Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:48

Биридан ном қолди, биридан раҳбар


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:mBiPDMKlV3GDwM:http://www.ut.uz/images/03.2006_r_obsh_5.JPG Ўзбекистондаги “Милий тикланиш” ва “Фидокорлар” миллий демократик партиялари қўшма қурултойи ҳар иккала партияни бирлаштириш ҳақида қарор қабул қилди. Бундан олдин ўз ичига “Ватан тараққиëти” партиясини сингдирган “Фидокорлар” партияси “Миллий тикланиш” партияси таркибига кирди.

“Фидокорлар” партияси номини йўқотди, аммо собиқ партия раиси Аҳтам Турсунов бирлашган “Миллий тикланиш” партиясига раис бўлди. “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Хуршид Дўстмуҳаммад раисликдан олинди.

Расмий Тошкент чўнтагидаги сиëсий партиялар сони биттага камайди.

Агар эсласак, Хуршид Дўстмуҳаммад ўтган йили кузда Ўзбекистон президенти сайловида рўйхатдан ўтиш учун беш фоизлик сайловчилар овозини тўплаш тўсиғидан ўта олмаган эди.

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ББС радиоси ўзбек хизмати дастурида тингловчилар саволларига жавоб бергани Оқсарой мулозимлари таъбига ўтирмаганди. Президент сайлови пайтида “Бирлик” фаолларининг Хуршид Дўстмуҳаммадни ошкора қўллагани ҳам Оқсарой учун исталмаган бир ҳолат эди.

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг Андижон исëнчиларини кўпикка ўхшатгани охир-оқибат тескари эффект бериб, Оқсаройдаги мулозимлар энсасини қотиргани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган таҳлилчилар назарида партияларни бирлаштириш ва Хуршид Дўстмуҳаммадни сиëсатдан узоқлаштириш ишорати ҳам Оқсаройдан тушган.

“Фидокорлар”ни ўзига сингдирган “Миллий тикланиш” партияси Тошкент шаҳри кенгаши раиси ўринбосари Нодирахон назарида партияларнинг қўшилиши айни муддао бўлган.

“Устав ва дастурлардаги ғоялар бир-бирига мос келгани, бир-бирига ўхшагани учун бирлаштирилди. Мен бунинг тарафдориман ва қўллаб-қувватлайман. Иккита партия бирлашиши ишнинг янада тезроқ ривожланишига хизмат қилади”,- деди Нодирахон.

Нега “Миллий тикланиш” партияси номи қолди?

Бу саволга жавоб берар экан Нодирахон: “Туманларда, вилоятларда йиғилишлар ўтказдик. Атамалар бўйича анча тортишувлар бўлди. Охир-оқибат шу тўхтамга келинди. “Миллий тикланиш” атамаси мос келди. Бу ҳақда президент девонидан ҳам кўп таклифлар бўлди. Улар бошида Миллий демократик партия, деб ном қўямизми, дейишди. Иккита “Миллий” такрорланиб қолмасмикин, деб яна “Миллий тикланиш” демократик партияси, деб номланди”,- деди.

1994 йилда Ўзбекистонда “Ватан тараққиëти” партияси ташкил этилган ва унга шоир Усмон Азим бош қилиб тайинланган эди . Кейин бу партия “Фидокорлар”га қўшиб юборилди. Партия раиси Усмон Азим эса четга суриб қўйилди. Кузатувчи Комрон Алиев назарида бу галги воқеа сал бошқачароқ мақсадни кўзлаган.

“Ўша вақтда тузилган “Ватан тараққиëти” партияси “Бирлик”ка муқобил сифатида тузилган партия эди. Анчагина одамлар “Ватан тараққиëти”га ўтган. Шу нуқтаи назардан ҳукуматга у айтарлича тўғри келмай қолди. Олдинига Усмон Азимни вазифасидан бўшатишди. Кейин партияси ҳам қўшиб юборилди. “Ватан тараққиëти” тугатилиши негизида, асосан, сиëсий сабаблар ëтибди. Ҳозирги партияларнинг бирлашишига келсак, бу ердаги сабаблар у пайтдаги сабаблардан кўра анча бошқача”,- дейди К.Алиев.

У ўзбек халқини “кўпик”, деб атаган Хуршид Дўстмуҳаммад бир кун келиб ўзи ҳам кўпик каби четга отилганини таъкидлади.

Бундан олдин ББС жаҳон хизмати саволларига жавоб берган Хуршид Дўстмуҳаммад “кўпик” калимаси тинч аҳолини қирғин қилганларга қаратилганини айтганди.

“Қайси ёзувчи ёки зиёли одам халқнинг шаънига шу гапни айтиши мумкин? Наҳотки, мен шу гапни айтишим мумкин? Бу фожеа Андижон халқининг фожеаси эмас, бутун Ўзбекистоннинг фожеаси. Ҳаммамизнинг бошимизга тушган кулфат бу. Менинг ўша ташбеҳим халқнинг шаънига қаратилган эмас”,- деган эди Х.Дўстмуҳаммад.

“Омон Матжон, Усмон Азимов, Мурод Муҳаммад Дўст каби Оқсаройда ишлашга изн берилганлар ва кейинчалик Оқсаройдан қувилганлар сафига Хуршид Дўстмуҳаммад ҳам қўшиладиган кўринади,- дейди шоира Гулчеҳра Нуруллаева. - Фикрловчи онгли шоир ва ëзувчилар бирма-бир истеъфога чиқарилмоқда. Бундан сал олдин Иброҳим Ғафуров бошига шундай кун тушган эди. Мана энди Х.Дўстмуҳаммад. Ҳар ҳолда Х.Дўстмуҳаммад нисбатан халқ ҳаëтини биладиган, юрагининг қаеридадир халқ учун куюнадиган жойи бор эди. Бу унинг асарларидан ҳам билиниб туради. Мана шу нарса раҳбариятни чўчитган бўлиши керак. Оқибатда иккита партияни сунъий равишда бирлаштириб, сиëсий фаолиятдан четлаштирилган бўлса керак, деб ўйлаяпман”.
XS
SM
MD
LG