Линклар

Амалга ошишини президент ҳам истамайдиган ният

  • Фаррух Юсуфий

Ўтган жума куни Бухоро ва Қашқадарё вилоятларига сафар қилган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов маҳаллий фермерлар билан ҳам учрашиб, уларнинг қишлоқ хўжалиги ривожига қўшаётган ҳиссаларини юқори баҳолади.

“Фермер бугун нафақат ишлаб чиқарувчи, нафақат халқимизни боқувчи, сиëсий нуқтаи назардан фермерлик ҳаракати бугун сиëсий кучга айланяпти. Бутун Ўзбекистонни бошига кўтариб, эртага қандай яшаймиз, қандай ривожланамиз, Ўзбекистонга қайси сиëсий куч эгалик қилади? Мен хоҳлардимки, фермерлар ҳам эгаликка тайëр бўлиши керак”,- деди президент Бухородаги бир учрашувда.

Ўзбекистон аҳолисининг каттагина қисми қишлоқ хўжалиги соҳасида бандлиги инобатга олинса, дарҳақиқат деҳқонлар бирлашиб, катта сиёсий ҳаракатга айланиши ва И.Каримов айтганидек, ҳокимиятга даъво қиладиган куч бўлиши мумкин.

Деҳқонлар ҳаётидан яхши хабардор инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Толиб Ёқубов айнан шунинг учун ҳам Каримов режими бунга ҳеч қачон йўл қўймаслигини таъкидлади.

“Деҳқонлар асосий социал база сифатида бир партияга бирлашса, жуда катта кучга айланиши табиий. Лекин Ислом Каримов ўз фаолиятида ҳар қандай сиëсий кучдан қўрқиб яшаган. Ҳеч қайси бир сиëсий кучга йўл бермаган. У ҳозирги пайтда шунақа бир илҳомланиб қолганини тушуниш қийин эмас. Чунки унинг иқтисодий сиëсати Ўзбекистонни таназзулга олиб бораëтганини кўриб турибди. Шунинг учун у гўë социал базани рағбатлантириш учун айтаëтган нарса. Лекин бу сохта рағбатлантириш”,- деди Т.Ёқубов.

И.Каримовнинг Бухорода айтган гаплари носамимий эканига мисол ўлароқ, Толиб Ёқубов яқин ўтмишда ана шундай ҳаракат, яъни деҳқонларни сиёсий ғоя остида бирлаштирмоқчи бўлганлар тақдири нима билан якунланганини эслатди.

“1991 йилда академик Муҳаммаджонов билан профессор Олим Каримов “Озод деҳқонлар” партиясини ташкил қилган эди, Каримов бу партияга тиш-тирноғи билан қарши турди. Бу партия, менимча, Адлия вазирлигига яқинлаштирилгани ҳам йўқ. 1992 йилда уларнинг ҳаммаси давлатга қарши, деган айблов билан судга тортилди. Уларни ичида Олим Каримов ҳам бор эди”,- деди Т.Ёқубов.

Унинг таъкидлашича, давлатнинг фермерларга муносабати, уларнинг сиёсий кучга бирлашиши у ёқда турсин, тирикчилик қилиш имконларидан маҳрум қилмоқда.

“Мен буни тушуна олмаяпман. Шанба куни Ўзбекистоннинг биринчи каналидан фермерларнинг ғалла топшираëтганини, ортиқча ғаллани уйларига олиб жуда хурсанд бўлганини кўрсатди”,- дейди қорақалпоғистонлик фермер Қубай Ортиқов.

Кубай оға шанба куни телевизорда президент бухоролик фермерларга айтган гапларини эшитиб, хурсанд бўлди. Лекин “мен нима дейман-у, қўбизим нима дейди”, деганларидек ўзи ва Қорақалпоғистондаги бошқа фермерлар бошдан кечираётганлари президентнинг гапларига мутлақ тескари эканини куюниб гапирди.

“Президентимизнинг фермерлик тўғрисида қонуни бор. Давлат буюртмасидан ортиқча етиштирилган ғаллани фермерлар ўзига олиб қоляпти. Лекин Жўқорғи Кенгес раиси Мусо Эрниязов бошчилигида бу қўлимиздан тортиб олиняпти. Босқинчилик қиляпти, 15-20 та милиция ходими келиб, фермернинг қаршилигига қарамай, комбайн солиб буғдойни ўриб оляпти”,- деди Қубай Ортиқов..

Давлатнинг фермерга бундай муносабати, дейди ҳуқуқ фаоли Толиб Ёқубов, Каримов режимининг уларни шунга ўхшаш кундалик муаммолар билан банд қилиб, сиёсатга умуман яқинлаштирмасликдир.

“Уларга ҳеч қачон йўл бермайди. Фермерларга, деҳқонларга умуман йўл йўқ. Бу аниқ. Чунки 1989 йилдан бери шу қозонда қайнадик ва шу қозон ичида нималар қайнаëтганини биламиз”,- деди Қ.Ортиқов.
XS
SM
MD
LG