Линклар

Термитлар парвоз хавфсизлигига таҳдид соляптими?

  • Ҳасанжон

Айрим ахборот агентликлари тарқатган хабарларда Ўзбекистоннинг турли вилоятларига тезлик билан тарқалаётган термитлар Термиз аэропортидаги парвозлар хавфсизлигига ҳам таҳдид солаётгани билдирилган.

Ўзбекистон жанубида жойлашган бу аэропорт стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Афғонистонда толиблар ва “Ал-Қоида” жангариларига қарши ҳарбий амалиётлар ўтказаётган НАТО етакчилигидаги кучларга зарур бўлган ускуналар ва бошқа анжомларнинг бир қисмини германиялик ҳарбийлар айнан Термиз орқали Афғонистонга етказиб беради. Шу боис, мутахассислар фикрича, Термиз аэропортидаги парвозлар хавфсизлиги нафақат Ўзбекистон, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам муҳимдир.

Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида учрайдиган зараркунанда термитлар Термиз аэропортидан ҳавога кўтарилаётган ва ерга қўнаётган самолётлар парвози хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги тўғрисида айрим ахборот воситаларида тарқалган хабарлар қанчалар тўғри?

“Биз Термизда бу масалани ўрганяпмиз. Германия ҳаво кучлари қўмондонлиги вакили Термиз аэропортнинг ҳарбий бўлмаган директори билан шу масалада сўзлашди. У вакилимизга аэропорт хавфсизлигига термитлар таҳдид солмаётганини айтди”, – деди Германия қуролли кучларининг операциялар бўйича қўмондонлиги вакили.

Унинг билдиришича, Германия расмийлари термитлар аэропорт хавфсизлигига тахдид солиши борасида энтомолог олимлар билан ҳам суҳбатлашган. Олимлар термитлар парвоз хавфсизлигига таҳдид сола олмаслигини айтган.

Қўмондонлик вакили Германия ҳарбийлари зараркунанда термитларнинг аэропорт фаолиятига зиён етказгани ҳақидаги бирор маълумот олмаганини маълум қилди.

“Шубҳасиз, биз термитлар етказиши мумкин бўлган зарар ҳақидаги маълумотни текширяпмиз. Айни дамда биз бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Аммо келаси ҳафтада барча маълумот қўлимизга етиб келади. Ҳозирча биз реал таҳдид борлигини кўрмаяпмиз”,– деди қўмондонлик вакили.
XS
SM
MD
LG