Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:48

Жаҳон банки Ўзбекистонга катта кредит бермоқда


Жаҳон банкининг Тошкентдаги ваколатхонаси тарқатган хабарга кўра, банкнинг ижроия директорлари бошқаруви Ўзбекистон ҳукуматига 67 миллион 960 минг АҚШ доллари миқдорида кредит беришга қарор қилган.

Бу маблағ мамлакат қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган. Кредит йиллик 0,75 фоиз устама билан 40 йил муддатга берилиши кўзда тутилган, шундан дастлабки 10 йили имтиёз даври ҳисобланади.

Бериладиган қарзни Ўзбекистон ҳукумати суғориш ва дренаж тизимларини янгилашга, еттита вилоятдаги жами 90 туманнинг фермер хўжаликлари ва агробизнес корхоналарини ривожлантиришга ишлатиши зарур.

Ушбу маблағга хўжаликлар ва корхоналар зарур қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналарини ишлатиши режалаштирилган. Ўзбекистон ҳукумати ўз ҳисобидан ушбу лойиҳага 6 миллион 800 минг АҚШ доллари сарфлайди.

Жаҳон банки Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш лойиҳасини 2001 йилдан бери молиялаб келмоқда. Илк маротаба банк жами миқдори 43 миллион 450 минг АҚШ долларига тенг лойиҳага 36 миллион доллар қарз берганди.

Шунингдек, Жаҳон банки бошқаруви Ўзбекистонга молиявий кўмаклашишнинг янги стратегиясини тасдиқлади. Унга кўра, 2008-2010 йиллар мобайнида банк Ўзбекистон ҳукуматига жами 300 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз берадиган бўлди.

Бу кредит ҳам йиллик 0,75 фоиз устама билан 40 йил муддатга берилиши кўзда тутилган, шундан дастлабки 10 йили имтиёз даври ҳисобланади. Янги стратегияга кўра, уч йил мобайнида ҳар йили 90-100 миллион долларлик лойиҳалар молияланади. Лойиҳалар суғориш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, коммунал хизматлар сифатини ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоялашга оиддир.

Ўзбекистон Жаҳон банкига 1995 йилда аъзо бўлганди. Ўшандан бери мамлакат ҳукумати мазкур кредит ташкилотидан 13 лойиҳа учун жами 654 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз олган.
XS
SM
MD
LG