Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:28

Тоғли Бадахшонга қўшимча кучлар киритилгани норозиликларга сабаб бўлди


Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон вилоятидаги Хоруғ шаҳрида ҳукуматнинг қўшимча ҳарбий кучлари вилоят ҳудудига киритилганига қарши 300дан ортиқ киши иштирокида норозилик митинги бўлди.

Вилоят ҳокимлиги биноси ёнида тўпланганлар маҳаллий амалдорлардан ҳукумат кучларининг марказдан вилоятга кўчирилиши сабабларини шарҳлаб бериш билан бирга “чақирилмаган меҳмонлар”нинг вилоятдан дарҳол чиқиб кетишини талаб қилди.

Тожикистон Социал демократик партияси раиси Раҳматулло Зоировнинг билдиришича, бундан икки кун аввал ҳарбий кучларнинг Тоғли Бадахшонга киритилиши вилоят аҳолисини хавотирга солган.

“Бегона ҳарбийларнинг пайдо бўлганидан хавотирга тушган оддий аҳоли вилоят раҳбарларидан марказдан қўшимча ҳарбий кучлар киритилиши сабабларини шарҳлаб беришни сўраган. Аммо вилоят раҳбарлари митингчилар ёнига чиқмаган. Митингчилар сони эса соат сайин ортмоқда”,- деди Раҳматулло Зоиров.

“Озоди” радиосининг ўша ҳудуддаги мухбири берган маълумотларга кўра, марказдан вилоятга кўчирилган ҳарбийлар Хоруғ шаҳри ички ишлар бўлими ва вилоят миллий хавфсизлик бошқармасига тақсимланган. Тоғли Бадахшон вилояти ҳукумати раиси ўринбосари Муҳаббатшоҳ Рўзадоров “Озоди” мухбири билан суҳбатда вилоятда бошбошдоқлик ҳукмронлиги, жумладан, Афғонистондан ҳеч бир қийинчиликсиз вилоят ҳудудига катта миқдорда наркотик моддалар олиб ўтилаётгани, Хоруғ шаҳри кўчаларида ойналари қорайтирилган шубҳали машиналар кезаётгани бунга мисол эканини билдирган. Вилоят масъули маҳаллий ҳукумат бу бошбошдоқлик билан кураша олмаслиги ва шунинг учун ҳам марказдан қўшимча ҳарбий кучлар киритилганини таъкидлаган.

Бироқ митингчилар Муҳаббатшоҳ Рўзадоров ёлғон гапираётганини айтиб: “Агар ҳукумат кучлари вилоятга тартиб ўрнатиш учун киритилган экан, нега ҳарбийлар вилоятга киритилган куниёқ маҳаллий амалдорлар, жумладан. вилоят раиси ўз фарзандларини Душанбега, яъни хатарсиз жойга жўнатиб юборди? Оддий аҳолига эса бирор хабар ёки маълумот беришни исташмайди. Биз ҳарбийларнинг вилоятимизга киритилгани сабабларини билмагунча бу майдондан кетмаймиз”,- деди.

Ҳукумат идоралари эса яқин кунларда давлат раҳбари Имомали Раҳмоннинг Тоғли Бадахшонга сафарига тайёргарлик кўрилаётгани сабабли унинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўшимча ҳарбий кучлар ва давлат махсус комиссияси вилоятга юборилганини билдирмоқда.

Ўз номини айтмаган бадахшонлик митингчи аёл президент бошқа вилоят ва шаҳарларда бўлганида бирор марта бундай тадбир қўлланилмаганини таъкидлар экан: “Президент бизга ҳам раҳбар. Давлат раҳбарининг вилоятимизга сафари чоғида уни қўриқлайдиган тегишли идоралар вилоятимизда ҳам бор. Мана, иккинчи кундирки, биз вилоятга киритилган бегона ҳарбийлардан чўчиб тунларни уйқусиз ўтказмоқдамиз. Мамлакатда бир марта шундай тушунмовчиликлар сабабли уруш бўлди, ноҳақ қонлар тўкилди. Агар ҳарбийларнинг кўчирилиши хавфсиз экан, нега ҳукумат халқ олдига чиқиб тинчлантирмайди”,- деди норози оҳангда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги эса Тоғли Бадахшонга марказдан қўшимча ҳарбий кучлар юборилганини тасдиқламади.

Қайд этиш жоизки, 16 июнь куни Тоғли Бадахшон вилоятидаги собиқ бирлашган тожик мухолифат вакиллари билан вилоят прокурори Рашид Гулмадшоев ўртасида можаро юз берган эди. Норасмий манбаларнинг билдиришича, Тожикистон ҳукумати Тоғли Бадахшондаги 1000 квадрат метр майдонни Хитойга бериб юборгани учун жорий йил 8 апрелда ҳукумат қарорига қарши норозилик митинги уюштирмоқчи бўлганларга вилоят прокуратураси томонидан босим ўтказилган. Шундан сўнг собиқ бирлашган тожик мухолифат вакиллари ва вилоят прокуратураси ўртасида пайдо бўлган можаролар бугунги норозилик митинги ташкил этилишига туртки бўлган.

Кўп сонли митингчиларнинг таъкидлашича, ҳукумат ҳарбий кучлари вилоятда тартиб ўрнатиш учун эмас, балки вилоят прокурорига 3 соат давомида вазифасини топширишни талаб қилган собиқ бирлашган тожик мухолифати вакилларини қўлга олиш амалиёти учун киритилган.
XS
SM
MD
LG