Линклар

logo-print

Литвада қонун билан, Ўзбекистон шахс истаги билан


Литвада қонун йўли билан советлар ва нацистларнинг рамзлари, мадҳия ва байроқлари таъқиқланди. Эндиликда cовет даврини эслатувчи қизил юлдуз, ўроқ ва болға ёки фашистлар свастикасининг кўрсатилиши маън қилинади.

Ўзбекистонда айни кўринишдаги қонун бўлмаса-да, мамлакатда совет даврига хос размлар, тимсоллар ёки ёдгорликлар аллақачон йўқ қилинган.

Бундан бир неча йил аввал Хоразмда ширкат раисларидан бири идора биноси ичида совет даврига хос ўроқ ва болға расми тургани учун вилоят мутасаддиларидан анчагина дакки эшитгани қулоққа чалинганди. Ҳозир Ўзбекистоннинг бирорта жойида совет даврини эслатувчи ўроқ ва болға ёки қизил юлдуз каби рамзларни учратиш амри маҳол.

Бугунги кунда Ўзбекистон телеканалларида совет даврини эслатувчи кинофильмлар намойиш этилмаслиги, радиоларда эса совет даврига хос қўшиқлар берилмаслиги ҳеч кимни ҳайрон ҳам қолдирмайди.

Ўтган йили ноябрь ойида эса совет даври қўшиқлари куйчиси ҳисобланмиш россиялик машҳур хонанда Иосиф Кобзоннинг Ўзбекистонда концерт беришига йўл қўйилмаган ва ҳатто у Тошкентга киритилмаган эди. Иосиф Кобзон Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов унинг қўшиқлари одамларни совет давридаги ўтмишга қайтаришидан қўрқаётганини билдирганди.

Кузатувчи Ботир Норбоев сўзларига кўра, Ўзбекистонда бир шахс истаги ўлароқ совет даврига хос рамз ва тимсолларга қарши кураш давом этиб келаётир.

“Битта одамнинг буйруғи, хоҳиши билан Ўзбекистонда ҳамма нарса ҳал қилинади. Мана, Лениннинг ҳайкаллари ҳамма жойда олиб ташланди. Советларни эслатувчи Горкий ҳайкали олиб ташланди. Охунбобоев ҳайкали олиб ташланди. Ҳатто Жиззахдаги Шароф Рашидов номидаги туманнинг ҳам номи ўзгартирилди. Шароф Рашидов совет одами. Унинг номи у пайтда мана бу нарсалар яхши эди, деб эсламасин, деган мақсадда ҳам олиб ташлаган бўлиши мумкин”,- деди Б.Норбоев.

Таҳлилчи Комрон Алиев совет даврига хос рамз ва тимсоллар тарихнинг бир бўлаги сифатида сақлаб қолиниши тарафдори.

“Ўзбек халқининг бир вақтлар кўрсатган катта мардонаворлиги, яъни етим бўлган 14 та турли миллат болаларини боқиб олган темирчиларга бағишланган ҳайкал бор эди. У ҳам олиб ташланди. Халқлар дўстлиги метросида совет республикалари герблари қўйилган эди. Буларнинг ҳаммаси олиб ташланди. Ўрни суваб ташланди. Лекин ëдгорлик сифатида, ёшларга тарихда бир вақтлар шунақа республикалар бўлган, деб кўрсатиш нуқтаи назаридан ëки чет элдан келаëтган сайёҳларни ўша жойларга олиб бориб кўрсатиш нуқтаи назаридан бунинг ижобий аҳамияти бўлиши мумкин эди”,- дейди К.Алиев.

Сиёсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев эса Литвада советлар ва нацистлар рамз ва тимсоллари, мадҳия ва байроқларини тақиқловчи қонун қабул қилинганини ижобий баҳолайди.

“Фуқаролар ғашига тегадиган тимсоллар умуман мамлакат осойишталигига, унинг барқарорлигига таъсир қилади. Литвада совет даврига ва нацизмга тегишли тимсоллар тақиқлаши, бир томондан, кўпчилик жамоатчиликни қониқтириши керак”,- деди Т.Йўлдошев.

Комрон Алиев эса бирор даврга ёки бирор гуруҳга хос рамз ва тимсоллар тақиқланишини инсон ҳуқуқлари камситилишининг бир кўриниши сифатида талқин қилади.

“Литвада ҳукумати ҳаракатини нотўғри, деб биламан. Чунки бу одамларнинг бир гуруҳи томонидан ëдгорлик ëки ўз фикрини билдириш воситаси сифатида ишлатилиши мумкин. Биз бунга инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, жамиятнинг қайсидир бўлаги уни ўзига лозим кўради”,- деди К.Алиев.

Айни мавзу юзасидан гапирган ўзбекистонлик таҳлилчилардан бири эса ҳазил аралаш: “Президент Ислом Каримов ҳам совет даври одами, айнан унинг раҳбарлик фаолиятини совет даврига хос, дея тақиқлаш айни муддао бўларди”,- деди.

Совет қўшиқчи сифатида Ўзбекистонга киритилмаган Иосиф Кобзон эса: “Каримов менинг овозимдан чўчийди, чунки бу овоз Ислом Каримов шахсиятида шўро одамини тарбиялаган”,- деганди.
XS
SM
MD
LG