Линклар

Ҳибсдаги журналист иши юзасидан ҳали ҳам тергов бошлангани йўқ


Германиядаги “Журналистик суриштирув” ташкилоти қорақалпоғистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва журналист Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинганидан хавотир билдирди.

Ташкилотнинг ўттизга яқин аъзоси Ўзбекистон ҳукуматига мурожаатга имзо чекди. Шунингдек, 19 немис журналисти ҳам С.Абдураҳмоновнинг ҳибсга олинганидан хавотир билдириб, Ўзбекистон ҳукуматига очиқ хат билан мурожаат қилди.

“Журналистик суруштирув” ташкилоти фаолларидан бири германиялик журналист Маркус Бенсманн Солижон Абдураҳмонов ҳибсда қийноқларга учраши ва кўп йиллик қамоқ жазосига тортилишидан ташвиш билдиради.

Унинг айтишича, ташкилот вакиллари Ўзбекистон ҳукуматига мурожаатида С.Абдураҳмонов иши юзасидан ҳаққоний ва очиқ текширув ўтказишни сўраган ҳамда журналистларни таъқиб этишни тўхтатишни талаб қилган.

Германиядаги Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти ҳам С.Абдураҳмоновнинг ҳибсга олинишидан ташвиш билдириб, Ўзбекистон президентига мурожаат қилди.

Ташкилот ижрочи директори Карл Хафеннинг “Озодлик”ка билдиришича, мурожаатномада президент Ислом Каримовдан С.Абдураҳмоновнинг озод қилиниши сўралган.

7 июнь куни ҳибсга олинган С.Абдураҳмонов айни пайтда Нукус шаҳри тергов изоляторида сақланмоқда. У наркотик моддалар сақлаш ва истеъмол қилишда айбланмоқда. Ҳибсга олинган вақтда унинг машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилган.

Адвокат Баҳром Абдураҳмонов бу иш бўйича тергов ҳали ҳам бошланмаганини билдирди.

“Тергов жараëни бўйича ҳеч қандай ўзгариш, ҳеч қандай ҳаракат йўқ. Кеча автоэкспертиза бўйича қарор тайëрланди, лекин ҳали экспертга топширилмаган. Мен бугун шу масала бўйича Солижон акам билан гаплашдим. У менга: “Озгина шошмай тур. Ўзлари бирор нима режалаштираëтган бўлса керак”, деб айтди”,- деди адвокат.

Унинг таъкидлашича, С.Абдураҳмоновга сиёсий айблар ҳам қўйилиши мумкин. Чунки ҳуқуқ-тартибот ходимларини кўпроқ журналистнинг сиёсатга қарши ишлари қизиқтирмоқда.

Адвокат Солижон Абдураҳмоновга нисбатан ҳибсхонада ҳеч қандай қийноқ ёки босим кузатилмаётганини маълум қилди.

Солижон Абдураҳмонов “Озодлик” ва “Америка овози” радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти сингари бир қатор халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Ҳозир ҳам у “Uznews.net” сайтининг Қорақалпоғистондаги мухбири. Шунингдек, у беш йилдан буён Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг ҳудудий вакили сифатида фаолият кўрсатиб келяпти.
XS
SM
MD
LG