Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:36

Ўзбекистонда коррупция сувга ҳам аралашган


“Трансперенси Интернейшнл” ташкилоти дунё мамлакатларидаги коррупцияга оид йиллик ҳисоботини эълон қилди. 2008 йилги ҳисоботда сув секторидаги коррупция масаласи асосий мавзу қилиб олинди.

Ҳисобот муаллифларидан бири ва бош муҳаррири Дитер Зинбауэр сўзларига кўра, дунёда бир миллиарддан ортиқ одам тоза ичимлик сув тақчиллигидан азият чекади. Айнан шунинг учун ташкилот 2008 йилги ҳисобот учун коррупциянинг сув секторига қандай таъсир ўтказиши масаласини асосий мавзу қилиб олган.

“Биз бу соҳадаги 30га яқин мутахассис ёрдамида сув секторидаги коррупция муаммосининг турли қирраларини ўрганиб чиқдик. Шунингдек, ҳар бир мамлакатда коррупция сув секторига қандай таъсир қилиши мумкинлигини тадқиқ қилдик. Изланишларимиз сув сектори, жумладан, ичимлик сув, ирригация ва гидроэнергетика каби соҳаларда коррупциянинг роли кучли эканига оид қатъий хулосаларга олиб келди”,- деди ҳисобот бош муҳаррири.

Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатлари учун бу муаммо долзарбдир.

“Бу минтақадаги сув захираларидан фойдаланиш бошқаруви соҳасида коррупция эҳтимоллари жуда юқорилигини аниқладик. Биласиз, минтақада кўплаб сув ҳавзаларидан бир нечта мамлакат биргаликда фойдаланади. Бу мамлакатлар ўртасида сув захираларидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида имзоланган келишувлар ишлашини кафолатлаш учун коррупциянинг бу соҳа тизимини ишдан чиқармаслигини таъминлаш керак. Оддий мисол, коррупция алоҳида бир давлатдаги истеъмолчилар келишилганидан ортиқроқ сувни ишлатишига ва ўзаро келишувларнинг бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Демак, сув захираларидан биргаликда, келишиб фойдаланиш масаласи бу минтақа учун муҳимдир ва коррупциянинг бу соҳага таъсири жиддийдир”,- деди Дитер Зинбауэр.

Ҳисоботда Ўзбекистондан олинган аниқ маълумотлар йўқлиги эътироф этилади. Лекин умумий вазиятдан келиб чиқиб ва Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодининг каттагина қисмини ташкил этишини инобатга олган ҳолда сув секторидаги коррупция эҳтимоллари юқори экани тахмин қилинади.

“Ўзбекистонда улкан ирригация сектори мавжуд. Биз қилган таҳлиллар умуман ирригация соҳасида коррупция катта рол ўйнашини кўрсатган. Масалан, бу соҳага давлат ажратган бюджет пуллари масъуллар томонидан ўзлаштирилиши, ирригация бошқаруви миқёсида порахўрлик кенг тарқалган муаммодир. Масалан, пули кўпроқ деҳқон пора эвазига ўз ерларини суғориш имконига эга бўлиши, айни пайтда пора бериш имкони бўлмаган деҳқоннинг ерлари суғорилмай қолиб кетиши мумкин. Бу каби муаммолар Ўзбекистонда рўй бераётгани эҳтимоллари эса жуда юқоридир”,- деди Дитер Зинбауэр.

Йиллик ҳисобот муаллифлари илгари сурган тахминлар ҳақиқат эканини қорақалпоғистонлик фермер Кубай Ортиқов “Озодлик” билан суҳбатда тасдиқлади.

“Аҳвол жуда чатоқ. Сувдан фойдаланишда адолат йўқ. Ким шоли экса, шу сувни олади. Сув сотиляпти. Сувга хўжайинлик қиладиган идоранинг бошлиқлари шоликорлардан пул йиғиб олар экан. Одамлар помидор, сабзиларини суғоришга пул топа олмаяпти. Аввал ер сотилар эди. Энди сувни ҳам сотяпти бу ноинсофлар”,- дейди фермер.

Ҳисоботнинг иккичи қисмида дунёнинг турли минтақаларидаги 35 мамлакатда коррупцияга оид вазиятга баҳо берилади.

Ҳисоботнинг якуний қисмида коррупция муаммосини ўрганиш ва унга қарши курашишнинг янги самаралироқ стратегиялари ҳақида гап боради.
XS
SM
MD
LG