Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:18

Ёз ўтмоқда созми?


Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида муздек сувга бир шўнғиб олишга не етсин? Бу ҳамманинг орзуси, айниқса, болажонларнинг жону дили. Дарёлари бор қишлоқларга маза. Лекин шаҳарликларга бассейн, чўмилиш ҳавзалари керак.

Шу ўринда Тошкентдаги бассейнларга бир назар ташлашга ҳаракат қилдик. Бассейн дегани тўпланиб турган сув, ҳамма ҳам унда чўмилади, соғ одам ҳам, хаста одам ҳам. Ўзингиздан қолар гап йўқ, саломатлик биринчи ўринда. Фақат бу ҳақда сал кейинроқ, ҳозир эса Тошкентдаги бассейнлар нархини бир ўрганиб чиқсак. Айтишларича, жуда қиммат.

Тошкентдаги бир неча машҳур сув саройлари ҳамда бассейнлари бор спорт мажмуаларига қўнғироқ қилиб, чўмилишга бориш тартиби билан қизиқдик. Маълум бўлишича, пойтахтдаги қатор сув саройларида ёши катталарнинг бир соат чўмилиш нархи 4500-5000 сўмгача, болалар учун эса 2000-3500 сўмгачадир.

Рости гап, бугунги оладиган маошларимиз учун бу даҳшат. Оддий ўқитувчи агар икки фарзандини ҳар ҳафтада икки бор фақат чўмилишга юборса, оладиган маоши шунинг ўзига кетиб қоларкан. Тўғри, бу бассейнларга борадиганлар бор. Кимда кимнинг пули кўп бўлса. Майли, бир мартасига биз камбағалнинг боласи ҳам бора қолсин, дейлик. Армон бўлиб қолмасин-да, деймиз. Ҳимириб, чимириб пул санаб ҳам берамиз. Лекин боламиз бирор хил юқумли касалликка чалиниб қолмасин-да, деб хавотир қиламиз. Бу саволни шундай бассейнлар маъмурларидан бирига бердик.

Саволимизга бир оз ғаши келиброқ жавоб берган маъмурлардан бирининг айтишича, бассейнлар суви Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария-эпидемиология станциялари ходимлари томонидан доимо назорат қилинади.

Чўмилишга келганларнинг юқумли касалликларга чалинмагани ва уларнинг атрофдагилар саломатлигига хавф солмаслигини қандай текширасиз, деган саволимизга пойтахтдаги Митрофанов сув саройи маъмури одатда бир ойлик чўмилиш чипталари олган чўмилувчилардангина оилавий поликлиникалардан “оммавий ҳавзаларда сузишга рухсат бериш мумкин” қабилидаги маълумотнома талаб қилинишини билдирди. Бироқ исталган пайтда келиб кетувчилар чўмилиш соатлари учун белгиланган пулни тўлаб сарой хизматидан фойдаланиб кетавериши мумкин экан-да, деган саволимизни тинглаган маъмур индамай қўя қолди.

Мавзу юзасидан кузатишларимиз давомида ҳозирда баъзи сув саройларида талаб қилинадиган саломатлик ҳақидаги маълумотларни оилавий поликлиникалардан сотиб олиш ёки сув саройи маъмурларининг ўзлари билан келишилган ҳолда чўмилишга рухсат олиш мутлақо муаммо эмаслиги аён бўлди. Ўзбекистонда ёз мавсуми бошланиши билан турли ўткир юқумли ичак касалликлари хуруж қилиши, уларнинг мавсумий касалликларга айланиб қолиши ҳамда чўмилиш ҳавзаларининг хавфсизлиги таъминланмаслиги бундай касалликларнинг янада кўпроқ тарқалишига олиб келиши ҳақида шифокорлар доимо огоҳлантиради.

Биз масаланинг шу томони аҳоли учун нечоғли жиддий хавф солиши мумкинлиги ҳақида Тошкент шаҳри юқумли хасталиклар шифохонаси шифокорига мурожаат қилдик.

Ўз исми айтишни истамаган мутахассиснинг маълум қилишича, ҳимояланмаган, мижознинг саломатлиги кафолатланмаган ёпиқ сув ҳавзаларида чўмилиш оқибатида аҳоли, айниқса, болалар турли хил ўткир ичак хасталиклари, паразитар инфекциялар ва сийдик йўлларини зарарловчи шистасомоз хасталикларини юқтириши мумкин.

Унинг айтишича, кўп ҳолларда бундай беморларда касаллик дарҳол ўз белгиларини кўрсатмайди ва орадан бир қанча муддат ўтгач касаллик тезлик билан ривожланади. Бундай инфекцияларни юқтирган кўп беморларни ҳатто жонлантириш бўлимларига жойлаштиришга тўғри келади.

Шифокорнинг сўзларига кўра, ёпиқ сув саройларидаги маъмурлар шахсий манфаатларидан кўра, сарой сувининг тозалиги ва ҳар бир чўмилувчининг саломатлигини кафолатлаши лозим.
XS
SM
MD
LG