Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:19

Тоғли Бадахшондаги қарама-қаршилик кучаймоқда


Собиқ бирлашган тожик мухолифати собиқ қўмондонларининг ҳукумат ҳарбий кучларини Тоғли Бадахшон вилоятидан олиб чиқиш талабини қувватлаш учун мингдан ортиқ фуқаро ва мухолифатдаги сиёсий партиялар вакиллари митингга тўпланди.

Қўшимча ҳарбий кучларнинг номаълум сабабларга кўра вилоятга олиб кирилишига қарши илк митинг 16 июнь куни бўлиб ўтганди. Ўшанда намойиш ҳарбий кучларни 20 июнга қадар олиб чиқиб кетиш ҳамда вилоят прокурори Рашид Гулмадшоев истеъфоси талаб қилинган ультиматум билан тугаганди.

Бироқ митинг ташкилотчиларининг билдиришича, ультиматум бажарилиши ўрнига ташкилотчилар ва фаол қатнашчилар вилоят миллий хавфсизлик бошқармасига чақирилиб, огоҳлантирилган. Миингчилар гуруҳи президент Имомали Раҳмонга очиқ хат йўллаб, талаблар бажарилишига таъсир ўтказишни сўраган. Давлат раҳбари ва маҳаллий ҳукумат мулозимларидан ижобий жавоб қайтмагани митингчиларни қайта майдонга чиқишга мажбур қилган.

Митинг иштирокчиси Музаффар Муборакшоев “Озоди” радиосининг Бадахшондаги мухбири билан суҳбатда давлат раҳбари ва маҳаллий ҳукумат оддий фуқаролар талаби ва хавфсизлиги билан ҳисоблашмаган ҳолда иш кўраётгани уларни қайта майдонда тўпланишга мажбур қилганини билдирди.

“Бадахшонга қўшимча ҳарбий куч киритилиши Афғонистон билан давлат чегараларини қўриқлашни кучайтириш, деб изоҳланмоқда. Аммо Хатлон вилояти ҳудудидаги давлат чегарасидан ҳар куни минглаб килограмм афғон қорадориси олиб ўтилади, афғонлардан қарздор бўлиб қолган хатлонликларнинг болалар ва аёллари афғон наркогуруҳлари томонидан гаровга олиб кетилаётгани тез-тез қайд этилмоқда. Хўш, нега Хатлонга қўшимча ҳарбийлар олиб кирилмайди, бу ҳудудда давлат чегаралари мустаҳкамланмайди? Бадахшонда ҳалигача бирор марта афғонлар гаровга олган киши қайд этилмаган. Чунки давлат чегаралари етарлича мустаҳкам”,- дейди митинг ташкилотчиларидан бири Мунир Шораҳматуллоев.

Тожикистон демократик партияси Маҳмадрўзи Искандаров қанотининг Бадахшон вилояти бўлими янги раиси Иқбол Муборакшоев сўзларига кўра, давлат раҳбари ҳам, вилоят раиси ҳам қўшимча ҳарбий кучлар фақат давлат чегараларини қўриқлаш учун олиб кирилганини ва халқ осойишталиги кафолатланишини ваъда қилаётган бўлса-да, Бадахшонда вазият тобора издан чиқмоқда. Халқ бошига бир фалокат ёғилиши эҳтимоли мавжуд.

Тожикистон мудофаа вазири Шерали Хайруллоев “Азия плюс” ахборот агентлигига берган интервьюсида Бадахшон вилоятида жиноятчиликнинг тобора ўсиб бориши ҳукуматни жиддий чоралар кўришга мажбур қилаётганини айтган.

“Бадахшон вилояти ҳудудидаги Афғонистон билан деярли қўриқланмай қолаётган давлат чегараларини мустаҳкамлаш зарур. Жорий йилнинг атиги уч ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан наркотиклар ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятлар 40 фоиз ошган”,- деган вазир.

Собиқ бирлашган тожик мухолифати собиқ қўмондони, митинг ташкилотчиларидан бири Имомназар Имомназаров ва тарафдорларининг ҳарбий кучларнинг вилоятдан олиб чиқилишига доир талабига тўхталган мудофаа вазири: “Ҳарбий кучларнинг республика ҳудуди бўйлаб тақсимланиши алоҳида шахслар эмас, балки ҳукумат томонидан белгиланади”, деган ва ҳарбий кучларнинг вилоятга киритилгани атрофидаги ваҳималар оддий халқни ўз манфаатлари йўлида чалғитаётган жиноий гуруҳлар ва шубҳали шахслар томонидан кўтарилаётганини таъкидлаган.

Ш.Хайруллоев И.Имомназаровнинг фуқаролар уруши чоғида бирлашган тожик мухолифатига ҳеч қандай алоқаси бўлмаганини билдирган.

“Бу одамнинг катта миқдордаги наркотиклар ноқонуний савдоси ҳамда бошқа жиноятларда қўли бор. Агар у вилоятдаги вазиятни издан чиқариш мақсадидан қайтмас экан, қўлида мавжуд қуролларни топширмас экан, мен Имомназаровни жисмонан йўқ қилишга доир махсус амалиёт ўтказишга киришаман”,- деган мудофаа вазири.

Социал демократик партиянинг Бадахшон вилояти маҳаллий ташкилоти раиси Олим Шерзамонов аҳолининг намойишга чиқишига асосий сабаб вилоятга қўшимча ҳарбий кучларнинг киритилишига қарши норозиликни ифода этиш эканини билдирди.

Митинг иштирокчиларидан айримлари эса ҳарбий кучлар вилоятда яшаётган собиқ бирлашган тожик мухолифат вакилларини йўқ қилиш мақсадида киритилганини таъкидламоқда.

Аммо расмий ҳукумат Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятига июль ойи бошига режалаштирилган ташрифига тайёргарлик ҳамда Афғонистон билан давлат чегараларини мустаҳкамлаш мақсадида вилоятга қўшимча кучлар олиб кирилганини маълум қилмоқда.

“Озоди” радиосининг Бадахшон вилоятидаги мухбири митингчилар сони соат сайин ортаётгани, айни пайтда улар сони 2 мингга етганини билдирди. Митингчилар орасида Тожикистон Ислом уйғониш партияси ва Тожикистон Демократик партиясининг Маҳмадрўзи Искандаров қаноти вакиллари ҳам бор.

Мустақил таҳлилчилар ҳукумат ва собиқ бирлашган тожик мухолифати аъзолари ҳамда уларга тарафдор сиёсий партиялар ўртасида тобора кескин тус олаётган қарама-қаршилик тожик жамиятида яна бир карра уруш алангасини ёқишга туртки бўлиши эҳтимолдан йироқ эмаслигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG