Линклар

logo-print

Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади

  • Замира Шукур

Булка нонни тополмаëтган оддий ўзбекистонликлар учун ëғлиқ патирга етиш орзуга айланмоқда.

Булка нонни тополмаëтган оддий ўзбекистонликлар учун ëғлиқ патирга етиш орзуга айланмоқда.

Ўзбекистонда бир неча ойдан бери маҳаллий аҳолининг хавотирларига сабаб бўлаётган ун ва гуруч тақчиллиги кутилаётган эди. 9 июнь куни Тошкентда ана шу ҳол юз берди. Шу куни кечки соат 19лардан кейин нон ва озиқ-овқат дўконларига нормадаги булка нон чиқарилмади. Оқибатда пештахталар бутунлай бўшаб қолди.

Аҳолининг кундалик эҳтиёжи бўлган булка ноннинг бирор дўконда йўқлиги шундоқ ҳам асаблари таранг маҳаллий халқ вакилларининг қаттиқ норозилигига ва ҳатто баъзи дўконларда мижозлар ва сотувчиларнинг жанжалларига сабаб бўлди.

Булка нон тақчиллиги маҳаллий новвойлар ёпаётган нонлар нархининг икки баравар ошишига сабаб бўлди. Бир неча соат олдин 300 сўм сотилган новвой нон нархи 500 сўмга, 400 сўмлик нон 700 сўмга, 500 сўмлиги 1000 сўмгача кўтарилди. Қолаверса, бутун аҳоли оғзида эртага нон бутунлай бўлмасмиш, ун нархи ҳаддан ортиқ ошиб кетармиш, деган ваҳима пайдо бўлди.

Нон дўконлари сотувчилари ноннинг кутилмаганда танқис бўлиб қолишини ун нархининг кўтарилгани ва шунинг эвазига ўша куни тушдан кейин цехларда булка нонлар пиширилмагани билан изоҳлади.

Норасмий маълумотларга кўра, 1 кг Қозоғистон уни 1300 сўмдан 1400 сўмга кўтарилиши мумкин. Бир неча лаҳзада тўпланган оломон уннинг ҳали яна бир неча баравар ошишидан қаттиқ ташвишга тушди, бунинг устига озиқ-овқат дўконлари сотувчилари тўпланганларга яқин орада шакар ва ёғнинг ҳам бир неча сўмга ошиши аниқ экани ҳақидаги маълумотни етказиб, уларнинг ваҳималарини янада оширишди.

Ўзбекистонликлар бир неча соат ичида нон ва ун билан содир бўлган бу воқеадан қаттик норози бўлмоқда. Уларнинг фикрича, аҳолининг энг қашшоқ қатлами учун зарур кундалик эҳтиёж маҳсулотлари - ун, шакар ва ёғ нархи нима сабабдан ошаётгани юзасидан ҳукумат тушунтириш ёки изоҳ бериши шарт.
XS
SM
MD
LG