Линклар

Навбатдаги қурбонми?

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон президенти девонининг собиқ юқори мартабали мулозими Тўлқин Усмонов Тошкент вилояти жиноят ишлари суди томонидан порахўрликда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Т.Усмонов президентнинг ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича собиқ давлат маслаҳатчиси Анвар Набиевнинг ўринбосари эди.

Унинг устидан ўтказилган суд жараёнини кузатган мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов собиқ мулозимнинг қариндошлари айблов ва ҳукмнинг адолатсиз бўлганидан ташвишда эканини билдирди.

“Давогарлар ҳукумат ва махсус хизмат томонидан ëлланган одамлар, деб айтилмоқда. Улар Бухорода турли мансабда ишлайдиган 4 одамдир. Т.Усмонов давлат маслаҳатчиси Анвар Набиевнинг ўринбосари ҳисобланади. Ўтган йил декабрь ойида Анвар Набиев устидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилаëтган пайтда у бош прокурор ўринбосари қилиб юборилган. Чунки у махсус хизматлар тоифасидан чиққан жуда катта шахслар доирасига кирарди. У молиявий талон-тарож, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби айблар билан айбланган эди”,- деди А.Набиев.

А.Ташановнинг билдиришича, Анвар Набиевнинг кейинги тақдири ҳозир номаълум. Лекин норасмий манбаларга кўра, у қамалмаган. Шартли жазо билан ҳозир очиқда юрибди.

“А.Набиев ва Т.Усмоновга нисбатан ишларда ҳеч қанақа сиëсий мотивлар йўқ. Жиноий криминал структураларнинг ўзининг иши. А.Набиев Андижон воқеалари терговини олиб борган шахс эди. Бундан ташқари, МХХ тергов бошқармаси бошлиғи бўлиб, узоқ йиллар ишлаган шахслардан бири бўлган. Бир коррупцион занжирга ҳукумат томонидан зарба берилди ëки аравадан тушириб ташланди, деб қараш мумкин”,- дейди А.Ташанов.

Унинг таъкидлашича, режим вақти-вақти билан ўз умрини узайтириш мақсадида қурбонлар бериб туради. Уларни ҳам навбатдаги қурбон, деб атаса бўлади.

Айни пайтда юқори лавозимдаги мулозимлар ҳаëти икир-чикирларидан хабардор, исми номалум қолишини истаган ўзбекистонлик собиқ мулозим бошқача бир фикрни илгари сурди.

“Улар ўғирлик қилгани ëки бошқача бир қонунни бузгани учун қамалгани йўқ. Улар кимнингдир ëки Гулноранинг думини босган. Ўғирлик қилган амалдор қамаладиган бўлса, Ўзбекистондаги мулозимларнинг 98 фоизи қамалиши керак. Мен катта шахслар доирасида бўлганман. Мен буларнинг нима учун қамалганини яхши биламан”,- деди собиқ мулозим.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев ҳам мамлакатдаги мулозимларнинг ҳаммаси пора олишини эътироф этган ҳолда баъзи мулозимларнинг беш қўлни бирдай оғзига тиқиши ҳам юқорининг, ҳам пастнинг ғазабини бирдай қўзғатган, деган фикрда.

Ўзбекистон воқелигини яхши билган кўпчилик таҳлилчилар қатори А.Эргашев ҳам мамлакат олий эшелонидаги мулозимлардан баъзиларининг таноби тортилиши умумий манзарани ўзгартирмаслигини айтди.

“Булар режим умрини ҳеч қанақа узайтира олмайди. Агар нураб кетаëтган девор бўладиган бўлса, унинг тепасидаги сувоғини қанчалик янгилаганингиз билан ичкаридан тўкилиб бораверади”,- деди А.Эргашев.

А.Эргашев “қарға қарғанинг кўзининг чўқимайди”, деган мақол бугунги ўзбек мулозимлари учун тегишли эмаслигини гапирди.

“Мавлон Умрзоқов, Шукрулло Мирсаидов, Исмоил Жўрабеков кабилар мансабга тайинлаган одамнинг ишончини оқламагани учун, ўзига берилган ваколатни суиистемол қилгани учун лавозимидан кетди. Қолганлари ҳам кетяпти”,- дейди А.Эргашев.

У Ўзбекистонда косметик эмас, балки фундаментал демократик ўзгаришларгина самара беради, деган фикрда собит.
XS
SM
MD
LG