Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:28

Бундестаг депутати немис ҳукумати сиёсатини қоралади


Германиядаги Эркин демократлар партиясидан Бундестаг депутати Бурхардт Мюллер-Сёнксен Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотга тайёр эмаслиги, Германия эса сиёсий маҳбусларни озод қилиш борасидаги “тактик” муваффақиятларга сотилмаслиги кераклиги ҳақида баёнот берди.

Андижон ҳодисалари ортидан Ўзбекистон ва Ғарб давлатлари ўртасида муносабатлар совуқлашган бўлса ҳам Германия Ўзбекистон ҳукумати билан турли даражаларда мулоқот услубини сақлаб қолган. Термизда ҳануз Германия ҳарбий базаси фаолият юритмоқда.

7 июнь куни Қорақалпоғистонда журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмоновнинг ҳибсга олинишидан кейин Бурхардт Мюллер-Сёнксен (Burkhardt Müller-Soenksen) “Uznews.net”га берган суҳбатида бу ҳодиса Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари соҳасида натижали мулоқот олиб бориш ярамаслиги тўғрисидаги унинг ишончини мустаҳкамлаганини билдирди.

“Мен Солижон Абдураҳмоновнинг ҳибсга олиниши тафсилотларидан хабарсизман, - деди Мюллер-Сёнксен. – Лекин мен Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатда ҳақиқатдан ўзгаришларга олиб келиши мумкин бўлган мулоқотларга тайёрлигига ишонмай қолдим”.

Немис депутатининг айтишича, у Ўзбекистонда жорий йил бошида ўлим жазоси бекор қилингани ва июнь ойи бошида Мўътабар Тожибоеванинг озод этилгани каби инсон ҳуқуқлари борасида амалга оширилган ишлардан яхши хабардор.

Бироқ буларнинг барчаси, Мюллер-Сёнксеннинг ишонишича, Ўзбекистон ҳукуматининг “тактик” қадамлари эди ва буни ҳақиқатдан яхши томонга ўзгаришларга умуман алоқаси йўқ. Шу сабабли дунёда ўзбек режими нуфузи яхшиланишига фаол роль ўйнаётган Германия бу озод этишларни муваффақиятларга боғлашни тўхтатиши керак.

”Ўзбекистон диссидентларни сохталаштирилган айблар билан ушлаб туради, кейин эса уларни кераклича тайёрлаб, яна махсус шартлар билан, озод этади, бу эса ўзгаришлар дея кўрсатилади”,- дейди у.

Депутатнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати қатъиятсизлигининг яна бир далили ўтган ҳафта Тошкентда ўтган, ҳукумат томонидан ўша кунларда Европа Иттифоқи иштирокида ўтказилиши режалаштирилган медиасеменарни алмаштириш учун зудлик билан ташкил қилинган медиаанжуман бўлди.

Амалдаги христиан демократлар ва социал демократларга мухолифатда бўлган Эркин демократик партия, анъанага кўра, Германия Ташқи ишлар вазирлигини бошқариб келган.

Партия аъзолари мақсади айни пайтда ТИВни бошқараётган социал демократларни немис ҳукумати таркибидан чиқариш учун христиан демократлар лидери, канцлер Ангела Меркель билан коалиция тузиш.

Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер дунёдаги энг қаттиқ диктаторлик режимини ҳимоя қилиш истаги билан немис жамоатчилиги таажжуби ва танқидларига сабаб бўлмоқда, гарчанд бу Германия иқтисоди ва ҳарбий манфаатлари учун фойдали бўлса ҳам.

“Мен Ўзбекистон билан мулоқотнинг конструктив бўлишига скептик муносабат билдирган бўлардим ва амалда косметик эмас, ҳақиқий тадбирлар лозим. Айни пайтда Ўзбекистонда позитив ишоратлар ҳам бор. Масалан, ўлим жазоси бекор қилиниши, М.Тожибоеванинг июнь ойида озод этилиши ва болалар меҳнатидан фойдаланиш бўйича халқаро стандартларнинг қабул қилиниши позитив ишоратлардир. Лекин Каримов режими ЕИ билан тактик ўйин олиб боряпти. Бир қадам олдинга, икки қадам орқага, деган тактик ўйин олиб боряпти. Бу жуда хунук. Бунинг ўрнига ҳақиқий ислоҳотлар зарур”,- деди Бурхардт Мюллер-Сёнксен.

Унинг сўзларига кўра, 2007 йилда депутат сифатида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан бирга Термизга ташриф буюрган.

“Бу базанинг кичкиналиги менга сюрприз бўлди. Албатта, ўша пайтда бу Афғонистондаги амалиётлар учун муҳим объект бўлгандир. Аммо биз Германия инсон ҳуқуқлари масаласини аэропортга қурбон қилишини олқишламаймиз. Биз Германия эркин демократлари Берлин ҳукумати олиб бораётган иккиюзламачи сиёсатни қоралаймиз. Бунинг ўйинчилари канцлер хоним ва Штайнмайер”,- деди Бундестаг депутати.
XS
SM
MD
LG