Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:49

БМТ Зимбабведаги вазиятдан хавотирда


БМТ Хавфсизлик кенгаши тарқатган баёнотда сиёсий зўравонликлар сабабли Зимбабведа эркин ва адолатли сайлов ўтказиб бўлмаслиги таъкидланган. Бу баёнот Хавфсизлик кенгашининг барча аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди.

Ушбу баёнот кенгашнинг Зимбабведаги бўҳрон борасида кўрган биринчи расмий чораси бўлди. Якшанба куни Зимбабве мухолифати етакчиси Морган Цвангирай тарафдорларига нисбатан зўравонликларнинг ортиб кетгани боис, президент сайловидан ўз номзодини қайтариб олганди.

Хавфсизлик кенгашида илк бор қабул қилинган бундай баёнот Зимбвабедаги сиёсий инқироз борасида халқаро жамоатчилик хавотирларини акс эттиради.

Сайловнинг биринчи давраси бошланган март ойидан буён Зимбабведа кўплаб мухолифат тарафдорлари ўлдирилди, минглаб одам қамоққа ташланди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши бундай зўравонликлар кампаниясини қоралади ва бу вазиятда 26 июнга белгиланган сайловни эркин ва адолатли ўтказиб бўлмаслигини таъкидлади.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун бу мамлакатдаги вазиятга баҳо бериш учун ўз захирасидаги энг кескин сўзларни ишлатди.

“Айнан ҳозирги пайтда Зимбабведа эркин ва адолатли сайловни ўтказишга ҳеч қандай шароит йўқ. Бу ерда жуда кўп зўравонликлар бўлди, одамлар қўрқитиб қўйилди. Бундай шароитда ўтказиладиган ҳар қандай сайлов қонуний кучга эга бўлмайди”,- деди БМТ бош котиби.

АҚШ, Буюк Британия ва бошқа қатор давлатлар қабул қилинган баёнотнинг бундан ҳам кескин бўлиши лозимлигини билдирди. Бу давлатлар БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан Роберт Мугабе ҳукумати қораланишини ва кейинги сайловларга қадар Морган Цвангирайнинг қонуний президент сифатида эътироф этилишини хоҳлади.

Баёнотнинг бу тарзда қабул қилинишига Жанубий Африка Республикаси, Хитой ва Россия қарши чиқди. Лекин улар ҳам баёнотнинг сўнгги версиясини маъқуллаб илк бор Зимбабвени қоралашдан ўзга чора кўрмади.

Айни пайтда Р.Мугабе ортиб бораётган халқаро танқидларга парво ҳам қилаётгани йўққа ўхшайди.

Сайловнинг биринчи даврасидан сўнг Цвангирайдан орқада қолаётган Мугабе унинг тарафдорларига нисбатан зўравонликларга ўзининг ҳеч қандай дахли йўқлигини айтмоқда.

1980 йилда Зимбвабе мустақил бўлганидан буён ҳокимиятда қолаётган Роберт Мугабе ўзининг фақат Худо томонидан ҳокимиятдан четлаштирилиши мумкинлигини даъво қилиб келади.

Жума куни Мугабенинг БМТдаги элчиси Бонифаци Чидяусику мамлакатдаги сайлов аввал режалаштирилгандай ўтказилишини билдирди.

“Конституциямизга биноан муддат белгиланганидан кейин сайлов, албатта, бўлиб ўтади. Билишимизча, сайлов жума куни ўтказилади”,– деди Р.Мугабенинг БМТдаги элчиси.

Айни пайтда мухолифат етакчиси Цвангирай Ҳараредаги Нидерландия элчихонаси биносида қолаётир.

Якшанба куни ўз тарафдорларига нисбатан уюштирилаётган зўравонликлар сабабли сайдовдан номзодини қайтариб олган Цвангирай элчихонадан бошпана сўрашга мажбур бўлди.
XS
SM
MD
LG