Линклар

logo-print

Журналист адвокат хизматидан ҳам маҳрум қилиняпти


Нукусдаги тергов изоляторида 19 кундан буён ҳибсда сақланаётган ўзбекистонлик журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Солижон Абдураҳмоновнинг адвокат билан учрашишига рухсат берилмаяпти.

Адвокат Баҳром Абдураҳмоновнинг айтишича, у ўз ҳимоясидаги шахс билан кўриштирилмаётгани юзасидан прокуратурага ҳам мурожаат этган. Лекин прокурорнинг ўзи ҳам ҳеч қандай чора кўра олмаган.

Б.Абдураҳмонов журналист устидан ҳали ҳам тергов бошланмагани, ҳуқуқ-тартибот идоралари ундан олинган нарсаларни ўрганиш билан овора эканини билдирди. У С.Абдураҳмонов яшаган Амударё туманидаги Тўлқин овул фуқаролар йиғинидаги Агроном қишлоғининг 3-маҳалласида юзга яқин одам журналистнинг ҳибсга олинишига қарши норозилик йиғилиши ўтказмоқчи бўлганини, лекин акция ташкилотчилари босим ва тазйиқларга учраётганини маълум қилди.

“Солижон аканинг қишлоқдошлари унинг ёнини олиб мажлис чақирган. Мажлис протоколини органларга жўнатмоқчи бўлишган. Улар мажлисга рухсат олиш учун мансабдор шахслар билан гаплашиб, ҳокимлик вакили билан шахсан учрашган. Лекин ҳокимлик вакили мажлисда қатнашишдан бош тортган. Бу мажлис ҳақида милиция раҳбарияти хабар топган ва йиғин ўтказилишига тўсқинлик қилиб, икки ташкилотчини ИИБга олиб бориб, икки соат овора қилган. Улар яна икки кун прокуратурага чақирилган”,- деди адвокат.

С.Абдураҳмонов 7 июнь куни ҳибсга олинган бўлиб, айни пайтда Нукус шаҳри тергов изоляторида сақланмоқда. Ҳибсга олинган пайтда машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилган.

С.Абдураҳмонов «Озодлик» ва «Америка овози» радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти сингари бир қатор халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Ҳозир ҳам у Uznews.net сайтининг Қорақалпоғистондаги мухбири. Шунингдек, у беш йилдан буён Инсон ҳуқуқлари ҳалқаро жамиятининг ҳудудий вакилидир.
XS
SM
MD
LG