Линклар

logo-print

Олимпиада машъаласи завқи уйғурларга таътимади

  • Ҳасанжон

Август ойида Пекинда ўтказиладиган Ёзги Олимпиада машъаласи дунё бўйлаб саёҳатини давом эттириб, ниҳоят 17 июнь куни Шарқий Туркистон, яъни ҳозир Хитой назоратида бўлган Шинжон-Уйғур мухтор туманига олиб келинди.

Олимпиада машъаласи эстафетаси Шинжон Уйғур пойтахти Урумчига етиб келишидан аввал шаҳарда хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Машъала кўтарган спортчи хавфсизлик ходимлари қуршовида шаҳар кўчалари бўйлаб югурди.

Бу тадбир белгиланган муддатдан бир ҳафта олдин ўтказилди. Бундай қарор қабул қилингани 15 июнь куни кутилмаганда эълон қилинди. Ҳукумат расмийлари аҳолини кўчага чиқмай, Олимпиада машъаласи эстафетасини уйда телевидение орқали кўришни тавсия қилди. Машъалани кўриш учун кўчага чиққанлар эса полиция ва хавфсизлик ходимларининг ўткир нигоҳида бўлди. Айни пайтда одамларнинг дарахтга чиқиши тақиқланди. Бундай чекловлардан кўпларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Аммо хитойликлар хавфсизликни таъминлаш биринчи масала, деган фикрда.

Олимпиада машъаласи Шинжон пойтахтига олиб келинишидан бир неча ой олдин Хитой хавфсизлик хизмати бу туманда кенг миқёсда амалиётлар ўтказди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг билдиришича, Пекин ҳукумати Олимпиада хавфсизлигини таъминлаш баҳонасида минглаб уйғурни ҳибсга олган, ундан ҳам кўп уйғурнинг паспорти олиб қўйилган. Бошқалар эса чет эллик журналистлар билан мулоқотда бўлмаслик ҳақида огоҳлантирилган ёки ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлаши ҳақидаги аризага имзо қўйишга мажбур қилинган. Буларнинг бари Хитой коммунистлари исканжасида қолаётган уйғурларни янада эзиш мақсадида қилинаётган чоралар экани айтилмоқда.

Шу йил бошида Пекин ҳукумати мустақил уйғур давлати қуришни мақсад қилган шинжонлик уйғур фаоли самолёт олиб қочишининг олди олинганини иддао қилган эди. Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва ташкилотлари бу Олимпиада хавфсизлигини таъминлаш баҳонасида мустақил уйғур давлати қуришни орзу қилган уйғурларни қатағон қилиш учун Хитой ҳукумати ўйлаб топган баҳона эканини таъкидлаб келмоқда.

“Хитой ҳукумати уйғурларнинг тинч фаолиятини ҳеч қачон тан олмайди. Хитой ҳукумати босимлар, қийноқлар, ҳибсга олишлар орқали Шарқий Туркистонда ҳар доим можаролар бўлишини хоҳлайди. Биз Хитой ҳукумати айбловларини қабул қилмаймиз”, – дейди Германияда фаолият юритаётган Дунё уйғур қурултойи вакили Тўлқин Иса.

Унинг фикрича, Хитой ҳукумати Олимпиада машъаласини Шинжонга олиб келиш орқали уйғурлар ва мусулмонлар ҳуқуқлари топталаётган Шарқий Туркистонда “сунъий равишда жамиятда уйғун муҳитни яратиш”га уринмоқда.

Хорижда сургунда яшаётган уйғур фаоллари Олимпиада машъаласи Шинжонга олиб келиниши керак бўлган аввал расман эълон қилинган кун, яъни 25 июнда Брюссель шаҳрида норозилик намойиши ўтказишни режалаштирганди. Унгача Олимпиада машъаласи март ойида Хитой ҳукуматига қарши оммавий норозилик намойишлар ўтказилган Шинжонга қўшни бўлган мазлум ўлка, яъни Тибетдан ҳам аллақачон олиб ўтилган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.
XS
SM
MD
LG