Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:08

Судлар мустақил бўладими?


Душанба куни президент Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Расмий хабарномада мазкур қарор суд тизимини янада демократлаштиришга қаратилгани ёзилган эса-да, мутахассис ва кузатувчилар президент қарорининг маънисиз экани, йўқ деганда, Ўзбекистонда суд мустақил эмаслиги ва қонунлар ишламаслигини расман тан олиш, демоқда.

Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори 23 июнь куни эълон қилинди.

Бир қарашда, президент имзолайдиган кўплаб қарорларга ўхшаш ҳужжат, одатдагидек, мустақиллик йилларида маълум соҳада, айни қарор мисолида, суд тизимини демократлаштириш ва либераллаштириш соҳасида катта ишлар амалга оширилгани ҳақидаги умумий гаплардан бошланади. Матн тушунарли тилда ёзилган ва синчковлик билан ўқиган ўқувчи унинг маъносини тушуниб олиши мумкин.

Лекин Ўзбекистонда судлар шундоқ ҳам мустақил, ҳар қалай конституцияга кўра шундай ва кейинги йилларда суд тизимини демократлаштириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилгани инобатга олинса, бу қарорнинг маъниси нимада, деган савол туғилади.

Ўзбекистонлик адвокат Руҳиддин Комилов ҳам қарор матнини ўқиб, унинг маънисини тушуна олмаган ҳуқуқшунослардан бири.

“Мана шу қарорни ўқиб чиқиб ҳеч нарсани тушунмадим. Нима учун ташкил қилинган бу марказ? Марказнинг қарорда кўрсатилган ваколатлари судлар тўғрисидаги қонунда мавжуд. Қонуний ишлашни қарор билан таъминлаб бўлармикин, деган савол туғиляпти. Амалда суд мустақиллигининг ҳуқуқий базасини яратиб берган ажойиб қонунларимиз мавжуд. Энг қизиқ тарафи, бу қанчалик ишлаяпти ëки ишламаяпти”,- дейди ҳуқуқшунос.

Ўзбекистон телевидениесидан ўқиб эшиттирилган қарорда, жумладан: “Суд, жиноят процессуал, фуқаролик процессуал, хўжалик процессуал қонунчилигини, суд ишларини юритишни демократлаштириш бўйича чора тадбирлар ишлаб чиқиш: Суд ҳокимиятининг обрўсини ошириш ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, суд фаолиятига аралашиш ҳолларига барҳам бериш ва ғайриқонуний суд қарорлари чиқарилишига йўл қўймаслик бўйича таклифлар тайëрлаш”.

Бу президент қарори матнида келтирилган янги марказ вазифаларининг баъзилари эди, холос.

Яъни суд тизими мустақиллигини таъминлаш, судлар обрўсини ошириш ва ҳоказо ишлар қилиниши бўйича бутун бошли тадқиқот марказини ташкил этишга эҳтиёж пайдо бўлган бўлса, Ўзбекистон конституциясининг судлар мустақиллигини кафолатловчи моддаси ишламаётганининг расмий эътирофи эмасми бу қарор?

“Бу гапингизга қўшиламан. Бу гапингиз 100 фоиз ҳақиқат. Лекин биз ўзимизга ўзимиз кўзгу бўла оламизми? Ҳеч қачон. Қанақа қилиб ўз мустақиллигини амалга оширади? Тадқиқот маркази ташкил қилиш тўғрисидаги қарор яхшиликка йўналтирилган-ку, лекин бу қонунлар ишламаëтганлигидан далолат беради-да”,- дейди Руҳиддин Комилов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Ўзбекистон бўйлаб кўплаб суд жараёнларини кузатади.

Мустақиллик йиллари, айниқса, сўнгги беш-олти йил ичида суд тизими либераллашиши у ёқда турсин, суд мустақиллиги соҳасидаги вазият янада ёмонлашди,- дейди С.Икромов. - Деярли ҳеч нарса ўзгармади. Қонунлар умуман йўқ, деса ҳам бўлади. Авваламбор судлар ўзи мустақил эмас. Ижроия органлари судларга босим ўтказади ва шу орқали судялар уларнинг буйруғи бўйича ҳукм чиқаришади”.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Ўзбекистонда судларнинг ўзлари улар чиқарган адолатсиз ҳукмлар қурбонлари янглиғ авторитар режимнинг тутқунларига айланганини билдирди.

“Олий суд ўзини темир панжара билан ўраган. Бунақада Олий суднинг кимга кераги бор? Шаҳар суди дейсизми, туман суди дейсизми, ҳаммасини темир панжара билан ўраб қўйишган. Ахир одамлар судга ўз ишини ҳал қилиш учун¸кузатиш учун келади-ку. Ҳамма жой ëпиқ”,- деди суҳбатда.

Шу сабабдан, деб хулоса қилади суҳбатдошл, президент қарори, судлар обрўсини ўзбекистонликлар кўзида ошириш эмас, балки халқаро ҳамжамият олдида Ўзбекистонда судлар мустақиллиги таъминлангани ва бу борада ислоҳотлар амалга оширилаётгани ҳақидаги саробни яратишга қилинган навбатдаги уринишдан бошқа нарса эмас.
XS
SM
MD
LG