Линклар

Ўзбекистонни тарк этаётганлар оқими кучаймоқда


20 июнь - Xалқаро қочқинлар куни арафасида БМТ тарқатган ҳисоботда дунёда қочқинлар сони ошиб бораётгани, бунга Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар асосий сабаб бўлаётгани айтилади.

Ўзбекистонда эса режим таъқиби натижасида ўзбек қочқинлари сони ошиши давом этмоқда. Бугунги кунда мамлакатни қанча одам тарк этгани, дунёда қанча ўзбек қочқини борлиги ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ Ўзбекистонда мухолифатчилар ва мавжуд тузум сиёсатидан норози шахслар мамлакатни тарк эта бошлади.
Шулардан бири ҳозир Австрияда яшаётган Ёдгор Обид бўлади. У ўтган асрнинг 90-йиллари бошида 12 марта қисқа муддатли қамоқ жазосига маҳкум этилгач, 1995 йилда мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган.

“Менинг чиқиб кетишим фақат ўлимдан ëки қамоқдан қўрққаним учун эмас. Биз ватанни ташлаб, ватандан кечиб кетганимиз йўқ. Ватан тақдирини ўйлаб чиқиб кетдик. Ватандаги ҳозирги ваҳшиëна аҳволни, ҳозирги режимни иложи борича ўзгартириш имконини излаш мақсадида кетганмиз”,- дейди Ё.Обид.

2005 йилги Андижондаги қонли воқеалар сабаб мамлакатдан қочиб кетган андижонлик қочқинлар дунёнинг турли давлатларидан бошпана топди. Андижон воқеалари сабаб жуда кўплаб ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчи шахслар ҳам Ўзбекистонни тарк этиб, қочқин мақоми олишга мажбур бўлди. Ҳозир Канадада яшаётган Холдор Вулқон ҳам шулар жумласидандир.

“Андижон воқеаларидан кейин ҳуқуқ ҳимоячиларига, мухолифатчиларга босим ўтказилгандан кейин ватанни тарк этишга мажбур бўлдик. Бир томондан афсусланиш бор. Афсусланиш қайси маънода? Ватандан жудо бўлганимиз, халқимизга бақамти туриб, унга хизмат қила олмаëтганимиздан афсусланамиз. Иккинчи томондан, хавфсизлигимизни таъминлаб, бола-чақани бу ëққа олиб чиқиб кетганимиз ҳам бир ҳисобда ëмон бўлмади”,- дейди Холдор Вулқон.

Бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида яшаётган ўзбек қочқинларининг аксарияти ўзининг сиёсий фаолиятини давом эттирмоқда. Улар турли ташкилот ва уюшмаларга бирлашиб, Каримов режимига қарши курашни давом эттираётир.

Ҳозир Швецияда яшаётган 61 ёшли Лутфинисо Йўлдошева ҳам мамлакатни тарк этган ўзбек мухолифатчиларидан бири.

“Бу ерда чет эллик хотин-қизлар қўмитаси бор. Унга аъзоман, Қизил хочга аъзоман, социал демократик партия аъзосиман. Лекин болаларим, қариндош-уруғларим, туғилган, яшаган жойим, қўни-қўшниларим барибир тортади. Жуда ҳам соғинаман. Наилож энди”,- дейди Л.Йўлдошева.

Кейинги пайтда диний мотивларда айбланган жуда кўплаб шахслар ҳам мамлакатдан қочишга мажбур бўлди. Бугун намоз ўқиган оддий ўзбек ваҳҳобийлик ёки “Ҳизб ут-таҳрир” оқимига алоқадорликда айбланиши одатий ҳолга айлангани, бу таъқибдан фақат қочиб қутилиш мумкинлигини таъкидлайди кузатувчилар.

Мамлакатдан қочиб чиққан Андижондаги насроний черкови пастори Бахтиёр Тўйчиев Ўзбекистонда диний озчилик вакиллари орасида ҳам босим ва таъқиблардан қочиб мамлакатни тарк этаётганлар кўплигини билдирди.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари уюшмаси вакиласи, асли ўзбекистонлик Надежда Отаева сўзларига кўра, Қирғизистон, Қозоғистон, Украина ва Россияда жуда кўплаб ўзбек қочқини бўлиб, уларнинг аксарияти мушкул аҳволга тушиб қолаётир. Кўпчилик ўзбек қочқинлари диний мотивлар бўйича айбланган. Улар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари сўровига кўра экстрадиция қилинмоқда ёки ўғирлаб кетиляпти. Кейинги пайтда андижонлик қочқинлар ортидан ватанни ташлаб чиқаётган яқинлари ҳам тобора кўпайиб бормоқда.

Холдор Вулқон ўзбек қочқинлари оқими тўхтамаётгани ташвишланарли ҳол эканини гапирди.

“Ҳозир жуда кўп одамлар ватанни тарк этишга мажбур бўлиб, ташқарида юрибди. Бунинг охири қанақа бўлишини Худо билади. Бу яхши оқибатларга олиб келмайди. Ҳамма ватандан чиқиб кетаверса, бунақада ватан ҳувиллаб қолади”,- деди Холдор Вулқон.
XS
SM
MD
LG