Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:31

Нарх ошяпти, ҳукумат эса миқ этмайди


Ўзбекистон бозорларида ҳаëт давом этмоқда.
Ўзбекистон бозорларида ҳаëт давом этмоқда.

Ўзбекистонда кейинги ойларда озиқ-овқат нархининг кескин ошиб кетиши кузатилаётир. Бунинг устига, мамлакатнинг турли ҳудудларида сув муаммоси юзага келгани ҳақида маълумотлар бор.

Айни шароитда аҳолининг иқтисодий ночорликда яшаётган камбағал қатлами қандай кун кечиряпти?

Хоразм вилоятининг Питнак шаҳрида яшовчи нафақахўр Болтабой Бобожоновнинг айтишича, озиқ-овқат нархининг ошиши давом этса, аҳоли мушкул вазиятларга тушиб қолиши мумкин.

“Нарх-наво ошиб кетди. Халқнинг яшаш шароити жуда оғир. Айниқса, нафақахўрларга. Бизнинг девонадан фарқимиз қолмади. Тирикчилик қилиш жуда оғир бўлиб қолди. 1 кг гуруч 1500 сўм, 1 кг ëғ 2700 сўм, 1 кг буғдой 1200 сўм. Қандай замон бўлди бу? Яшаш қандай бўлади?”- дея куйинади Б.Бобожонов

Самарқандлик суҳбатдош Комилжон Ашуров Хоразмдаги аҳвол Самарқандда ҳам кузатилаётганини айтди.

Унинг билдиришича, ҳозир Самарқандда шакар 1400 сўм, мол гўшти 6500 сўм. Кўпчилик қозонида ҳафтасига бир марта гўшт кўрса ҳам қувонадиган даражада. Қозони ойлаб гўшт кўрмайдиган оилалар ҳам бор.

Қаршилик Нодир Аҳадов Қашқадарёдаги аҳвол ҳам қувонарли эмаслигини айтди.

“Ўзбекистон ўтган йили 6 миллион 200 минг тонна - рекорд даражада буғдой йиғиштириб олди. Жасорат, ғалаба медалларини тарқатиб ташлади. Натижа қандай? Дўконда 1 кг ун йўқ. Ҳатто отлиққа ҳам йўқ. 1 кг гуруч 2300-2500 сўм. Нархлар кўтарилиб кетган. Мол гўштининг 1 килограмми 6000 сўм. Аҳолининг 99 фоизи ночор аҳволда қолган”,- деди Н.Аҳадов.

Айни пайтда кузатилаётган озиқ-овқат нархи кузга бориб янада қимматлаши тахмин қилинмоқда. Бунга сув тақчиллиги сабаб қилиб кўрсатиляпти. Мамлакатда кузатилаётган сув муаммоси 2001- 2002 йиллардаги қурғоқчиликни эсга солади. Аҳоли томорқа ва боғларни суғоришга сув камлиги ва бунинг натижасида деҳқончилик маҳсулотлари кам етиштирилишидан ташвишда.

Айни кунларда дунё жамоатчилиги жаҳоннинг турли мамлакатларида озиқ-овқат бўҳрони юзага келаётганидан хавотир билдираётир. Ўзбекистон ҳам айни давлатлар сафига киритилган. Аксарият давлатларда бу ҳолатнинг олдини олишга ҳаракатлар бошлаб юборилди.

Масалан, Қирғизистон ҳукумати мамлакатни озиқ-овқат бўҳронидан сақлаб қолиш, инфляциянинг олдини олиш мақсадида нарх-наволарни музлатиш, солиқларни камайтириш чораларини кўра бошлади. Қирғизистон Миллий банки эса октябрь ойигача ўзгармас ва ягона доллар курсини эълон қилди.
Хўш Ўзбекистонда бу борада нима ишлар қилинаётир?

“Йўқ, ҳеч қандай бир гап бўлгани йўқ. Режалаштиргани ҳам йўқ ва қилмоқчи ҳам эмас, бундан кейин қилмайди ҳам. Бу олишга ўрганиб қолган. Беришга эмас. У бермайди. Умид ҳам қилиб ўтирмаслик керак. Аҳолининг ярми қирилиб кетса ҳам бермайди бу нарсани. Ҳаммаси қирилиб кетса ҳам бермайди”,- дейди бир суҳбатдош куйиниб.

“Ўздонмаҳсулот” давлат акционерлик компанияси ғаллачилик бошқармаси ходими Содиқ Умаров Ўзбекистонда дон захиралари етарли экани ва мамлакатда озиқ-овқат бўҳрони кузатилмаслигини таъкидлади.

У бу йил мамлакат бўйича буғдой режаси қанчалиги тўғрисидаги саволга бу махфий маълумот эканини айтган бўлса-да, жорий йилда мамлакатда ғалла етарли бўлишини билдирди.

“Бизда озиқ-овқат бўҳрони, деган хавф йўқ. Аксинча, биз ҳар йили ғалламизни экспорт қиляпмиз-ку”,- деди С.Умаров.
XS
SM
MD
LG