Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:10

Россияда андижонлик қочқин ҳибсга олинди


Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган, 2005 йилги Андижон воқеаларида иштирок этганликда айбланаётган Абдумуталиб Каримов Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин.

44 ёшли А.Каримов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Жиноят кодексининг конституциявий тузумга тажовуз қилиш, террорчилик каби жами еттита моддаси бўйича айбланган ва унга халқаро қидирув эълон қилинган эди.

11 июнь куни қўлга олинган А.Каримов ҳозир Россиянинг Марий Эл республикаси маркази Йошкар–Ола шаҳри тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Суд уни бир ойгача қамоқда сақлашга рухсат берган.

Унинг Россияда яшаётган акаси Абдуҳафиз Каримов укаси Андижон воқеаларига алоқадорлигини кескин рад этди.

“Укам митингда қатнашган бўлиши мумкин, лекин қўлига қурол олиб бировни отмаган. У қочқинлар билан бирга Қирғизистонга қочиб ўтиб, кейин менинг олдимга келган эди. У Андижон воқеаларининг гувоҳи бўлган, холос”,- деди Абдуҳафиз Каримов.

Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманидаги Ойим қишлоғида яшаган 44 ёшли Абдумуталиб Каримов бир ўғил ва бир қизнинг отаси. У Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондан қочиб чиққач, Росссияда яшаётган акасининг олдига келган ва ўша ерда мардикорлик орқасидан тирикчилигини ўтказиб келган. Жорий йил бошида сиёсий қочқин мақоми берилишни сўраб, халқаро ташкилотларга мурожаат қилган.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев Абдумуталиб Каримов билан боғлиқ ҳолатни кузатиб келяпти.

“Ўзбекистон ҳукумати уни Андижон воқеаларида айблаб қидирувга берган экан. Мен у билан шахсан ўзим кўришиб гаплашганман. Унинг оддий магазини бўлган. Шу магазинига озиқ-овқат олиб бориш мақсадида Андижон шаҳрига келган. Ўзбекистон ҳукумати норозиликка чиққан одамларга ўқ отгандан кейин ўз жонини сақлаб қолиш мақсадида халқ билан бирга чиқиб кетган”,- дейди Б.Ҳамроев.

Россиядаги марказий осиёлик сиёсий қочқинлар билан ишлаш дастури раҳбари Елена Рябинина А.Каримовнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинишидан хавотир билдиради.

Унинг таъкидича, сиёсий ва диний мотивлар билан айбланаётган шахсларни, биринчи навбатда, андижонликларни Ўзбекистонга бермаслик керак. Агар бирор шахс устидан жиноят иши очилиб, уни мамлакатига қайтариш сўралган тақдирда ҳам қўлга олинган шахсни Ўзбекистонга бериб юбориш мумкин эмас. Бу мамлакатда судлар мустақил эмаслиги ва тергов жараёнида тақиқланган усуллардан фойдаланилиши барчага маълум. Агар шахс жавобгар бўлса, уни Ўзбекистонга бермасдан, қўлга олинган мамлакатда суд қилиш лозим.

Сўнгги икки йил ичида МДҲ мамлакатларидан Ўзбекистонга яширинча ёки ошкора экстрадиция қилинган фуқаролар сони юздан ошган. Уларнинг деярли ҳаммаси диний ва сиёсий мотивларда айбланаётган фуқаролардир.
XS
SM
MD
LG