Линклар

Ёлғон маълумот тарқатиш “Ўзметроном”га нега керак?


Ҳамкасблари ва адвокати ҳибсда сақланаётган мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов ўз айбини бўйнига олгани ҳақидаги хабарлар мутлақо ҳақиқатдан йироқлигини айтмоқда.

Қорақалпоғистонлик Солижон Абдураҳмонов наркотик модда истеъмол қилганига иқрор бўлгани ҳақида “Uzmetronom.com” сайти ёзди.

13 июнь куни “Uzmetronom.com”да эълон қилинган “Истеъмол қилгани учун жазоланди” сарлавҳали мақолада милиция ходимидан иқтибос келтирилиб, ҳибсга олинган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси гўёки наркотик модда истеъмол қилганига иқрор бўлгани айтилади.

“Uznews.net” сайтида эълон қилинган “Ёлғон ва фитна” мақоласида эса айни айбнома С.Абдураҳмоновнинг таниқли журналист сифатидаги обрўсини тўкишга ҳаракат сифатида баҳоланади. Унда С.Абдураҳмоновнинг ҳибсга олиниши олдиндан тайёрланган акция экани тилга олинади.

“Бунда масаланинг ҳар бир жиҳати – машина салонига наркотик ташлашдан тортиб, унга қарши қаратилган бўҳтон кампанияси уюштирилиши, жамоатчиликни айбноманинг ҳақиқийлигига ишонтириш, демак, бу билан ҳибсга олишдаги ноҳақлик аҳамиятини камайтиришгача бўлган ҳаракатлар олдиндан режалаштирилган”,- дейилади “Ёлғон ва фитна” мақоласида.

Адвокат Баҳром Абдураҳмонов ҳам 7 июнь куни ҳибса олинган Солижон Абдураҳмоновнинг наркотик модда истеъмол қилишига иқрор бўлгани ҳақидаги ахборотни рад қилиб: “Uzmetronom.com” нотўғри маълумот берган. Улар буни қаердан олганини билмайман. Бундан менинг хабарим йўқ. Мен кечагина учрашганман. Бу ҳақда ҳеч қандай гап сўз бўлган эмас. Бу ерда умуман тан олди, деган нарса йўқ. Кеча қамоққа олиш бўйича санкция масаласида суд бўлди. Ўша ерда ҳам у ўзининг айбсиз эканини айтди. У суднинг ўзида: “Биринчидан, менинг наркотикка ҳеч қандай алоқам йўқ. Иккинчидан, мен ўзим қонун устиворлигини таъминлаш бўйича ҳар доим ҳаракат қилиб келганман”, деди. Бундай қонун бузилишига кескин чора қўлланилишини сўради”,- деди.

Қорақалпоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Солижон Абдураҳмонов иши бўйича тергов-суриштирув кетаётгани боис, бу борада маълумот бера олмаслигини билдирди.

Гарчи С.Абдураҳмонов наркотик модда сақлашда айбланаётган бўлса-да, адвокати Баҳром Абдураҳмонов журналистга нисбатан сиёсий айбловлар ҳам илгари сурилиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Солижоннинг Нукусдаги уйини ҳам, қишлоқдаги уйини ҳам тинтув қилди. Рўйхат қилиб, шаҳар ИИБга олиб кетишди. Иш қоғозларигача ҳаммасини олди. Ҳеч нарса қолгани йўқ. Компьютеру процессорни ҳам, ҳаттоки принтерни ҳам олиб кетди. Уларнинг ҳаракатларидан келиб чиққанда улар наркотикка қизиқмаяпти. Уларни сиëсатга қарши ишлар қизиқтиряпти. Унинг уйидан қўлда ëзилган, ҳеч қандай имзо қўйилмаган иккита қоғоз чиққан. Унинг ичида давлатга қарши бир-иккита сўзлар ëзилган, шекилли. Кейин Муҳаммад Солиҳ ҳақида инглиз тилида ëзилган китоб ҳам чиққан. Лекин кўрсатма беришига қараганда, унинг бу нарсага алоқаси ҳам йўқ, хабари ҳам йўқ”,- деди адвокат.

“Uznews.net” сайти бош муҳаррири Галима Бухорбоева ҳам бу тахминга қўшилишини айтар экан, Каримов режими Солижон Абдураҳмоновнинг овозини ўчириш мақсадида уни ҳибсга олганини таъкидлади.

“Солижон Абдураҳмонов айнан журналистик фаолияти учун ҳибсга олинган. Чунки у Қорақалпоғистон бўйича ягона халқаро журналист бўлиб, мамлакат ичкарисида туриб ҳақиқатни айтаётган саноқли журналистлардан бири. Унинг ҳибсга олиниши Каримов режимининг қўпол ва ифлос ўйинларининг навбатдагиси бўлиб, журналистни қалбаки жиноятда айблашяпти”,- дейди Галима Бухорбоева.

Солижон Абдураҳмонов «Озодлик» ва «Америка овози» радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти сингари бир қатор халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Ҳозир ҳам у “Uznews.net” сайтининг Қорақалпоғистондаги мухбири. Шунингдек, у беш йилдан буён Инсон ҳуқуқлари ҳалқаро жамиятининг ҳудудий вакили сифатида фаолият кўрсатиб келяпти.
XS
SM
MD
LG