Линклар

Ҳақиқий фаворитлар қатнаша олмайдиган танлов

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари миллий маркази Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида” танловини эълон қилди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА хабарига қараганда, танлов Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 60 йиллигига бағишланган тадбирларда оммавий ахборот воситаларининг фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида ўтказилади.

“Танловга жорий йилнинг 1 июнидан республика босма оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрларида эълон қилинган... ахборот таҳлилий, публицистик ва фотоматериаллар қабул қилинади”,- деб хабар қилди ЎзА.

Танлов 2008 йилнинг 10 декабрида якунланади. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланиши ҳам ваъда қилинган.

Инсон ҳуқуқлари мавзуида ахборот таҳлилий материаллар ёзиб эълон қилган ҳар қандай кишини журналист, деб қабул қиладиган бўлсак, Абдураҳмон Ташанов, Саиджаҳон Зайнобиддинов, Толиб Ёқубов деган ўзбекистонликлар “Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида” танлови дипломларини эсдалик совғаларига қўшиб олиб қўядиган потенциал ғолиблардир.

Лекин улар шу пайтгача эълон қилган ахборот таҳлилий материалларини танлов жюриси эътиборга олишига ишонмайди.

“Улар биз берган материалдан фойдаланиб чиқарадиган бўлса, албатта, қатнаша олмаймиз. Берган материални, менимча, беришмаса керак. Андижон воқеаларидан кейин мени инсон ҳуқуқлари фаоли эмас, балки жамоат тартибини бузувчи шахс қилиб кўрсатиб қўйган”,- дейди андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов.

С.Зайнобиддинов Андижон воқеаларидан кейин қамалиб чиққан бўлса, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов таъқиб-тазйиқдан қочиб шу кунда муҳожиратда яшаяпти.

“Ҳукуматнинг бу танловига биз Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти қатнашган тақдиримизда ҳам ҳеч қанақа натижа бермайди. Чунки бунақа тадбирлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳамма вақт жаҳон жамоатчилигини, ўзбек жамоатчилигини алдаш учун ўтказилади”,- деди Т.Ёқубов.

Қочқинликнинг аччиқ нонини еб юрган Толиб Ёқубов ҳам, турманинг баландасидан зада бўлган Саиджаҳон Зайнобиддинов ҳам Ўзбекистондаги расмий газеталар тили билан айтганда “мамлакат ютуқларини кўра олмаётган аламзада кимсалар” бўлсин. Лекин Ўзбекистонда тан олинган, яъни расмий қайддан ўтган ташкилот - “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти вакили, мустақил журналист Абдураҳмон Ташановдан ҳам уларникига ўхшаган гап чиқди.

“Албатта, Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари декларациясининг 60 йиллиги муносабати билан шунақа тадбирлар уюштиряпти. Ҳукуматнинг қўғирчоқ ташкилотлари, яъни “ҳуқуқ ҳимояси” ташкилотлари шунақа тадбирлар ëки танловлар эълон қилиш билан машғул. Лекин бунинг ўз эгалари ва қатнашадиган одамлари бор. Ҳатто ташкилотимиз номидан йиғилиш, мажлисларда қатнашишни сўраб мурожаат қилганмиз. Лекин биз бунга ҳали ижобий жавоб олганимиз йўқ”,- дейди А.Ташанов.

Танлов жюриси назарига тушиш учун инсон ҳуқуқлари мавзуидаги материаллар “республика босма оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрларида эълон қилинган” бўлиши керак.

Мана шу талабнинг ўзиёқ эзгуликчиларнинг танловдан ташқарида қолишини белгилаб қўйганини айтади Абдураҳмон Ташанов.

“Қатнашишимиз мумкин бўлган биз ëзган материалларни, агар Ўзбекистон ОАВ назарда тутилаëтган бўлса, беришмайди. Бу танловларда тўғридан-тўғри қатнашиш имкониятимиз йўқ бизнинг”,- деди А.Ташанов.

Саиджаҳон Зайнобиддинов ҳам, Толиб Ёқубов ҳам, “Эзгулик” жамияти ҳам инсон ҳуқуқлари тўғрисида умумий гапларни гапириб эмас, конкрет одамларни ҳимоя қилиб келади.

Танловга қабул қилинадиган материаллар муаллифларидан эса, ЎзА хабарига қараганда, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган демократик ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнини ёритиш талаб қилинади.

Танлов уюштирувчиларидан бири - Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан тадбир ҳақида гапирадиган одам топилмади.
XS
SM
MD
LG