Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:33

Исроил Ўзбекистонни ўзига янада яқинлаштиришга уринади


17 июнь куни Исроил парламенти – Кнессетда Исроил бизнеси учун Ўзбекистондаги сармоя имкониятлари тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирдан исроиллик тадбикорларни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнига жалб этиш ва икки давлат ўртасидаги сиёсий алоқаларни янги босқичга кўтариш мақсади кўзланган.

Тадбирда гапирган Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси Фарҳод Ҳакимов исроиллик тадбикорларни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнида фаолроқ иштирок этишга чақирди.

Унинг айтишича, ҳозир давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик даражаси мавжуд имкониятларга тўғри келмайди. Бунинг асосий сабаби эса Исроилда Ўзбекистонга бўлган эътиборнинг кўнгилдагидай эмаслиги билан изоҳланаётир.

Ушбу тадбир ташаббускори бўлган Кнессетдаги “Исроил - бизнинг уйимиз” фракцияси раиси, Ўзбекистонда туғилган Роберт Илатов парламентнинг бутун постсовет давлатлар билан алоқалари учун асосий масъуллардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда айнан Р.Илатов Исроилнинг, айниқса, мусулмонлардан таркиб топган ва Исроилга мойил собиқ совет давлатлари билан алоқаларни жадаллаштиришни тарғиб этмоқда.

“Озодлик” билан суҳбатда бўлган Р.Илатов Исроил эстеблишменти Ўзбекистон бозорига бошқача назар билан қарай бошлаши учун бу лоббини бошлаганини айтди.

“Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми ислом динига эътиқод қилиши ҳаммага маълум. Биз учун Исроилга мойил давлатлар билан алоқаларни сақлаб туриш жуда муҳим. Шунинг учун ҳам Исроил давлатининг ислом дунёсидаги манфаатларини илгари суриш йўлида бундай акцияларни ўтказиш катта аҳамият касб этади”,– деди Р.Илатов.

Ҳозирча Исроил томони Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорлик қилишга келганда жадал ҳаракат қиляпти, деб бўлмайди. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажми 2007 йилда 30 миллион доллар атрофида бўлган. 2000 йилда Исроилнинг “Бейтман” компанияси Қашқадарёдаги энг йирик газ конларидан бирида компрессор станцияси қурилишига қарийб 200 миллион доллар сармоя ётқизган эди. Ўша йили бу компания Ўзбекистондаги энг йирик сармоядорга айланганди. Бироқ сўнгги 8 йилдан буён Исроил тадбикорлари шунга ўхшаш йирик лойиҳаларда иштирок этмаяпти. Бунинг сабаблари Роберт Илатов Ўзбекистондаги сармоя муҳитига йўйди.

“Бугунги кунда Европа банклари ва Жаҳон банки Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштиришга шошилаётгани йўқ. Шунинг учун молиясиз бир нарсани амалга ошириш қийин. Шунга қарамай, Жаҳон банки ўз позициясини қайта кўриб чиқяпти ва биз бу борада исроилликларнинг етакчилик қилишини хоҳлар эдик”,- деди Кнессет аъзоси.

Унинг билдиришича, бугунги кунда Исроил Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва инфратузилмаларни яхшилаш борасида кўплаб лойиҳаларни таклиф этиши мумкин.

Икки томонлама алоқалар гарови сифатида кўрилаётган иқтисодий ҳамкорлик даражаси ҳозирча томонларни қониқтирмаётган бўлса ҳам, расмий Тошкент Исроил тимсолида ҳақиқий иттифоқчисига эга. АҚШ ва Европа Иттифоқи 2005 йилда Андижондаги намойиш қонли бостирилишини кескин тарзда қоралаган бир вақтда халқаро тергов ўтказиш чақириқларига Исроил қўшилмаган эди. Исроил сиёсатчиларининг кўпчилиги эса Андижон хунрезлигини оқлашга ҳаракат қилди. Шу жумладан Роберт Илатов ҳам.

“У ерда намойишлар йўқ эди. У ерда милиция ходимларини отиб ташлаб, қамоқхонани ишғол этган террорчилар бор эди. Бу вазиятга Исроил жуда холис қарайди. Фикримизча, бу воқеани ёқиб юборган куч ислом терроризми бўлган. Биз Ўзбекистоннинг Эрон ва бошқа давлатларга ўхшаб сиёсат юритадиган экстремист исломчи даватга айланишини истамаймиз. Бу вазиятда Ғарб Ўзбекистонни қораламасдан қўллаб-қувватлаши керак эди”,– деди Р.Илатов.

Лекин Андижон воқеаларидан сўнг Исроил ҳукумати Ўзбекистонга дарҳол тарафкашлик қилмаган эди. Кейинроқ шу сабабли Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг 2006 йилда Ливандаги уруш ҳаракатларини “ғайриинсоний”, деб қоралаб чиққан эди. Роберт Илатов бу ҳодисалар ўтмишда қолганини ва айни кунларда икки давлат ҳукуматлари яна тил топиша олаётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG