Линклар

logo-print

Маҳбусга қийноқлар қўлланилмоқда


Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Андижондаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган 33 ёшли Шерзод Ҳакимовга нисбатан доимий равишда қийноқлар қўлланиб келинаётгани ҳақида хабар қилмоқда.

Шерзоднинг онаси Лола Ҳакимованинг “Озодлик”ка маълум қилишича, қамоқхонада ўғлини калтаклашгани оқибатида унинг умуртқа поғанаси шикаст еб, юра олмай қолган.

Лола Ҳакимова: Кеча Андижондаги қамоқхонага бориб келдим. Бир ҳафта олдин: “Уриб оëғини шол қилиб қўйишибди, жуда кўп тазйиқлар ўтказишяпти, ўғлингизга коляска олиб борар экансиз”, деб бориб келганлар айтган эди. Бошлиқнинг олдига кирсам: “Мен урганим йўқ. Қўлимни ҳам теккизмадим. Ўзи шунақа симуляция қиляпти ўғлингиз”, деб роса туҳмат қилди.

Озодлик: Ўғлингизнинг ўзи нима деди?

Лола Ҳакимова: Ўғлим октябрдан бери жуда катта тазйиқлар бўлаётгани, дубинкалар билан уриб орқаларини шилиб юборганини айтди. Ноябрда ўғлимнинг олдига борганимда у ўтира олмаëтган эди. Ўғлим нега ўтира олмаяпти, деб бошлиқнинг олдига кирсам: “Ўғлингизга черик чиққан эди. Уни ҳозир тиббий бўлимдан олиб чиқяпмиз”, деб айтган эди. Ўғлим эса дубинкалар билан уриб орқасини ёриб юборишганини айтганди. Мен бир ҳафта олдин Жазони ижро этиш бош бошқармасига бориб, ўғлимни кўришга боришимни айтганимдан кейин мазлар суриб, даволаб, менинг олдимга у ëқ бу ëғини сал тузатиб олиб чиқишган эди. Ҳозир ўғлимнинг оëғи ишламаяпти.

Андижондаги қамоқхона маъмуриятидан айни ҳолат юзасидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Лола Ҳакимованинг билдиришича, Шерзод 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда бўлган портлашларда айбланиб ҳибсга олинган ва шу йили Жиноят кодексининг жами ўнга яқин моддаси бўйича айбдор топилиб, йигирма йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

“1999 йил 16 февраль портлашларидан кейин намоз ўқийдиган болаларнинг ҳаммасини йиғиштириб кетишган. Улар намоз ўқигани учун рўйхатга тушиб қолган экан. Айбини бўйнига олмагани учун судга боши ëрилган ҳолда келган эди болам. Яраси ҳали битмаган эди”,- дейди Лола Ҳакимова.

Лола Ҳакимова ўғлига нисбатан қамоқхоналарда мунтазам равишда қийноқлар қўлланиб келинаётгани ва яқинда унинг жазо муддатига қўшимча муддат қўшиб берилгани ҳақида гапирди.

“Ҳозир 9 йилдан кўпроқ ўтирди. Энди қолган муддатига 3 йил қўшиб беришди. Ўзларича суд қилишибди, адвокат ва прокурор олиб келишибди: “Қоидабузарликларинг кўп. Оëғинг чўлоқ бўлиб қолгани учун камроқ қўшяпмиз сенга. Аслида кўпроқ муддат беришимиз керак эди”, дейишибди. Битта бунга эмас, 5-6 болага муддат қўшиб беришибди”,- деди Лола Ҳакимова.

Лола Ҳакимова халқаро жамоатчиликдан ўғлига бўлаётган қийноқлар тўхталишига ва унинг озодликка чиқишига кўмаклашишни сўради.
XS
SM
MD
LG