Линклар

Аёллар ҳам ўзгармоқда

  • Замира Шукур

Қозоғистон пойтахти Остонада 2-Евроосиё аёллари саммити иш бошлади. Иккала қитъадаги 400дан ошиқ ижтимоий-сиёсий соҳада фаол хотин-қизлар, шунингдек, таниқли тадбиркор аёллар иштирокида ўтган мазкур анжуманда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш шарт-шароитлари муҳокама этилмоқда.

Ушбу форум баҳонасида ўзбек жамиятидаги хотин-қизлар роли, хусусан, уларнинг сийсий-иқтисодий жабҳадаги ўрни ҳақидаги айрим мулоҳазаларга ўрин ажратдик.

Ўзбекистон ўзини суверен демократик давлат, деб эълон қилганидан буён юзага чиққан 17 йиллик оралиқда ўзбек жамиятидаги хотин-қизлар ҳаётига ҳам турли эврилишлар олиб келди. Буни хотин-қизлар ҳаётини тадқиқ объекти қилиб олган таҳлилчилар ҳам, оддий ўзбек аёли ҳам бирдек тан олади. Мустақилликдан сўнг бошланган жараёнлар ўзбек халқининг совет замонида шаклланган зеҳниятини парчалаб ташлади, дейди 10 йилда бери Россияда ишлатган Наргиза исмлик аёл.

“Агар ўша пайтда кимдир бизга: “Сизлар ҳам ҳамма эркаклар қатори хорижга кетасизлар. Бола-чақаларингизни кўришга зор бўлиб юрасизлар”, деса умуман ишонмаган бўлар эдик. Лекин мана шахсан ўзим 10 йилдан бери Россияда юрибман. Бу ерда эркаклар билан бир қаторда ҳатто эркаклардан кўп меҳнат қилатган ўзбек аёлларини кўриб ачинаман”.

Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг аксар собиқ иттифоқдошлар ҳудудида бошланган иқтисодий мураккабликлар, биринчи, галда хотин-қизлар елкасига тушди. Ишсизлик етишмовчилик оғирлигини аёллар ва уларнинг болалари, айниқса, кучлироқ ҳис эта бошлади. Бу мураккабликлар оқибатида Ўзбекистон каби анъаналари исломий қадриятлар устига қурилган мамлакатда ҳам совет замонида юзага чиқмай ётган мудроқ потенциал – аёлларнинг иш кучи армиясига қўшилиши ниҳоятда тезлик билан юз берди.

“Бугун чет элда юрган ўзбек гастербайтерлари 8 миллион деган норасмий рақамни эътиборга оладиган бўлсак, шунинг тенг ярми аёллар”,- дейди ўтган президент сайловида ўз номзодини қўйишга уринган мустақил сиёсатчи Суҳбат Абдулла.

Қишлоқдан Тошкентга, Тошкентдан эса бугун Россия, Қозоғистон каби яқин хориж эмас, балки АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Малайзия каби узоқ элларга бориб ишлаб оиласини боқатган хотин-қизлар зеҳниятида ўзига хос инқилоб содир бўлмоқда,- дейди Ўзбекистон хотин-қизлари ҳаётига доир қатор китоблар муаллифи Марфуа Тўхтахўжаева. - Қишлоқдан шаҳарга келиб ишлаган аёллар шаҳарни кўришади. Мамлакатдан чиқиб бошқа мамлакатда ишлаганлар дунёни кўришади. Ўз аҳволини ва шароитини ўша ерда яшайдиган аёллар билан солиштириб кўради. Уларда кўпроқ эркинлик пайдо бўлади ва ўз ҳақ-ҳуқуқи билан кўпроқ танишади. Қишлоқда келган ва биздан четга ишлашга чиққан аёлларнинг муаммолари жуда кўп. Шундай бўлса ҳам уларнинг онги кўпроқ ўсади, деб ўйлайман”.

Марфуа Тўхтахўжаеванинг бу фикрларини Россияда мардикорлик қилаётган хоразмлик Наргиза ҳам тасдиқлайди.

“Катта ўзгаришлар бўлди. Бизларнинг олдинги дунёмиз эримиз, бола-чақамиз, ошхонамиз эди. Эримиз топиб келган нарсани пишириб олдига қўйсак, ўзимизнинг аёллик бурчимизни бажарган ҳисоблардик. Хорижга чиқиб ишлаб ҳамма нарсамиз ўзгарди. Мен олдин сиёсатга умуман қизиқмаганман. Ҳозир эса қизиқишим жуда ҳам баланд. Ўзбекистонда бўлаётган нарсаларни кўриб ғазабим қўзийди. Ҳозир қўзғалишдай бир нарса қилишга вақт келмадимикан, деган фикр кўпчиликда туғиляпти. Чунки аёлларимиз бу ерда хор-зор бўлатганини, таҳқирланаётганини, чимилдиқ кўрмаган ёш қизларнинг бировларнинг қўлида ўйинчоқ бўлаётганини кўришяпти. Одамларнинг юраклари ғазабга тўла. Бирлашайлик, керак бўлса, юртимизга қайтиб бир нарсалар қилайлик, деган гапни кўпчилик айтяпти”,- дейди Наргиза.

Ўзбек хотин-қизлари зеҳниятида чуқур эврилишлар бошланган ва у эшитганимиз каби Тошкент ҳукумати учун исталмаган бир ўзанларга бурилаётганига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати улар муаммоларига совет замонидан қолган эскича ёндашувни қўллашни давом эттирмоқда. Ҳукумат ҳали-ҳамон турли хотин-қиз ташкилотлари тузиш, бошқарув тизимлари, парламентга муайян сондаги аёлларни тайинлаш билан гўё бизда аёлнинг жамиятдаги ўрни улуғлашди, деган тасаввур уйғотишга уринмоқда, деб давом этади Марфуа Тўхтахўжаева ва бундай сиёсатнинг бесамарлигини таъкидлайди. - Аёлларни аҳволи яхши бўлиши учун аввало феминист теорияси қонуний жамиятда ривожланиши керак. Феминист ҳаракат бўлиши керак. Совет типидаги ҳозирги ташкилотлар, ҳукумат назорати остида ишлайдиган хотин-қизлар ташкилотлари, албатта, ҳукуматдан пул олиб ҳукуматнинг айтганини қилади. Аёллар муаммоларини кўтаришга улар қодир эмас”.

Бугун Ўзбекистон парламенти раиси аёл киши. Сўнгги президент сайловида тарихда илк бор аёл киши сиёсий ҳокимиятга тўла даъвогарлик қилди. Аммо бошқа суҳбатдошимиз Суҳбат Абдулла Ўзбекистонда, хусусан, мамлакат сиёсий ҳаётида хотин-қизлар ролини ошириш даъвоси остида боратган бу жараёнлар ортида президент Каримовнинг тўнғич қизи, бугун Ўзбекистонни ўз бизнес империясига айлантириб, энди сиёсий ҳокимиятга интилатган Гулнора Каримовани ворис қолдириш режаси ётганини тахмин қилади.

“Президент, албатта, биринчи ўринда ворисликка ўз қизини танлаш эҳтимоли аввалдан бор эди. Шу нарсага тайёргарлик аста-секин кетяпти. Бунинг биринчи дараги аёллар ҳақидаги газета ва журналларнинг тиражи кескин ошди. Мақолаларнинг ҳажми ва сони кўпайди. Аёллар масаласига кўпроқ эътибор қаратилди. Бу келажакда бўладиган ворис танлаш маросимининг дебочаси”,- деди С.Абдулла.

Унинг таъкидлашича, бугун Ўзбекистон парламентида аёл кишининг раислик қилаётгани ёхуд эртага Гулнора Каримованинг президентликка қўйилиши аксар ўзбек хотин-қизларининг бугунги оғир тақдирига бирор рўшнолик олиб кирмайди.

“Гулнора Каримованинг президент курсисига ўтириши билан аёлларнинг аҳволи ўзгарар экан, сиёсатда фаоллашиб кетар экан, Ўзбекистонда аёлларнинг аҳволи яхши тарафга ўзгарар экан, деган фикр ҳеч қачон келиб чиқмаслиги керак. Чунки ҳали аёлларга етгунча Ўзбекистонда тўғрилаб юбориладиган, жойига келтириладиган, қилиниши лозим бўлган шунақа ишлар борки, буни фақатгина орзу қилиш мумкин. Гулнора Каримова келадими ёки бошқасими, бу Ўзбекистондаги аёлларнинг ҳолатини ўзгартирмайди”.

Ўзбекистонда ҳақиқий сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар амалга ошиб, жамият демократия ва эркинлик томон одим отган тақдирдагина, мамлакат халқи ҳаётида ижобий ўзгаришлар бўлишини кутиш мумкин. Бу ўзгаришлар эса сен аёлми ёки эркак, деб сўраб ўтирмай, ҳар бир ўзбекистонлик хонадонига кириб келаверади, деган ишончда бу суҳбатдошимиз.
XS
SM
MD
LG