Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:00

ЕИ ҳафсаласи пир бўлишига кўниккан кўринади


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:rIQ7PqBpxT_z7M:http://www.deleri.ec.europa.eu/eu_Img.jpg Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкцияларни вақтинча тўхтатишга қарор қилганидан қарийб икки ой ўтиб, бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи борасидаги хавотирлар камаймади.

Бир қўл билан ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ва қария сиёсий маҳбус Аҳмаджон Одилов озод этилган бўлса, иккинчи қўл билан мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинди ва эркин матбуотга ҳужумлар давом этди. ЕИ расмийларининг бу вазиятга бераётган баҳоси ҳам шунга монанд бир қадар аралаш.

ЕИнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел ўтган икки ой муддатни оғир, деб баҳолади.

“Бу вақт мобайнида биз Тожибоева хонимнинг озод этилишига эришдик. Биз буни етарли эмас, дедик ва аслида ҳеч қачон Ўзбекистондаги вазиятни яхши, деб айтмаганмиз. Лекин барча имкониятларни ишга соляпмиз. Шунинг учун плюсларимиз ҳам, минусларимиз ҳам бор”,– деди Пьер Морел.

Унинг айтишича, ЕИнинг Ўзбекистонга оид жорий сиёсатидан кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлаётган бўлса ҳам унинг баъзи натижаларидан кўз юмиб бўлмайди.

“Мамлакатда содир бўлаётган салбий воқеаларга биз ҳам кўз юмаётганимиз йўқ-ку,– деди Пьер Морел. - Биз бу воқеалар ҳақида биламиз ва уларни кузатиб боряпмиз. Бизнинг ҳам ҳафсаламиз пир бўляпти. Биз ҳам вазиятга таъсир этиш учун унга аралашяпмиз. Қилаётган ишларимиз унчалик ошкор этилмаётган бўлса ҳам майли. Лекин бир нарсани айтмоқчиман, агар ҳафсаламни пир қилмасдан ишламоқчиман, дейдиган одам бўлса, Ўзбекистон унинг учун мутлақо тўғри келмайди”.

Лекин ҳафсаласи пир бўлаётганига қарамай, Ўзбекистон йўналишида иш олиб бораётган халқаро тузилма фақат ЕИ эмас, албатта ва бу ташкилотларнинг аксари ЕИни Ўзбекистонга қарши санкцияларни асоссиз юмшатаётганликда айблайди. Энг нуфузли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти бўлмиш “Ҳьюман райтс уотч” вакиласи Вероника Санта Гольдстоннинг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматининг ЕИга намойиш этаётган қадамлари тизим ўзгараётганидан далолат бермайди.

“Санкциялар бекор қилинса, расмий Тошкентга фалокатли ишоралар берилган бўлади. Улар ўзларининг барча ҳаракатлари ЕИ томонидан тўла қўллаб-қувватланаётгандек ҳис этади. ЕИнинг инсон ҳуқуқлари сиёсати бадном бўлади ва энг ёмони, тузилма Ўзбекистонга таъсир ўтказиш учун барча сўнгги воситасидан айрилиб қолади”,- деди Вероника Санта Гольдстон.

Ҳозирча ЕИ ва Ўзбекистон алоқаларини кузатаётган халқаро ташкилотлар ўртасидаги муносабатлар гўё маълум сценарий асосида ривожланаётгандек.

Режимга тамғадек босилган санкциялардан қутилиш учун расмий Тошкент рамзий силжишларни намойиш этади. Ўз иқтисодий ва сиёсий манфаатларини кўзлаётган ЕИ бу силжишларни қайд этиб, расмий Тошкентни хафа қилмайдиган бир қарор чиқаради. Халқаро ташкилотлар бирини вазиятга кўз юмаётганликда, бошқасини эса кўзбўямачиликда айблашда давом этади.

Лекин ҳаммаси бошқача йўлдан ҳам бориши мумкинми?

“Озодлик/Озод Европа” радиосининг Брюсселдаги муҳбири Ахто Лобякас сўзларига кўра, бугун бошқа сценарийни расмий Тошкент ҳам, Европа Иттифоқи ҳам истамаётир.

“Ўзбекистон ҳукумати қанчалик кичик қадамлар билан бўлса ҳам ҳаракат қилишда давом этар экан, ЕИ бунга жавоб беради ва муносабатлар давом этади. Лекин ҳаракат тўхтаб қолса, ЕИ Ўзбекистон билан муносабатларини қайтадан кўриб чиқишга ва санкциялар усулига қайтишга мажбур бўлади. Буни эса иккала томон ҳам истамайди”,– деди Ахто Лобякас.

22-23 июль кунлари ЕИ ташқи ишлар вазирлари санкциялар вақтинча тўхтатилганидан кейин Ўзбекистондаги 3 ойлик натижаларни кўриб чиқади. Октябрь ойида эса ЕИ расмийлари бу масалага яна қайтиб, санкцияларнинг кейинги тақдирини ҳал этади. Санкциялар сақланиб қолар экан, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ЕИнинг кун тартибидан тушмайди ва халқаро жамоатчилик диққат марказида қолаверади.
XS
SM
MD
LG