Линклар

logo-print

Исроил ва “Ҳамас” ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишиб олди

  • Алишер Сиддиқ

Исроил ва “Ҳамас” ҳаракати раҳбарияти Ғазо минтақасида қамалда қолган қарийб бир ярим миллион фаластинликнинг аҳволини енгиллаштирадиган вақтинчалик сулҳга эришди.

Ўт очишни тўхтатиш ҳақида Мисрда келишиб олинди ва ушбу келишув пайшанба куни кучга киради.

Келишувга биноан “Ҳамас” Исроилнинг жанубий қисмларига ракеталар отишни тўхтатиш, Исроил эса Ғазода ҳарбий амалиётлар ўтказмаслик мажбуриятини олган. Агар янги тартиб узоқ давом этса, Исроил Ғазога нисбатан киритган санкцияларни ҳам юмшатади.

Жуда қалтис экани айтилаётган ушбу вақтинчалик сулҳ 6 ой муддатга тузилди ва ушбу муддат тугаганидан кейин яна узайтирилиши мумкин.

Исроил ҳукумати матбуот котиби Марк Регев Исроил томони Миср ташаббуси билан эришилган сулҳнинг узоқ давом этишига умид қилиб қолишини айтди.

“Айтилган сўзлар муҳимдир, бироқ савоб ишлар бундан ҳам муҳимроқ. Агар ҳақиқатан ҳам Ғазодан Исроилга қарши адоватли ҳужумлар тугаса, “Ҳамас” Ғазо минтақасига ўз ҳарбийларини жойлаштиришни тўхтатса ва ниҳоят, гаровда қолаётган Исроил аскари Гилад Шалит тақдири ҳал бўлса, бу минтақада мутлақо янги вазиятни кўрган бўлар эдик”,– деди Марк Регев.

Исроил билан эришилган сулҳ билан “Ҳамас” ҳам катта умидларни боғлаётганини билдирди. Ғазода гапирган “Ҳамас” раҳбари Исмоил Хония Фаластин томонининг барча талаблари бажарилганини таъкидлади.

“Фаластинликларнинг талаби аниқ-тиниқ эди. Биз бу қамалнинг бекор қилиниши ва агрессиянинг тўхтатилишини талаб этдик. Ишонишимизча, бу талабларимиз бажарилди. Фаластин халқи бу музокаралар ва мулоқотларимиз самарасини йил давомида кўради”,- деди Исмоил Хония.

Ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги ушбу сулҳ икки томон учун ҳам қулайдир. Исмоил Хониянинг гапларидан англашилишича, бу сулҳ Исроил билан келиша олган, айни пайтда Исроилни давлат ўлароқ тан олмайдиган “Ҳамас” гуруҳининг нуфузини оширади.

Исроил ҳукумати матбуот вакили Марк Регев эҳтиёткорлик қилиб ўз ҳукумати фаластинликларнинг эмас, балки Мисрнинг таклифларини қабул қилганини таъкидлади.

Эришилган сулҳ Исроил билан тўқнашаётган гуруҳлардан жабр кўраётган фаластинликларнинг “Ҳамас” ҳукуматига ўтказаётган босимини ҳам камайтиради.

Ўз навбатида, Исроил Ғазо минтақасига жорий этган шафқатсиз қамал туфайли халқаро танқидлар остида қолиб кетганди. Бундай хавотирларни эришилган сулҳ бир қадар енгиллатади. Чунки келишув доирасида Исроил томони қамални босқичма-босқич бекор қилиш мажбуриятини олди.

Хабарларга қараганда, бир неча кундан сўнг Исроил ва Ғазони туташтирувчи Суфа ва Карний йўлларидан яна маҳсулотлар олиб ўтиладиган бўлади. Айни пайтда Ғазони Миср билан туташтирувчи Рафа пости ҳозирча ёпиқлигича қолади. Чунки Исроил томони Мисрдан Фаластинга қурол-яроғ олиб кирилиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.
XS
SM
MD
LG