Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:14

Тожикистонни “Тетис” қутқарадими?


“Тетис петролиум ЛТД” Канада-АҚШ ширкати Тожикистон жанубидаги бешта истиқболли газ конини ўзлаштириш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ширкат ҳозиргача мамлакатга 25 миллион доллар сармоя киритди.

Тожикистон энергетика ва саноат вазири Шерали Гулнинг айтишича, эришилган шартнома асосида “Тетис”, аввало, Хатлон вилоятидаги “Хожа Сартез” ва “Балжувон” нефть ва газ конларини тиклайди ҳамда мамлакат жанубидаги янги конларда геологик тадқиқотлар ўтказади. Ширкат Тожикистондаги 56 та истиқболли майдонда ишлайди. Улар орасида умумий захираси 1,5 триллион куб метрга тенг бешта газ кони ҳам бор.

Вазир мамлакатдаги нефть ва газ захиралари 6 минг метр чуқурликда бўлиб, хорижий саромоядорлар кўмагисиз уларни ўзлаштириш ўта мушкул эканига эътибор қаратди.

“Тетис петролиум ЛТД” раҳбари Дэвид Робсоннинг таъкидлашича, шартномага кўра, қазиб олинган нефть ва газнинг 70 фоизига мазкур ширкат, 30 фоизига эса Тожикистон эгалик қилади.

“Бу ишлар учун зарур сармоянинг 100 фоизи бизнинг ҳисобимиздан бўлади. Биз таваккал қилган ҳолда иш кўряпмиз. Агар ишларимиз муваффаққиятли якунланиб, биз маҳсулот топсак, Тожикистон ҳукумати ўзлаштирилган нефть ва газ маҳсулотининг 30 фоизига эга бўлади. Аммо омадимиз юришмаса-ю, маҳсулотни топа олмасак, начора”,- деди Дэвид Робсон.

Тожикистон энергетика ва саноат вазири ўринбосари Садридин Файзуллоев “Тетис” нефть ва газ захираларини ўзлаштириш учун мамлакатга замонавий техника келтирганини ва жорий йил сўнггига қадар мамлакат жанубидаги бир неча нефть ва газ конларини ўзлаштириш саноат корхоналари ва аҳолини маҳаллий газ билан таъминлаши мумкинлигини таъкидлади.

“Мамлакатдаги саноат корхоналарининг ҳаммаси ҳозир қўшни Ўзбекистондан сотиб олинаётган табиий газ билан ишламоқда. Табиий газдаги узилишлар туфайли бу корхоналар қатор муаммоларга дуч келмоқда. Аммо яқин келажакда “Тетис” ширкати саноат корхоналарини бу қийинчиликлар гирдобидан чиқаради, деган умиддамиз”,- деди вазир ўринбосари.

Маълумотларга кўра, Тожикистонда табиий газ захираларининг умумий миқдори 3 триллион куб метрдир.
XS
SM
MD
LG