб бўларканми ўзи? Милицияга хат билан мурожаат қиласиз, хат билан жавоб берилади. Ким жавоб берганини кўрмайсиз ҳам, билмайсиз ҳам. Фақат жавоб хати келгандан кейин ўқиб кейин биласиз.

Бироқ, шунга қарамай, Қобилбек Каримбеков милицияга шахсан бориб бошқа маълумотнома ололган:

“Кейин мен 25 март куни қизиқиб бордим. Ўша бошлиқ Мираҳмедов билан бирга навбатчи қисмга кирдик. Навбатчи қисмга кирганимизда ҳалиги капитан Пиров қўрқиб кетди. “Э, кечирасиз, бу одам кечаси 23.30да келган эди”, деди. “Журнални оч”, деди. Журналда ëзиб қўйибди: “Каримбеков 16 июн шанба куни кечаси 23.30ларда божасининг ўғилларидан калтак еб мурожаат қилган”. Капитан Пиров кечирим сўради. “Мен адашиб кетибман. Адвокат Маҳкамовга нотўғри қоғоз бериб юборибман”, деди. Менда ҳужжатнинг янгиси бор. 25 март куни Миробод тумани ички ишларни бошлиғи Мираҳмедов тасдиқлаган ҳужжат бор”.

Ана шунақа гаплар.

Тугай деб қолди.

Тўғриси, фақат Каримбеков гапириб, иккинчи томон гапиришга қўрққани учун бу мавзуни ташлаб қўйган, ҳатто апелляция суди натижаларига ҳам қизиқмаган эдик.

13 июнь куни адвокат Мансур Маҳкамов кутилмаганда гапиришга рози бўлди. Унинг айтишича, Салаевларнинг апелляция аризаси апрелдаёқ кўриб чиқилган ва биринчи инстанция суди қарори бекор қилиниб, иш қайта кўриб чиқиш учун қайтарилган, яъни Салаевларнинг шикояти қаноатлантирилди.

Озодлик: Энди суд қачон бўлади?

Мансур Маҳкамов: Процесс энди бошланди. Худо хоҳласа, 16 июнь куни бўлади.

16 июнь куни Шукуржон ая Нурматованинг жанжал чиққан юбилейи бўлиб ўтганига роппа-роса бир йил тўлади.

Эшиттиришимизни анъанавий ўзбекча руҳда якунламоқчимиз. Қобилбек Каримбековнинг ҳам, Искандар Салаевнинг ҳам келинойиси Шоира опадан сўраган эдик.

Озодлик: Мана, ўша хонадон келини сифатида сизга Қобилбек ака ҳам почча, Искандар ака ҳам почча.

Шоира опа: Иккалови ҳам куëвимиз.

Озодлик: Куëвлардан қайси бир ҳақроқ?

Шоира опа: Ўзи авваламбор қариндош-уруғ орасида бунақа нарсанинг бўлиши жуда беодоблик. Лекин қариндош-уруғчиликда кечиримли бўлиш керак. Қариндош-уруғчиликда бир-бирига қўл кўтариш жуда ëмон нарса.

Етти ëт бегоналар орасида ҳам, демоқчимиз ўзимиздан.
XS
SM
MD
LG