Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:41

Ўзбекистонда Интернет цензурасига қарши янги акция бошланди


Давомли акция мана шу эмблема остида бораëтир.
Давомли акция мана шу эмблема остида бораëтир.

Ўзбекистонга оид ахборотлар тарқатишга ихтисослашган етакчи сайтлар мамлакатда Интернет цензурасига қарши янги акцияни бошлади. Акция “Фарғона.ру” ва “Ўзньюс.нет” сайтлари томонидан ташкиллаштирилди.

Ўзбекистонда матбуот ходимлари кунига атаб уюштирилаётган бу тадбирда мамлакатда тўсиқ қўйилган ҳар бир сайт қатнашиши мумкин. Акция иштирокчилари қаторидан ўрин олиш учун тақиқланган сайтнинг бош саҳифасида ушбу сайт Ўзбекистонда тақиқлангани ëки қисман ғалвирдан ўтказилаëтганига далил сифатида махсус эмблема жойлаштирилиши лозим.

“Бу акцияда қатнашувчи сайтлар учун бир эмблема ўйлаб топилган. Мана шу сайтга Ўзбекистонда тўсиқ қўйилган, деган эмблема сайтларнинг биринчи саҳифасига қўйилиши керак. Ўшандан кейин бу сайт акция тарафдори ҳисобланади”,- дейди “Ўзньюс.нет” муҳаррири Қудрат Бобожонов.

Интернетдаги мустақил ахборот ўқилишига техник тақиқ қўйилиши Ўзбекистонда 2005 йил май ойидаги Андижон воқеаларидан кейин оммавий тус олган эди. Интернет цензураси тадқиқотчиларининг баҳо беришича, ўшандан бери Ўзбекистондаги фойдаланувчиларнинг Интернетнинг жаҳон тармоғига эркин кириши имконсиз бўлиб қолган эди. Ўзбекистонда содир бўлаëтган ҳодисалар хусусида муқобил ахборот тарқатаëтган ва ҳукуматга мухолифатда бўлган партиялар, ҳаракатлар ва ташкилотларнинг веб ресурсларига йўл тўсиб қўйилган.

Ўзбекистонда Интернет цензурасига қарши бундай тадбир биринчи марта ўтказилаëтгани йўқ.

“Бу акция аввал дўстларимиз, ҳамкорларимиз билан бирга ўтказганимиз бир қанча тадбирларнинг биридир. Аввалроқ “Шейм лист”, деган махсус сайт очиб, Ўзбекистонда Интернет сайтлар очилмаëтгани ҳақида ўқувчилардан келаëтган шикоятларни ўша сайтга жамлаган эдик. Бу сафар янги акция ўтказиб, ўқувчилар эътиборини Ўзбекистонда қанча кўп сайтга тўсиқ қўйилганига қаратмоқчимиз”,- дейди “Фарғона.ру” ахборот сайти бош муҳаррири Даниел Кислов.

Ўзбекистон расмийлари мамлакатда Интернет тўсилишини рад этиб келади. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам ўз чиқишларидан бирида Интернетни бўғиш аҳмоқлик эканини таъкидлаган эди.

Даниел Кислов Ўзбекистон президентининг бу баëноти ҳақида фикр билдирар экан, Ўзбекистонда раҳбарлар айтгани ва асл вазиятнинг доим бир-бирига тўғри келавермаслигини таъкидлади.

“Президент гаплари ҳам, мамлакат қонунлари ҳам Ўзбекистонда ҳар бир одам Интернетга ҳеч қандай тўсиқсиз кира олиши мумкинлигини кўрсатади. Лекин негадир амалда бу кузатилмайди”,- деди Д.Кислов.

Халқаро ташкилотлар ҳисоботига кўра, сўнгги йиларда Ўзбекистон жаҳон Интернет цензорлари элита клубининг тўлақонли аъзоси бўлиб қолган. Бу клубга Куба, Вьетнам, Шимолий Корея, Хитой, Тунис ва Мьянма давлатлари киради. Ўзбекистонда мухолифат сайтларига тўсиқ қўйиш тўхтатилмагунича акция иштирокчилари ўз норозиликларини давом эттирмоқчи.
XS
SM
MD
LG