Линклар

БМТ жинсий таҳқирлашни “уруш тактикаси” сифатида баҳолади

  • Ҳасанжон

Қуролли можаролар юз берган ўлкаларда аёлларнинг зўрланиши халқаро миқёсда деярли муҳокама қилинмайди. Аммо БМТ Хавфсизлик кенгаши жинсий таҳқирлашни “уруш қуроли” сифатида талқин этувчи резолюция қабул қилди.

Уруш ҳаракатлари бораётган минтақаларда аёлларнинг зўрланиши янгилик эмас. Истеълочиларнинг жинсий таҳқирлаши асрлардан бери давом этмоқда.
Бироқ БМТ резолюциясида жинсий тажовуз фақат уруш маҳсули эмас, балки уруш тактикаси экани қайд этилган.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун урушдан энди қутулган айрим минтақаларда аёлларга нисбатан зўравонлик мисли кўрилмаган даражага етгани ва ҳатто пандемик тус олганини айтди. Хавфсизлик кенгаши йиғилишига қисман раислик қилган АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс эса жинсий таҳқирлаш давлатлар хавфсизлигига таҳдидлигини дунё тан олганини билдирди.

“Ушбу дунё ташкилоти можаролар зонасида содир этилаётган жинсий таҳқирлашлар хавфсизлик муаммоси эканини тан олди. Таъкидлашимиз лозимки, жинсий таҳқирлаш нафақат аёллар соғлиғи ва хавфсизлигига, балки мамлакатлар иқтисодиёти ва ижтимоий барқарорлигига катта салбий таъсир кўрсатади”,– деди К.Райс.

БМТ резолюциясида жинсий таҳқирлаш уруш жинояти ва геноциднинг бир қисми экани таъкидланиб, урушаётган давлатлар ёки гуруҳлар барча кўринишдаги жинсий таҳқирлашни тўхтатишга чақирилган.

Бу ҳужжат йиғилиш қатнашчилари томонидан бир овоздан қабул қилинди. Зотан, Россия бундай ҳужжатни муҳокама қилиш учун махсус йиғилиш ўтказишга қарши чиққан эди.

“Ҳьюман райтс уотч” инсон ҳуқуқлари ташкилоти БМТ Хавфсизлик кенгашида бундай резолюция қабул қилинганини “тарихий ютуқ”, деб атади. Чунки БМТ шу пайтгача уруш бўлаётган минтақаларда аёлларнинг зўрланиши муаммосига эътибор бермай келаётган эди.

90-йиллар бошида Болқонда рўй берган урушда жинсий таҳқирлаш уруш қуроли бўлди.

“1990 йиллар бошида Хорватия ташқи ҳужумга учради. Хорватия Европа марказида жойлашган бўлса ҳам жинсий таҳқирлашдан қўрқитиш ва террор воситаси сифатида фойдаланилди. Айни босқинчилар тажовузига учраган Босния-Герцеговинада ҳам жинсий таҳқирлаш ва зўрлашдан этник тозалаш воситалари сифатида фойдаланилди”, – деди Хорватия бош вазири ўринбосари Ядранка Косар бу ҳақда гапириб.

Ҳозир Конго Демократик Республикасида бу борада вазият аянчли экани айтилмоқда.

Генерал-майор Патрик Коммерт йиғилиш қатнашчиларига Конго шарқида БМТ тинчликпарвар кучлари қўмондони бўлиб хизмат қилган пайтида жинсий таҳқирлашнинг салбий оқибатига шахсан ўзи гувоҳ бўлганини билдирди.

“Қуролли можаролар юз бераётган минтақаларда ҳарбий аскар бўлишдан кўра аёл бўлиш анча хавфлидир”,– деди генерал.

Айрим давлатларда фақат урушаётган томонлар эмас, балки тинчликни сақловчи БМТ аскарларининг ўзи ҳам жинсий тажовуз қилганликда айбланган.

Қабул қилинган резолюцияда бундан жиноятларни тўхтатиш ёки олдини олиш учун огоҳ бўлишга чақирилган. Бироқ бу ҳужжатнинг амалга қандай тадбиқ этилиши маълум эмас. Ушбу резолюция ижроси бўйича БМТ бош котиби Пан Ги Муннинг бир йилдан кейин ҳисобот бериши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG