Линклар

“Вестерн Юнион” мижозларни талашга кўмаклашмоқда...ми?

  • Абдулла Искандар

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:jyXx6Dj0L7RojM:http://lh6.google.com/congpengzi1975/RxMZgy4XRgI/AAAAAAAAAsc/jpXpZxM6ugo/s800/western%2520union.jpg “Ponauz.info” сайти тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати мамлакат фуқароларига хориждан келаётган пул жўнатмаларини синчковлик билан текширмоқда.

Мижоз омонати ҳақида сир сақлаши лозим бўлган “Вестерн Юнион” банки Ўзбекистон ички ишлар ходимларига ташқаридан келаëтган пул жўнатмалари ҳақида маълумотлар бермоқда. Бу маълумотлар баъзан эркин журналистларга қарши судда далил сифатида қўлланилган.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниëзова 2007 йилда қамоққа олинишидан сал олдин “Вестерн Юнион”дан пул олганликда айбланиб сўроқ қилинган эди. “Вестерн Юнион” берган рўйхатдагиларнинг кейинги тақдири маълум – Алишер Таксанов, Наталья Бушуева каби журналистлар мамлакатни тарк қилди, У.Ниëзова қамоқ жазоси олди.

Айни пайтда чет элдан келаëтган пул жўнатмаларидан улуш олиш илинжида бўлган ўзбек мулозимлари энди ўз назарини мардикорлар ишлаб топган пулга қаратмоқда. Молиявий амалиëтларни амалга оширган шахснинг исм-фамилияси банк сири ҳисобланади. Бу сирни ҳуқуқ-тартибот ëки бошқа идораларга тақдим этиш бошқа давлатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам мижозга хиёнат ҳисобланади.

“Ponauz.info” сайти хабарига ишонадиган бўлинса, Ўзбекистонда мижозга хиёнат қилиш оддий ҳолга айланган кўринади. Сайт хориждан келаëтган пул жўнатмалари ҳақидаги барча маълумотлар милиция ходимлари қўлига келиб тушаëтгани ва ўзбек милицияси чет элдан келаëтган пул жўнатмаларидан улуш олаëтгани ҳақида ëзади.

“Жўнатган пулларим милиция қўлига тушмаслиги учун ҳаракат қиламан,- дейди хорижда истиқомат қилувчи Дилфуза исмли қиз. - Бир хиллари ҳатто пулини ҳам ола олмайди. Масалан, синглим “Вестерн Юнион” орқали жўнатади. “Вестерн Юнион” эса ўз мижозларининг сирларини МХХга айтади. “Вестерн Юнион” МХХ билан ҳамкорликда ишлаяпти”.

Дилфузанинг айтишича, ўз мижозлари ҳақидаги маълумотларни милицияга бераëтган банклар ўз низомлари ва банк сири ҳақидаги келишувларга зид иш қилмоқда.

“Вестерн Юнион” билан Ўзбекистонда “Ҳамкорбанк” биргаликда иш юритади. Банк вакили “Озодлик” мухбири билан суҳбатда “гумон остида бўлган ва исми рўйхатга киритилган кишиларнинг пул жўнатмалари ҳақида муттасил милицияга хабар етказиб турилиши ва бунга банкнинг ҳаққи бор”лигини таъкидлади.

“Хавфсизликни таъминлаш учун банкнинг текширишга ҳаққи бор. Шубҳа бўлганда текширади, холос. Рўйхатдагилар қаторида бўлса текширади”,- дейди вакил.

“Ҳамкорбанк” вакилининг айтишича, шубҳали мижозлар рўйхати Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидан туширилади. Аммо кейинроқ “Озодлик”ка маълум бўлишича, бу рўйхат қўпорувчиликка қарши кураш департаменти тарафидан тузилган.

Бу ҳақда гапирган исми ошкор қилинишини истамаган манба: “Ҳозир ҳамма банклар департаментга қарайди. Буни фақат департамент қилиши мумкин, ўшанда ҳам асос бўлса. Дейлик, бирорта диний экстремистик оқим аъзоси бўлса ва ташқаридан туриб пул жўнатиб, бу ерда кимнидир моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаëтган бўлса”,- деди.

Журналист Зокиржон Иброҳимов сўзларига кўра, пул жўнатмалари билан шуғулланиш ўрнига ўз мижозлари устидан чақимчилик қилаëтган банк ҳаракатлари боис, қанча журналистларнинг тақдири қил устида қолди.

“Сиëсий сабаблар билан чет элга чиқиб кетганларнинг жўнатма пулларини назорат қилиши табиий. Чунки уларни нимададир айблашда асос керак. Кўпчиликни чет эл ташкилотида ишлайди, деб солиқ тўламасликда айблаш шулар қаторида. Бундай воқеа ўтган йили Наталья Бушуева билан бўлган эди. Шунга ўхшаш ҳолатлардан фойдаланиш учун булар пул жўнатмаларини назоратини ўз қўлида ушлаб турган бўлиши мумкин”,- деди З.Иброҳимов.

Кейинги пайтда айни масаланинг яна бир қирраси юзага чиқди. Буюк Британияда истиқомат қиладиган Аҳмаджон ака ўзининг Хоразм вилояти Боғот туманидаги қариндоши Ўғилжон Эломоновага пул юборган. Ҳали пул етиб бормасиданоқ Ўғилжон опанинг уйига Боғот тумани милицияси жиноят қидирув инспектори Фахриддин Абдуллаев келиб: “Эрингиз Англиядан доллар юбораётганидан хабаримиз бор. Ҳозироқ улушимизни беринг, бўлмаса ëмон бўлади”, деб қўрқитган.

Айни ҳолат Ўзбекистоннинг турли бурчакларида бирдай юз бераëтгани аниқланди.

Зокиржон Иброҳимов бу ҳолатни Ўзбекистондаги иқтисодий вазият билан изоҳлайди.

“Шу даражага бориб етдики, Россия, Қозоғистон ëки бошқа жойда ишлаб пешона тери билан пул топиб жўнатаëтган мардикорлар пулига ҳам шерик бўлмоқчи булар”,- дейди журналист.

Дилфуза эса ўз низомига амал қилмасдан мустабидлар билан иш бирлиги қилаëтган банклар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш керак, деб ҳисоблайди.

Энг камтар ҳисобларга кўра, Ўзбекистон ташқарисидаги мардикорлардан йилига миллиардлаб доллар маблағ кириб келмоқда. Бу маблағнинг бир қисми Ўзбекистондаги миллий хавфсизлик ва милиция ходимлари тарафидан ўзлаштирилаëтгани ҳам бугунги кун манзарасидир.
XS
SM
MD
LG