Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:53

Конгресс Кавказдаги можароларни муҳокама қилди


АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг ташқи алоқалар қўмитасида Шимолий Кавказда узоқ вақтдан бери давом этаётган можаролар масаласи муҳокама этилди.

АҚШ давлат котибининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси Дэниел Фрид Грузия, Арманистон ва Озарбойжондаги можаролар бўйича АҚШ қандай сиёсат юритаётгани ҳақида конгрессменларга ҳисобот берди.

Д.Фрид Грузия, Арманистон ва Озарбойжон ўзига хос давлатлар бўлишига қарамай, уларнинг муаммолари бир-бирига ўхшаш, яъни уларда мустақил давлат қуришни хоҳлаётган ўлкалар борлигини таъкидлади.

Фрид бу давлатлар демократия ва бозор иқтисодиёти йўлидан бораётгани учун АҚШ уларни қўллаб-қувватлаш сиёсатини юритаётганини қўшимча қилиб, ҳеч бир давлат, жумладан, Россия ҳам бу давлатларга ўз таъсирини ўтказишга муваффақ бўлмаганини билдирди.

“Агар улар ёки биз хоҳласак, бу давлатларнинг Европа ташкилотлари ёки трансатлантика тузилмаларига қўшилиш йўлидаги хоҳиш-иродасига ҳеч бир ташқи куч таҳдид сола олмайди ёки тўсқинлик қила олмайди, деб ўйлаймиз”, – деди давлат котиби ёрдамчиси.

Д.Фрид сўнгги йилларда нефть ва газ экспортидан катта даромад кўраётган Озарбойжоннинг энг биринчи муаммоси Тоғли Қорабоғ можароси эканини қайд этди. АҚШ Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган Фрид Тоғли Қорабоғ можароси халқаро қонунчилик ва сиёсий принциплар доирасида музокаралар орқали ҳал этилиши кераклигини айтди.

“Жанглар қайта бошланиши тўғри йўл эмас. Биз Озарбойжон расмийлари томонидан тез-тез айтиб келинган кескин баёнотлар хусусида хавотир билдириб, ҳукумат расмийларини асосий эътибор можарони тинч йўл орқали ҳал этишга қаратилиши кераклигига чақирганмиз, шунга даъват қиляпмиз ва бундан кейин ҳам шундай қиламиз. Биз муаммонинг тинч ҳал этилиши бутун Кавказ минтақасига фойда келтиришини айтганмиз”, – деди Д.Фрид.

Грузия масаласига тўхталган давлат котиби ёрдамчиси бу мамлакат хавфсизлик муаммоси дуч келаётганини таъкидлади.

Жорий йил баҳорида Бухарестда НАТОга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити бўлиб ўтган эди. Йиғилиш қатнашчилари НАТОга аъзо бўлиш йўлидаги дастлабки қадам сифатида Грузия ва Украина альянснинг ҳаракат дастурига қўшилиши ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватламади.

Д.Фрид сўзларига кўра, НАТОга аъзо бўлишга уринаётгани учун Россия Грузияга ҳаво ва қуруқлик қатновини тўхтатиш, шунингдек, Грузиядан мустақил бўлишни хоҳлаган Абхазия ва Жанубий Осетия ўлкалари билан алоқаларни кенгайтириш орқали босимни кучайтирган.

“Бу чоралар Грузиянинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш борасида Россия юритаётган сиёсатга зиддир. Бу Россиянинг Абхазияда тинчликни сақловчи БМТ воситачиси ролига ҳам путур етказади. ... АҚШ Грузиянинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган чегаралар доирасидаги ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди. Биз Абхазиянинг мақоми музокаралар орқали муросага келиш йўли билан ҳал этилиши керак, деб ўйлаймиз. Биз Москва расмийларини яқинда қабул қилинган самарасиз чоралардан воз кечишга, бу муаммоларни ҳал этиш учун биз ва бошқалар билан бирга ишлашга чақирганмиз”, – деди Д.Фрид.
XS
SM
MD
LG