Линклар

logo-print

Партиялар бирлашди

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистондаги икки сиёсий партия – “Фидокорлар” ва “Миллий тикланиш” партиялари ўзаро бирлашди. Уларнинг бирлаштирилиши шахсан мамлакатнинг олий раҳбарияти топшириғи билан бўлгани айтилмоқда.

Бирлашган партия аъзоларидан бири Россиядаги “Новости” ахборот агентлигига берган интервьюсида: “Бу икки партия ўз олдига жуда ўхшаш вазифалар - ўзбек миллати учун хос бўлган ватанпарварлик, фидокорлик, тарихий анъаналарга ҳурмат каби фазилатларни шакллантириш каби вазифаларни қўйган эди. Шундан келиб чиқиб, биз бирлашишга қарор қилдик”,- деди.

Партия аъзосининг ўзи ҳам таъкидлаб ўтганидек, бу икки ҳамда расмий рўйхатдан ўтказилган бошқа яна 3 партия ҳам (демак, жума – 20 июнгача ҳаммаси бўлиб 5 та эди) бир-бирига жуда ўхшаш.

Ҳар ҳолда расман тан олинмай келинаётган “Бирлик”, “Эрк” каби партиялар тарафдорлари худди шундай фикрда.

Хўш, нима учун бирлашди фидокорлар билан миллатни тикловчилар?

“Май ойининг бошларида “Фидокорлар” билан “Миллий тикланиш”ни қўшиб юборинглар, деган гапни президент оғзаки айтган. Булар жойларда бўлаëтган конференцияларни номига ўтказган. Буйруқ тепадан бўлганини ҳамма билади. Партия раиси Аҳтам Турсунов бўлсин, деган топшириқ ҳам бўлган. Шу бўйича кеча тинчгина қурултой бўлиб ўтган. Бу ерда бирор-бир ижтимоий ëки сиëсий сабабларни кўриш қийин”,- дейди мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов.

Демак, 20 июндан бошлаб Ўзбекистонда “Фидокорлар” йўқ. Шу номдаги партияни назарда тутяпмиз, албатта. Иккитаси қўшилиб биттага айланган партия “Миллий тикланиш” номини сақлаб қолди.

“Миллий тикланиш”га қўшилиб кетган “Фидокорлар” партияси бир неча йил олдин “Ватан тараққиёти” партияси билан қўшилган эди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг айтишича, “Фидокорлар” ва “Миллий тикланиш” партиялари ўзларининг сиёсий платформаларига кўра бир-биридан фарқланувчи партиялар эди.

“Миллий тикланиш” миллий қадриятларни ҳимоя қиладиган консерватив партия. Агар дастурни таҳлил қиладиган бўлсак, биринчи ўринда оила қадриятлари, ўзбек тили ва глобаллашиш шароитида ўзбек этноси қадриятларини ҳимоя қилишга қаратилган бир партия. “Фидокорлар” партияси ғоялари синдиоз. Яъни бир томондан миллий консерватизмга урғу беради. Бу партия 1999 йилда тузилган эди ва бу партиянинг тузилишини мен анчагина кузатганман. Уларнинг асосий ғояси шундан иборат: давлатнинг ва жамиятнинг тараққиëтида шундай мураккаб даврлар бўладики, инсонлар, шахслар ўзларининг манфаатидан воз кечиб, фидокорлик кўрсатиши керак. Давлатни ва ҳукуматни қўллаб-қувватлаши керак. Шу нуқтаи назардан ўша даврларда мана шундай фидокорлик кўрсатиш мақсадга мувофиқ, деган ғояни олдинга сурган. Айни пайтда партия платформаси ëшлар ва хусусий тадбиркорликка эътибор берган. Яъни парадокс, зиддият бор. “Миллий тикланиш” партиясининг иқтисодий соҳада платформаси умуман йўқ. Шунинг учун “Миллий тикланиш” ва “Фидокорлар” партияларининг ғоя ва мақсадлари бир-бирига яқин, дейиш анчагина катта хато”,- деди К.Раббимов.

Унинг сўзларига кўра, партиялар соҳасидаги сиëсатни шахсан президент ва президент мутасаддилари бошқаради. Партиялар тузилиши, рўйхатга олиниш ёки олинмаслиги, парламентдаги фаолияти, депутатлар сонини шахсан президентнинг ўзи белгилайди.

“Президент деганда Каримовни назарда тутяпман. Ўзбекистон шароитида партия тузиш сиëсати Каримовнинг назорати остида экан, икки партиянинг бирлашиш ғояси шахсан Каримов томонидан олдинга сурилган. Албатта, бу расман унақа бўлиши мумкин эмас. Президент девонининг ичида махсус бўлим бор. Бу бўлим сиëсий партиялар билан ишлайди. Бу бўлимнинг бошқарувчиси шахсан президентга парламент ва сиëсат борасида ҳисобот бериб туради. Шу бўлим сиëсий партияларнинг, депутатларнинг, кейинги пайтда Сенатнинг фаолияти тўғрисида президент билан тузилма ўртасида боғловчи ҳисобланади. Ўзбекистон шароитида партиялар ва парламент ҳеч қанақа мустақил сиëсий тузилмалар эмас. Уларни мустақил дейиш абсурд. Улар қайси мақсадда бирлаштирилганини айтишга ҳозир ожизман”,- деди сиёсатшунос.

Биттага айланган “Фидокорлар” ва “Миллий тикланиш”дан ташқари расмий қайддан ўтказилган яна уч партия – Халқ демократик, “Адолат” ва Либерал демократик партиялар бор.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси, “Эрк” демократик партияси, “Озод деҳқонлар” партияси каби сиёсий тузилмалар расмий қайддан ўтказилмай келинади. Расмий Тошкент бундай партиялар мавжудлигини тан олмайди.
XS
SM
MD
LG