Линклар

logo-print

Тожикистон ўзини маҳаллий табиий газ билан таъминлашига ишонади

  • Гулнора Равшан

Сўнгги вақтларда Тожикистон ўзини ўзи табиий газ билан таъминлаш мақсадини амалга оширишга қаттиқ киришди. Шу мақсадда ҳукумат Россиянинг “Газпром”, куни-кеча эса “Тетис петролиум ЛТД” Канада-АҚШ ширкати билан шартномалар имзолади.

Тожикистонлик ва хорижий экспертлар тарқатган маълумотларга кўра, Тожикистондаги газ захиралари 3 триллион куб метрни ташкил этади.

Айни пайтда Тожикистон саноат корхоналари ва аҳоли эҳтиёжи учун табиий газни қўшниси Ўзбекистондан сотиб олади. Улар ўртасидаги шартнома Тожикистоннинг йиллик эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда имзоланади. Аммо жорий йилда Ўзбекистон газ нархини жаҳон нархларига мослаштиришини эълон қилди ва Тожикистон учун ҳар минг куб метр газ учун 145 доллар нарх белгилади. Натижада аввалига 2008 йил учун 900 миллион куб метр газ харид қилиш ниятида бўлган Тожикистон ҳукумати охир-оқибат 650 миллион куб метр газ учун шартнома имзолади. Бунинг оқибатида импорт қилинган табиий газ Тожикистон аҳолиси эҳтиёжини қондира олмади.

Қаҳратон қишни газсиз ва чироқсиз ўтказган тожикистонликлар эса ёзнинг иссиқ кунларига етиб ҳам ҳамон табиий газ берилмаётганидан шикоят қилмоқда.

Муқаддамхон исмли суҳбатдош маҳаллий ҳокимият вакиллари баҳор бошларида ҳар хонадондан 70 сомоний ёки 20 доллардан ортиқроқ маблағ йиғиб кетганини, аммо ваъда қилинган газдан ҳамон дарак йўқлигини билдирди.

2006 йил “Газпром” билан газ қазиб чиқариш борасида илк бор шартнома имзолаган Тожикистон ҳукумати куни-кеча мамлакат жанубидаги газ конларини ўзлаштириш мақсадида “Тетис петролиум ЛТД” ширкати билан келишувга эришди. Бу ширкат ҳозирнинг ўзидаёқ Тожикистондаги газ конларини ўзлаштириш учун 25 миллион доллар миқдорида сармоя ётқизди.

Тожикистон энергетика ва саноат вазири Шерали Гулнинг таъкидлашича, “Тетис”, аввало, Хатлон вилоятидаги “Хожа Сартез” ва “Балжувон” нефть ва газ конларини тиклайди ҳамда мамлакат жанубидаги янги конларда геологик тадқиқотлар ўтказади.

“Тожикистондаги газ конлари 6 минг метр чуқурликда бўлгани сабабли бу захираларни хорижий сармоядорлар маблағи ва техник кўмагисиз ўзлаштириш жуда қийин. Келишувга кўра, “Тетис”нинг тармоқ корхонаси бўлмиш “Kulob Petroleum Ltd” Тожикистоннинг 56 та истиқболли майдонида ишлаш ҳуқуқини олди. Улар орасида умумий захираси 1,5 триллион куб метрга тенг бўлган бешта газ кони мавжуд”,- деди вазир.

Шартномага кўра, конларни тадқиқ қилиш ва ўзлаштириш учун барча сармоя “Тетис” ҳисобидан бўлади. Қазиб олинадиган газнинг 70 фоизи “Тетис”, қолган 30 фоизи Тожикистон ихтиёрида қолади.

Мустақил таҳлилчи Давлат Усмон мазкур келишувлар Тожикистонга ўзини ўзи газ билан таъминлашга имкон беришини билдирди.

“Конларимиз жуда чуқурда жойлашгани, маҳаллий мутахассислар ва маблағ бўлмагани сабабли шу кунга қадар биз ўз газимизга эга бўла олмадик. “Тетис” ва “Газпром” эса замонавий техникага ҳам, катта маблағга ҳам эга. Улар билан эришилган келишув Тожикистонга табиий газ мустақиллигини бера олишига ишончим комил”,- деди Давлат Усмон.

“Тожикгаз” давлат унитар корхонасидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда Тожикистоннинг Ўзбекистон олдидаги табиий газдан қарзи 7,4 миллион долларни ташкил этади.
XS
SM
MD
LG