Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:09

Олмаотада яна бир ўзбек қочқини ушланди


Куни-кеча Олмаота шаҳри ички ишлар департаменти ходимлари томонидан ҳибсга олинган ўзбек қочқини Ҳасан Темиров иши Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасига ўтказилгани маълум бўлди.

Бу ҳақда маълум қилган Олмаота шаҳри ички ишлар департаменти матбуот хизмати вакилининг айтишича, Ҳ.Темиров қидирувда бўлгани учун ҳибсга олинган.

Ҳ.Темировнинг Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмасига ёзган очиқ хатидан маълум бўлишича, у асли Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидан. У Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 1999 ва 2004 йиллари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган портлашлар ташкилотчиси, террорчи ва экстремист сифатида айбланиб, унга халқаро қидирув эълон қилинган.

Бироқ уни яқиндан таниган яна бир ўзбек қочқини “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ҳасан Темиров сўнгги 4 йил Ўзбекистонда яшириниб яшашга мажбур бўлгани ва ҳаётига хавф ортгани сабабли шу йил оиласи билан Олмаотага қочишга мажбур бўлганини айтади. Унга кўра, қўлга олинган ўзбек қочқини ҳеч қандай диний ташкилотларга аъзо бўлмаган, унга нисбатан бошланган таъқибнинг ягона сабаби эса Темировнинг диний эътиқоди билан боғлиқ. Суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳозирги кунда Ҳасан Темировнинг диний қарашлари боис унинг бутун оила аъзоларига нисбатан бўлган босим анча кучайган.

“Мана шу 4 йил давомида улар МХХ, Ички ишлар вазирлигига чақиртирилган. Хусусан, оилаларидан эринг билан алоқа қилмайсан, ҳар доим биз чақирганимизда етиб келасан, ҳеч қаерга чиқиб кетмайсан, деган ёзма тилхат ёздириб олишган. Олмаотага у кишининг оилалари етиб келганидан кейин хотинларининг акасини, қайноғасини қамашган. Синглингни топиб берасан, деб ва қаттиқ қийноқларга солишган. Кейин оналари ва дадаларини олиб кетишган, келинингни қаерга юбординг деб. Ўша ерда қийноқлар бўлгани ҳақида бизга хабар беришди”,- дейди исми ошкор бўлишини истамаган ўзбек қочқини.

Ҳасан Темировнинг қўлга олиниши борасида фикр билдирган инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган қозоғистонлик ҳуқуқ-тартибот ходимлари мамлакат ҳудудида юрган ўзбек қочқинларини қўлга олиш амалиётини тез-тез қўллаётганидан хавотир билдирмоқда.

Қароргоҳи Францияда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси президенти Надежда Отаева бунга Қозоғистон оммавий ахборот воситалари ҳам жўр бзўлаётганига алоҳида эътибор қаратди.

“Қозоғистондаги оммавий ахборот воситалари ҳеч қанақа далил-дастакка эга бўлмаган ҳолда ўзбекистонлик фуқароларни экстремист, деб атаётгани кишини танг қолдиради. Бу жуда ташвишланарли ҳол”,- деди Н.Отаева ва агар Қозоғистон ЕХҲТга раислик қилишни истаса, мамлакат расмийлари бундай кўринишларнинг олдини олиши зарурлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG