Линклар

Ўзбекистонга термит жиддий хавф солмоқда


Мутахассис олимларнинг билдиришича, айни пайтда Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Фарғона водийсида термит кенг тарқалган.

Биолог мутахассислар маълумотига кўра, дунёда термитларнинг 2800 тури мавжуд. Уларнинг 20 тури ўта жиддий зараркунанда ҳисобланади. Термитнинг Ўзбекистонда учрайдиган икки тури ҳам шулар жумласидандир. Улар илгари, асосан, қум ҳудудларида учраган. Аҳолининг уй-жой қуриш мақсадида чўл қуми ҳамда уйларни иситиш учун саксовул ўтинидан фойдаланиши натижасида термитлар аҳоли яшаш жойларига келиб қолган. Термитлар жуда тез кўпаяди. Битта оилада 20-24 минг термит яшайди. 5-6 йил яшайдиган она термит умри давомида бир миллиондан ортиқ тухум қўяди.

“Бу унча катта бўлмаган ҳашарот бўлиб, тахминан чумолича келади. Термитлар шу даража маҳсулдорликка эгаки, бир сутка давомида маликаси 30.000 донага қадар тухум қўйиши мумкин,- дейди Тошкентдаги Зоология институти профессори Оловуддин Ҳамроев. - Республикамизнинг барча вилоятларида термитлар кенг тарқалган бўлиб, айниқса, Оролбўйи минтақаси ҳисобланган Қорақалпоғистонда жуда ҳам кўп. Бундан ташқари, термитлар Сурхондарë, Қашқадарë ва Фарғона водийсида, Бухоро, Самарқандда ҳам кенг тарқалган. Термитлар аҳоли турар-жойлари, жамоат бинолари, мактаблар, шифохоналар, ҳаттоки айрим маданий ëдгорликларга ҳам зарар етказмоқда”.

Хоразмлик биология фанлари номзоди Икром Абдуллаевнинг айтишича, вилоятда термитдан, айниқса, аҳоли турар-жойлари жиддий шикастланяпти. Хива тумани ва шаҳри, Шовот, Ҳазорасп, Питнак, Янгиариқ туманларида термит кенг тарқатлган. Питнакдаги Шорловиқ посëлкасида 70 фоиз хонадон термитлар билан кучли зарарланган.

Маълум бўлишича, Хивадаги “Мевастон” маҳалласида термит дастлаб ўтган асрнинг 80-йилларида пайдо бўлганди. Ҳозир маҳалладаги 300га яқин хонадон термитлардан зарарланган.

“Уйим йиқила бошлаганига 4 йил бўлди. Бу ерда 12 хона бор эди. Бу йил охирги 2-3 хона кетди. Қурт кўп. Қачон синиб кетар экан, деган хавфда ëтамиз”,- дейди мевастонликлардан бири.

Мамлакат бўйича термитдан зарарланган хонадонлар сони 1992 йилда 3200 та бўлган. Бугунги кунда бу рақам тахминан 6 баробар ошиб кетди. Термитлардан, айниқса, Хивадаги тарихий ёдгорликлар жиддий зарар кўрмоқда.

“Ичанқалъадаги 56 та тарихий ëдгорликдан 31 таси термитлар билан зарарланган. Улар орасида Жума масжиди ва Паҳлавон Маҳмуд мақбараси жуда кучли шикаст еган. Биз бу ерда 3 йилдан бери курашни ташкил қилганмиз”,- дейди профессор Оловуддин Ҳамроев.

Маълумотларга кўра, термитлар Қорақалпоғистонда 78 фоиз симёғочларга зиён келтирган, миллий темир йўл ширкатига эса термитлар ёғоч шпалларни кемириш орқали зарар келтирмоқда. Шунингдек, Термиз аэропорти ҳам термитлар ҳужумига учраган. Илк бор термитлар аэропортда уч йил муқаддам пайдо бўлганди. Ўшанда учиш майдонининг ёритиш ва сигнал тизимлари ишдан чиққан.

О.Ҳамроев айни пайтда АҚШнинг моддий ёрдами натижасида термитларга қарши кураш олиб борилаётганини билдирди.

“АҚШ Қишлоқ хўжалик департаменти бизга 1-босқичда 291 минг доллар ажратган эди. Лойиҳани яна 3 йилга давом эттириш учун 256 минг доллар маблағ ажратилган”,- деди О.Ҳамроев.

Маълум бўлишича, АҚШ томонидан ажратилган грант пуллари фақат тарихий ёдгорликларни ҳимоя қилишга сарфланмоқда. Турар-жойлари шикастланган аҳоли эса додини кимга айтишни билмай ҳайронлигича қолаётир.
XS
SM
MD
LG