Линклар

“Жаҳолат чангалида” такрор намойиш этилди


Ўзбекистон телевидениеси насроний миссионерларни қораловчи “Жаҳолат чангалида” ҳужжатли фильмини илк намойишидан роппа-роса бир ўтиб такроран намойиш қилди. Маҳалий газета ва радиолар орқали ҳам диний озчилик вакилларига қарши тоқатсизлик кампанияси олиб борилаётгани таъкидланмоқда.

“Жаҳолат чангалида” ҳужжатли фильмида “Иегова гувоҳлари”, “Тўлиқ инжил черкови” ва “Фаровонлик” каби оқимларнинг миссионерлик фаолияти диний ақидапарастлик, терроризм ва наркомания каби глобал муаммолардан бирига айлангани ҳақида гапирилади.

Ушбу фильм Ўзбекистон телевидениеси орқали илк бор 15 май куни намойиш қилинганди. Орадан роппа-роса бир ой вақт ўтиб, 15 июнь куни фильм такроран намойиш қилинди.

Диний эркинликларни ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган “Форум 18” ташкилоти вакили Феликс Корли Ўзбекистондаги ушбу ҳолатлардан хавотир билдирди.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари орқали диний озчилик вакиллари ва миссионерларга қарши жиддий кураш кампанияси олиб борилмоқда.

Маҳаллий газета ва радио орқали ҳам худди шу мазмундаги мақола ва эшиттиришлар берилди. Жумладан, 6 июнь куни “Халқ сўзи” газетасида ва «Ўзбекистон» радиоканали орқали ҳам «Иегова гувоҳлари» танқид остига олинди.

Ўзбекистонлик имомлар ҳам насроний динининг турли оқимларига мансуб миссионерлар ўзбекистонликларни Ислом динидан чиқариб олаётгани ўта ташвишли ҳол эканини таъкидлайди.

“Жаҳолат чангалида” фильми иштирокчиларидан бири, Тошкент Ислом университети аспиранти Жасур Нажмиддинов “Озодлик” билан суҳбатда миссонерликнинг Ўзбекистон учун хавфли эканини гапириб, унинг долзарблиги терроризм ва наркомания муаммоларидан қолишмаслигини айтди.

«Миссионерлик Европа мамлакатлари учун таҳдид бўлмаслиги мумкин. Чунки Европада одамлар анъанавий христиан динига эътиқод қилади. Улар ўз эътиқодини ўзи билади. Хоҳласа бошқа сектага ҳам аъзо бўлиши мумкин. Ўзбекистон умуман бошқа дунë. Бу анъанавий ислом юрти. Бу ерда аҳолининг 90 фозини мусулмонлар ташкил қилади. Миссионерларнинг бу ëққа кириб келиши жамиятни парокандаликка олиб келиши мумкин»,- деди Ж.Нажмиддинов.

Феликс Корли эса Ўзбекистондай эркин бўлмаган давлатда миссионерларга қарши курашнинг таҳликали оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлигини билдирди.

Унинг таъкидича, Ўзбекистон ТВ орқали “Жаҳолат чангалида” фильми илк бор намойиш қилинган кундан бошлаб диний озчилик вакилларига босимлар кучайган. Фильм намойишидан уч кун ўтиб, Гулистонда милиция ходимлари ва маҳалла оқсоқоллари баптистлар йиғилишига келиб уларга тазйиқ ўтказган.

Қорақалпоғистонлик Тоҳир исмли насроний йигит ҳам айни пайтда уларга нисбатан таҳдидлар давом этаётганини тасдиқлади.

«Секин-секин милицияга чақиришяпти. Суд қилиб жарима ундиришяпти. Рўйхатдан ўтмаган бўлганлиги учун ноқонуний, деб ушлашаëтган экан. Менга йил бошида прокурор уйингга қариндош-уруғларингни чақирувчи бўлма, деб айтганди»,- дейди Тоҳир.

Ўзбекистон ТВда намойиш қилинган «Жаҳолат чангалида» фильмида миссионерлар Украинадаги “зарғалдоқ инқилоб”да айбдор топилган. Ўзбекистонлик диншунослар эса миссионерларнинг Андижон воқеаларига ҳам алоқадор бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.
XS
SM
MD
LG