Линклар

Тожикистонда ЎИҲ аъзолари қамалди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Олий суди Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда айбланган уч фуқарони мол-мулкини мусодара қилиш шарти билан узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этди.

Тожикистон Олий суди матбуот хизмати тарқатган маълумотларга кўра, улар 1990–2000 йилларда толиблар ҳаракатининг Афғонистон ҳудудидаги ҳарбий амалиётларида фаол қатнашганлик ҳамда бир неча ўта оғир жиноятларда йбланган.

Олий суд судяси Анвар Аҳмедовнинг айтишича, ЎИҲга аъзоликда айбланган Зайниддин Насриддинов, Абдураҳим Абдуллаев и Олим Бузруков Тожикистондаги фуқаролар уруши чоғида собиқ бирлашган тожик мухолифати аъзолари бўлган. Тожикистондаги конституциявий тузумга қарши чиққанликда айбланган бу шахслар гуноҳи 1994-95 йилларда эълон қилинган “Авф тўғрисида”ги қонун асосида кечирилган.

“Аммо гуноҳлари кечирилиб ҳам бу шахслар ҳаётда тўғри йўлни танлаш ўрнига бошқа давлатларда давом этаётган ҳарбий ҳаракатларда қатнашишда давом этган. Жумладан, 2001 йилда Покистон орқали Афғонистонга ўтиб, Жума Намангонийнинг Кобулдаги қароргоҳига боришган ва ўз хоҳиши билан унинг гуруҳига аъзо бўлишган. 2001 йилда НАТО кучларининг Афғонистондаги аксилтеррор амалиётлари чоғида улар Покистонга қочиб ўтиб, 2007 йилга қадар қалбаки ҳужжатлар билан ўша ерда яшириниб юрган. 2007 йил октябрда Тожикистонга қайтган З.Насриддинов ва А.Абдуллаев Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган. Бир оз вақт ўтиб уларнинг шериги Олимхон Бузруков ҳам ушланган”,- деди Олий суд судяси.

Судянинг билдиришича, ўз гуноҳларига тўла иқрор бўлган З.Насриддинов 19 йилга, А.Абдуллаев 18 йилга, аммо терговда ҳам, судда ҳам айбини тан олмаган О.Бузруков 22 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Адвокат Дилбархон Дадажонованинг билдиришича, ҳимоясидаги О.Бузруков ўзи учун нотаниш бўлган З.Насриддинов ва А.Абдуллаев кўрсатмаси асосидагина ЎИҲга аъзоликда айбланган.

“Улар Бузруковни Афғонистонда Жума Намангоний қароргоҳида кўришгани борасида кўрсатма берди. Уларнинг кўрсатмаларига кўра, Олимхон Жума Намангоний аскарларига озиқ–овқат ташувчи бўлган. Суд фақат уларнинг кўрсатмалари асосида Бузруковни озодликдан маҳрум этди”,- деди адвокат.

Д.Дадажонованинг сўзларига кўра, асли наманганлик О.Бузруков ота-онаси ажралишгач, Тожикистоннинг Рудакий туманидаги Ҳазрати Мавлоно маҳалласида онаси ва укалари билан яшай бошлаган.

“Бузруков умуман Афғонистонда бўлмаган. Кўрсатмаларига кўра, у фақат 1992 йилда ҳаж зиёратига борган, 1993-1997 йилларда Наманганнинг Косонсойида яшаган. Шунча йил Наманганда қолишдан мақсади ўгай онаси вафотидан сўнг укаларига қарашиш бўлган”,- деди Дилбар Дадажонова.

Адвокат тергов чоғида О.Бузруковга қийноқлар қўлланилганини қўшимча қилди.

“Бузруковга босим ўтказилиб, турли қийноқлар қўлланилган. Давлат миллий хавфсизлик қўмитасига ўз оёғи билан борган Бузруков калтакланиш натижасида ҳушсиз ҳолда шифохонага олиб борилган. Ўзига қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида Бузрукув судда ҳам айтди, аммо суд буни инобатга олмади”,- деди Дилбар Дадажонова.

Оқловчи ўз ҳимоясидаги шахс устидан чиқарилган ҳукм юзасидан шикоят аризаси тайёрлаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG