Линклар

logo-print

Сув тақчиллиги Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини барбод қилади

  • Абдулла Искандар

Марказий Осиёдаги сув танқислиги Ўзбекистонда пахта етиштириш истиқболини xатар остига қўймоқда. “Оқ олтин”ни ишлаб чиқариш учун сариқ олтин сарф қилинмоқда.

Пахта Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятли маҳсулот сифатида кўрилади.

“Ўзбекистонга улкан пахта плантацияси каби қараш совет давридан қолган меросдир ва Ўзбекистон пахта монокультураси муаммосини ҳал қилиш учун бугун бош қотирмаса, эртага кеч бўлади”,- дейди “Озодлик” билан суҳбатда таҳлилчи Малик Абдураззоқов.

Таҳлилчи фикрича, кейинги пайтда дунëда зоҳир бўлган беш омил Ўзбекистонда пахта етиштиришни самарасиз соҳага айлантириши мумкин.

Биринчи омил, МОда сув танқислиги: пахта жуда ҳам сувсевар, намсевар ўсимлик.

Иккинчи омил, ëнилғи нарxлари ошиши: пахтага техника ишлатиш керак ва техника талаб қиладиган солярка нархи ошиб кетди.

Учинчи омил, минерал ўғитлар нархи ошгани: пахтага жуда кўп минерал ўғит керак. У эса борган сари қимматлашиб кетмоқда.

Тўртинчи омил, қўшни давлатларнинг номувофиқ агрогидро сиëсати: масалан, Тожикистон биргина Зарафшон дарёсида ГЭСлар қурса, Самарқанд, Бухоро, Жиззах сувсиз қолади.

Ниҳоят бешинчи омил, ер маҳсулдорлиги камайгани.

Малик Абдураззоқов булар ичида сув муаммоси энг долзарб эканини таъкидлади.

“Тоғлардаги музлар эрияпти. Бу эса мавжуд чучук сув захираларини камайтирмоқда. Пахта суғориш эса шу сувнинг ҳам янада исроф бўлишига олиб келяпти. Бундан ташқари, совет даврида қурилган сув иншоотларининг ҳам салбий оқибатлари билинмоқда. Масалан, Туркманистондаги катта каналнинг салбий таъсири Ўзбекистон ва Афғонистон шимоли, Қозоғистон ва Туркманистонда билиняпти”,- дейди М.Абдураззоқов.

Унинг сўзларига кўра, бундан беш йил олдин Бўҳронларни ўрганиш гуруҳи ҳозирлаган ҳужжатда Ўзбекистон бугун дуч келаëтган сув муаммолари ҳақида қаттиқ хавотир бўлган. Ҳужжатда сув камайса, қишлоқ хўжалиги инқирозга учраши ҳам башорат қилинган. Ўзбекистон ҳозирданоқ шу муаммо билан юзма-юз турибди.

Хўш, Ўзбекистон ҳукуматида сувни кўп истеъмол қиладиган пахта ўрнига бошқа экин экиш ҳақида бирор дастур борми?

Ўзбекистон Иқтисод вазирлиги бошқарма бошлиғи Соҳиб Соипназаровнинг “Озодлик”ка билдиришича, бундай дастур мавжуд. Бу дастур пахта билан боғлиқ бўлмаган соҳаларни ривожлантиришга қаратилган.

Бироқ вазирлик ходими дастур билан боғлиқ тафсилотлар ҳақида гапиришни истамади.

М.Абдураззоқов фикрича, Ўзбекистон ҳукумати совет пайтида шаклланган ва кундан-кунга самарасиз бўлиб бораëтган монокультура сиëсатидан воз кечсагина бирор натижа чиқиши мумкин.

“Қишлоқ хўжалигида ўзгартириш қилиш керак. Ўсимликларни алмаштириш керак. Оқ жўхорими, кунгабоқарми экиш керак. Бошқа мамлакатлардан сув кам ичадиган, фойда олиб келадиган ўсимликларни қидириш керак. Шундай бўлиши мумкинки, молга ем бўлиши мумкин, ундан ун, ëғ олиш мумкин. Яқинда кўргазма бўлди. Битта ҳам сувни тежаш бўйича технология йўқ. Хитойдан келтирилган турли хил технологиялар. Унинг нима кераги бор? Бу керак эмас Ўзбекистонга. Ўзбекистонга биринчи навбатда сувни тежаш технологиялари керак”,- деди таҳлилчи.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон йилига 3 миллион 700 минг тонна пахта етиштиради. Экспорт қилинадиган пахта толаси ҳажми бир миллион тонна. Ўзбекистон пахта толаси сотувидан йилига бир миллиард доллар фойда олади.
XS
SM
MD
LG