Линклар

Ичувчилардан ҳам “диний экстремистлар” ясаш мумкин


Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи сўнгги бир неча кун ичида Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳрида ўн бир фуқаро диний эсктремизмда айбланиб ҳибсга олинганини маълум қилди.

Ҳибсга олинганлар орасида 33 ёшли футболчи Нурали Кароматов ҳам бор. Унинг рафиқаси Ҳусния Искандарова эри диний экстремизмга алоқадорликда гумон қилинаётганини тасдиқлади.

“15 июнь куни бозордан олиб кетишди. Уни шаҳар милиция бўлимига қамаб қўйишди. Кейин 1 соат ичида уйга бориб тинтув қилишди. Лекин ҳеч нарса топа олишгани йўқ. “Ўзбекистон” босмахонасида босилган 2 та диний китоб топишди. Булар Ўзбекистонда сотиладиган китоблар. Кейин ўғлимнинг тўйи ёзилган кассетани олиб кетишди”,- деди Ҳусния Искандарова.

Адвокат Рустам Тўлаганов ўн бир фуқаронинг ҳибсга олинишини ноқонуний ҳисоблайди.

“Йигитлар 15 суткага майда безорилик билан айби ноҳақ қамалган. Уларга ҳали айблов қўйилмаган. Биттаси уйидан, биттаси ишхонасидан, биттаси бозордан хотинининг олдида олиб кетилган. Агар булар безорилик қилган бўлса, кимдир милицияга ариза ëзиб бериши керак. Кейин милиция материал тузади ва судга беради. Буларда унақа безорилик йўқ. Олдин булар ушланиб, уйидан олиб чиқиб кетиляпти. Кейин улар безорилик қилишининг ўзи кулгили. Бу ноқонуний хатти-ҳаракат бўлади. Прокурор милиция устидан чора кўриши керак эди. МХХ буларни бекитиб турибди. Шунинг учун ҳеч ким МХХга қарши юра олмаяпти”,- деди адвокат.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг “Озодлик”ка айтишича, қўлга олинган шаҳрисабзликларнинг барчаси Қирғизистондан экстрадиция қилинган Эркин Холиқовга жиноий шерикликда айбланмоқда.

“Шу йил май ойида Қирғизистондан экстрадиция қилинган қашқадарëлик Эркин Холиқовнинг жиноят ишини кенгайтириш мақсадида Қашқадарë МХХ ходимлари томонидан ҳибсга олишлар бошланди. 13 июндан бошлаб Шаҳрисабз шаҳридан бир нечта одам ҳибсга олинган”,- деди С.Икромов.

34 ёшли Эркин Холиқов ўтган йилнинг август ойида қирғиз милицияси томонидан қўлга олинган ва Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳри суди қарорига кўра, Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда ва қирғиз милицияси ходимлари ҳаётига тажовуз қилганликда айбланиб, тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Кейинчалик Ўзбекистон томонининг сўрови асосида Эркин Холиқов жорий йилнинг май ойида Қирғизистондан юртига экстрадиция қилинган.

Эркин Холиқов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан диний экстремистик ташкилотларга алоқадорликда айбланган.

Адвокат Рустам Тўлаганов ҳам ҳибсга олинган шаҳрисабзликлар Эркин Холиқовга шерикликда айбланаётганини тасдиқлади.

“Эркин Холиқовга қарши иш қўзғатилган. Лекин бу болаларнинг мазкур ишга ҳеч алоқаси йўқ. Булар намозхон эмас, ароқ ичадиган болалар. Диний экстремизмга умуман алоқаси йўқ. Маҳалла ҳам ижобий характеристика беряпти. Ҳокимиятнинг ҳам хабари бор. Бу МХХ босими билан бўляпти”,- деди адвокат.

Ҳусния Искандарова ҳам эрининг диний ташкилотларга алоқаси йўқлиги айтар экан: “Эрим Кароматов Нурали футболчи, Китоб жамоасида мураббий бўлиб ишлайди. Умуман намоз ўқимайди. Мана, ютган-ютқазган вақтлари ичади. Ушлаб кетилган куни ҳам ичган эди. Ўша куни милиция ходимларига: “Қонини текширинглар, у ичган”, деб айтдим”,- деди.

Шаҳрисабздаги оммавий ҳибсга олишлар юзасидан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG