Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:08

Банк яна алдаяптими?


Эндиликда Ўзбекистон фуқаролари миллий валютадаги омонатларни ўз исм-шарифларини қайд қилмаган ҳолда, шунингдек, намунавий имзони кўрсатмаган тарзда очиши мумкин.

NewsUz.Com. сайтининг бу ҳақдаги маълумотида айтилишича, омонатни қўйиш учун фақат битта шарт бор, яъни маблағ миллий валютада бўлиши лозим.

Марказий банкнинг Тошкент шаҳри бўлими вакили янги тартиб тўғрисида гапирар экан, пул қўяётганда, албатта, паспорт сўралишини билдирди.

Унда ҳисоб рақами очиш учун исм-фамилия керак эмас, деган гап қаерга кетди?

“Банк пулни қабул қилаëтганда жисмоний шахс номига қабул қилиши керак. Унга паспорт керак. Қаердан биламиз бу ўғирланган пулдир ëки бошқа одамдир. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат керак. Омонат турлари ҳар хил. Сизга банк код ëки парол айтади. Ўша парол билан боришингиз керак бўлади. Паролни бошқа одамга айтсангиз, сизнинг номингиздан бориб шу паролдаги шунча пулни олмоқчиман, дейиши мумкин. “Вестерн Юнион”га ўхшаб код беради”,- деди банк вакили.

Кўринадики, омонат қўйиш бўйича янги тартиб жорий қилган Марказий банк мутасаддилари ҳали ўзлари ҳам бу тартибга ёхуд тўла тушиниб етмаган ёки бу шунчаки мижозни алдашнинг навбатдаги бир усулидир.

Кейинги пайтда Ўзбекистон фуқароларининг маҳаллий банкларга бўлган ишончи камайгани, мамлакатдаги йирик фирма ва корхоналар ёки хориж билан олди-сотди қиладиган ташкилотлар ўз даромадларини ошкор қилмаслиги ва пулларини хориж банкларида сақлаши кўпчиликка маълум. Шунингдек, айни пайтда аҳоли қўлидаги нақд пул миқдори кескин ошиб кетгани, бу эса молиявий муаммолар, хусусан, пул қадрсизланишига олиб келишидан хавфсираган ҳукумат аҳолининг банкка ишончини қайтариш учун жиддий уринишлар қилаётир.

Ўзбекистон президентининг жорий йил бошидаги “Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либeраллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам аҳолининг банк тизимига ишончини мустаҳкамлашни мақсад қилган.

Яъни ҳужжатга кўра, банклар, ҳуқуқ-тартибот, солиқ ва бошқа назорат идораларига омонатчилардан ва банклардан пул маблағларининг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотлар ва банк сирини ташкил қилувчи бошқа турдаги ахборотларни талаб қилиш қатъиян ман этилган.

Ушбу ҳужжат эълон қилинганидан буён ярим йилча вақт ўтган бўлса-да, ҳануз банкларга аҳолининг ишончи ортгани кузатилмаётир.

Ўзбекистонлик кузатувчи Тўрабек Сано фикрича, мамлакатдаги мавжуд режим шароитида қанча қонун қабул қилинишидан қатъи назар, мижозлар омонатлари бўйича сирлар ҳуқуқ-тартибот идораларига ошкор қилинишда давом этаверади. Чунки ҳукумат бундан манфаатдордир.

«Ҳукмрон режим ўзидан қўрқадики, агар бадавлат одамлар кўпаядиган бўлса, ҳукуматга қарши фикр билдирувчи, унга қарши ҳаракатланувчи кучлар пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам ҳукумат бадавлат одамларни назорат остида ушлаб туриш, уларнинг маблағи қаерга қўйилаëтгани ва қаерга сарфланаëтганини билиш мақсадида юради. Режим бирор кишини бир кун назорат қилмасдан яшай олмайди»,- деди кузатувчи.

Сирдарёлик ўқитувчи Исроил Ризаев эса банкдаги омонатлар бўйича эълон қилинаётган ҳужжатларнинг аксарият аҳоли учун қизиғи йўқлигини айтади. Чунки мамлакатдаги ишсизлик ва иқтисодий муаммолар, қолаверса, ойлик маошлар ўта камлиги боис, одамларда омонатга қўйишга ортиқча маблағ йўқ.

«Ҳозир олаëтган пулим шахсий эҳтиëжларимга етмайди. Менда банкка қўядиган ортиқча пулнинг ўзи йўқ. Ишсизлик, иш жойлари йўқлигидан ўзи қўшимча даромад топиш иложи йўқлиги кўриниб турибди-ку»,- деди И.Ризаев.

Ўзбекистонлик ўқитувчи ва шифокорлар омонатга қўйишга пули йўқлигидан ўкинса, яқин ва узоқ хорижда меҳнат қилаётган ўзбек мардикорлари пешона тери эвазига топган пулини уйга жўнатишдан қўрқаётир.

Маълумотларга кўра, банк сирлари кафолатланиши ваъда қилинаётган бир шароитда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати мамлакат фуқароларига хориждан келаётган пул жўнатмаларини синчковлик билан текширяпти.
XS
SM
MD
LG