Линклар

Янги қонун одам савдоси қурбонларига бирмунча енгиллик беради


Ўзбекистонда одам савдоси қурбони бўлган шахслардан эндиликда консуллик хизматлари учун пул олинмайди. Айни янги тартиб “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун кучга киргач амалга тадбиқ қилина бошлади.

Шахс ҳужжатларини йўқотган тақдирда унинг шахсини аниқлаш, ҳужжатларини расмийлаштириш, яъни фуқарога Ўзбекистонга қайтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг барчаси бепул қилинади.

Жорий йилда Ўзбекистон одам савдосига қарши халқаро конвенцияни ратификация қилди. Ўзбекистон фуқароларини ҳимоялаш учун парламент томонидан “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шунингдек, одам савдоси билан шуғулланганларга жазо чораларини кучайтиришни назарда тутган яна бир қонун парламент муҳокамасига юборилган.

Яқинда АҚШ ҳукумати бу амалларни Ўзбекистон томонидан одам савдосига қарши курашдаги конкрет қадамлар, дея баҳолади. Балки айни ижобий амаллар яқин орада ўз самарасини берар. Лекин ҳозирча одам савдоси қурбонларига айланаётган ўзбекистонликлар сони юқорилигича қолаётир.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги уч йил давомида ҳуқуқ-тартибот органларига траффик қурбони бўлган шахслар томонидан мингдан зиёд ариза тушган.

Тошкентдаги “Истиқболли авлод” ташкилотига эса кейинги олти йил мобайнида одам савдоси қурбони бўлганлар томонидан 5000дан зиёд ариза тушган.

Чинозлик Аҳрор Жумазов ҳам беш қариндоши билан одам савдоси қурбони бўлган. Улар жорий йилда Қозоғистонда 25 кун давомида қул ўрнида ишлашга мажбур қилинган.

“Чиноз туманилик Ким Вика исмли аëл бизларни алдаб, 300-350 минг сўмдан ойлик ваъда қилиб, Қизилўрдага олиб келди. Учинчи кундан бизни уриб ишлатишни бошлашди. Эрталабки 8дан кечки 9гача ишлардик. Овқатимизнинг тайини йўқ эди. Кечаси ҳам ем ва шунга ўхшаган бошқа нарсалар келса уйғотишарди. Молига, қўйига, чўчқасига қарадик. Бир кунда деярли бир гектар ер ағдарардик. Кейин бизга учтадан қоровул қўядиган бўлди. Улар йигитларимизнинг устидан кулиб ҳар кун урадиган бўлди. Хўжайиндан бизни юртимизга жўнатиб юборишни сўрасак, у бизни сотиб олганини, қўйиб юбормаслигини айтарди”,- деди Аҳрор Жумазов.

Кузатувчи Тўрабек Сано фикрича, ўзбекистонликларнинг траффик қурбонига айланиши олдини олиш учун мамлакатдаги иқтисодий муаммоларни бартараф қилиш ва ишсизликни тугатиш зарур.

“Одам савдосидан энг кўп азоб чекаëтганлар ўзбек аëлларидир. Қолаверса, Россия ва Қозоғистонда қулликда азоб чекаëтганлар ўзбек мардикорларидир. Ўзбек мардикорлари аҳволини ўнглаш учун Ўзбекистонда ҳаммасини нолдан бошлаш керак. Одам савдосига қарши курашиш учун, аввало, Ўзбекистоннинг ўзида ислоҳот ўтказиш керак”,- деди кузатувчи.

Ўзини зиёли мардикор санайдиган ўзбек шоири Баҳром Ғойиб ўзбеклар қул ўрнида сотилишининг асосий сабаби Ўзбекистоннинг ўзида ўзбек халқининг хўрланиши эканини айтади.

“Ўзбекистонда ўзбек хўрлангани учун ҳам бу ерда хўрланяпти. Афсуски, ҳозир минглаб ўзбеклар тўзиб кетди. Россия, Корея, Қозоғистонда нон топиш учун юрибди. Қанча одам ҳақини ола олмасдан юрибди”,- деди Б.Ғойиб.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистонда жорий йилда одам савдосига қарши кураш борасида қонунларнинг қабул қилиниши жуда яхши, лекин бу ундан самарали ишлар кутиш мумкинлигини кафолатламайди, яъни демократия йўқ мамлакатда қонунларнинг ҳаётга тадбиқ қилиниши жуда қийин.
XS
SM
MD
LG