Линклар

Солижон Абдураҳмонов наркоман эмас!


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:lR4O1zi9hiQkUM:http://gazeta.aif.ru/data/mags/longliver/86/pics/19_01_01.jpg Нукус шаҳри ички ишлар бўлими томонидан ўтказилган тиббий экспертиза хулосасида мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов наркотик модда истеъмол қилмагани тасдиқланган.

Бу ҳақда “Озодлик”ка унинг адвокати Баҳром Абдураҳмонов маълум қилди.

“Анализлар олинди ва хулосалар чиқди. Унинг наркоман экани тасдиқланмади. Ўзлари лабораторияда қандайдир текширувлар ўтказибди. Наркотик модда истеъмол қилмаган, деган хулоса берилган”,- деди адвокат.

Бу хулоса юзадан Қорақалпоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан маълумот олишнинг имкони бўлмади. С.Абдураҳмонов ҳибсга олинган пайтда унинг машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилгани маълум қилинган.

Баҳром Абдураҳмоновнинг билдиришича, гарчи С.Абдураҳмоновга наркотик модда сақлаш айби қўйилаётган бўлса-да, унга нисбатан сиёсий айбловлар ҳам илгари сурилиши мумкин.

“Солижоннинг Нукусдаги уйини ҳам, қишлоқдаги уйини ҳам тинтув қилди. Рўйхат қилиб, шаҳар ИИБга олиб кетишди. Иш қоғозларигача ҳаммасини олди. Ҳеч нарса қолгани йўқ. Компьютеру процессорни ҳам, ҳаттоки принтерни ҳам олиб кетди. Уларнинг ҳаракатларидан келиб чиққанда улар наркотикка қизиқмаяпти. Уларни сиëсатга қарши ишлар қизиқтиряпти. Унинг уйидан қўлда ëзилган, ҳеч қандай имзо қўйилмаган иккита қоғоз чиққан. Унинг ичида давлатга қарши бир-иккита сўзлар ëзилган, шекилли. Кейин Муҳаммад Солиҳ ҳақида инглиз тилида ëзилган китоб ҳам чиққан. Лекин кўрсатма беришига қараганда, унинг бу нарсага алоқаси ҳам йўқ, хабари ҳам йўқ”,- деди адвокат.

Солижон Абдураҳмонов “Озодлик” ва “Америка овози” радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти сингари бир қатор халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Ҳозир ҳам у “Uznews.net” сайтининг Қорақалпоғистондаги мухбири. Шунингдек, у беш йилдан буён Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг ҳудудий вакили сифатида фаолият кўрсатиб келяпти.

Бош қароргоҳи Германияда бўлган мазкур ташкилот С.Абдураҳмоновнинг ҳибсга олинганидан ташвишда.

“Биз ташкилот номидан Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовга мурожаатнома жўнатиб, Солижон Абдураҳмоновнинг ҳибсга олинишидан хавотир билдирдик ва унинг озод қилинишини сўрадик”,- деди ташкилот ижрочи директори Карл Хафен.

Германиядаги “Журналистик суриштирув” ташкилотининг ўттизга яқин журналисти ҳам С.Абдураҳмоновнинг тақдиридан хавотир билдирган.

Айни ташкилот фаолларидан бири, германиялик журналист Маркус Бенсманн Солижон Абдураҳмонов ҳибсда қийноқларга учраши ва кўп йиллик қамоқ жазосига тортилишидан ташвиш билдиради.

“Биз “Журналистик текширув” ташкилоти номидан Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб, С.Абдураҳмонов иши юзасидан ҳаққоний ва очиқ текширув ўтказишни сўрадик ҳамда Ўзбекистон ҳукуматидан журналистларни таъқиб этишни тўхтатишни талаб қилдик”,- деди Маркус Бенсманн.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги масалалари бўйича вакили Миклош Харашти ҳам Ўзбекистондаги мустақил журналистларнинг қўрқитилиши ва таҳқирланиши воқеалари хусусида хавотир билдирди. У томонидан эълон қилинган баёнотда журналист Солижон Абдураҳмоновнинг ҳибсга олингани, шунингдек, “Озод Европа/Озодлик” радиосида ишлаётган мухбирларни давлатга қарши фаолият юритаётганликда айбловчи телекўрсатув давлат телеканаллари орқали қайта-қайта намойиш қилингани қайд этилган. Миклош Харашти шу ой Ўзбекистонга сафари чоғида ҳукумат расмийлари ахборот воситаларини либераллаштириш учун зарур бўлган ислоҳотларни бошлашга тайёрлигини айтганига қарамай, “эркин матбуотга қарши ҳужум уюштирилаётгани” афсусланарли ҳолат эканини билдирган.
XS
SM
MD
LG