Линклар

logo-print

“Бирдамлик” фаоли одамфурушликда айбланди


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:rHzorKpDxB8rjM:http://hol.hispaniconline.com/HispanicMag/2007_9/Images/HumanTraffic01.jpg Ўзбекистонда “Бирдамлик” ҳаракати фаоли Абдураҳмон Алиев одам савдоси билан шуғулланганликда айбланиб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. У ўн беш ҳамқишлоғини Россияга қул ўрнида сотганликда айбланди.

“Бирдамлик” ҳаракати Абдураҳмон Алиевнинг қамалиши муносабати билан мурожаат эълон қилиб, ҳаракат фаолининг сохта жиноятда айбланганлигини таъкидлайди.

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани жиноят ишлари суди қарорига кўра, А.Алиев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси, яъни “Одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш” моддаси бўйича айбдор топилган.

А.Алиевнинг рафиқаси Муқаддас опанинг айтишича, турмуш ўртоғи мардикорлик қилиб пул топиш хоҳишида бўлган ҳамқишлоқларига Россиядан иш топиб бериш билан шуғулланиб келган. Лекин эри уларни қўл ўрнида сотмаган.

“Булар одам олиб бориб сотган, деган айб қўйишди. Оренбургга олиб борган ва ëнидан йўлкирасини тўлаб қайтариб олиб келган. Ҳеч қанақа ташлаб келмаган. Ëтоғини олиб берган. Ишламагандан кейин қайтариб олиб келди”,- дейди Муқаддас опа.

Ҳукумат нуқтаи назарини ифодаловчи “Пресс-ўз.инфо” сайти маълумотига кўра, А.Алиев Тўрақўрғон қишлоғида яшовчи Файзулло Жакбаров, Тўлқин Қаҳҳоров, Шаҳоббиддин Содиқов каби жами нафар ҳамқишлоғига 400-500 доллардан ойлик ваъда қилиб, Россиянинг Оренбург шаҳрига ишлатиш учун олиб кетган. Лекин уларга ваъда қилинган пулни бермаган.

Муқаддас опа бу ҳолатни изоҳлаб: “Булар у ерда 20 кун ишлаган. Ишлагандан кейин руслар 10.000 рубль ойликни буларнинг ҳаммасига тарқатиб берган. Руслар овқатига, ëтоғига ушлаб қолганда булар: “Нимага бизнинг пулимиздан ушлаб қоляпти”, деб тўполон қилган ва ëтиб олган. Хўжайиним менга: “Булар ишга чиқмаяпти. Яна бир ой қолиб кетса, ëнимдан пул тўлашим керак. Қаердан бўлса ҳам 1000 доллар топиб жўнатиб юбор. Мен буларни қайтариб олиб кетаман”, деб телефон қилди. Кейин мен вилоят “Капитал банк”дан 850 доллар пул топиб жўнатдим. Пул етиб боргандан кейин хўжайиним буларни қайтариб олиб келди”,- деди .

“Пресс-ўз.инфо” нашрининг ёзишича, Абдураҳмон Алиев 2006 йилда ҳам Наманган вилоятидан 78 одамни Россиянинг Ульяновск шаҳридаги мебель фабрикасида ишлаш учун жўнатган, лекин улар ҳам ишлаган ҳақларини тўлиқ ола олмасдан қайтиб келган.

Муқаддас Алиеванинг айтишича, эри ҳақиқатдан ҳам уч йилдан буён ҳамқишлоқларини Россияга ишлаш учун жўнатиш билан шуғулланиб келаяпти. Лекин шу пайтгача унга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар бўлмаганди.

Абдураҳмон Алиев ўтган асрнинг 90-йиллари бошида мухолифатдаги “Бирлик” халқ ҳаракати партияси аъзоси бўлган. Ҳозирда 63 ёшда бўлган Абдураҳмон Алиев яқиндан бошлаб “Бирдамлик” ҳаракатига аъзо бўлган ва ушбу ҳаракатнинг Наманган вилояти Тўрақўрғон туманига раҳбарлик қилиб келяпти.

“Бирдамлик” ҳаракатининг Абдураҳмон Алиевнинг қамалишига норозилик билдириб, эълон қилган мурожаатида айтилишича, Абдураҳмон Алиев сохта жиноий ишда айбланган ва унинг қамалиши ҳаракат фаолининг сиёсий фаолиятига чек қўйишга қаратилган.

“Бирдамлик” ҳаракати мурожаатида Абдураҳмон Алиевнинг озод этилиши талаб қилинади..

“Абдураҳмон Алиев қамоққа олинишининг асосий сабабларидан бири “Бирдамлик” ҳаракатида ўта фаоллигидадир. Бу ҳукуматга ëқмагани учун у ҳибсга олиниб, озодликдан маҳрум қилинди. “Бирдамлик” ҳаракати Ўзбекистон ҳукумати олиб бораëтган бу каби сиëсатни қаттиқлик билан қоралайди. Биз Абдураҳмон Алиевни яқин орада аппеляция тартибида қайта кўрилиб чиқишига умид қиламиз.Ўйлаймизки унга қўйилган айблар олиб ташланади». Ҳаракат лидерларидан бири Тўрабек Сано

Абдураҳмон Алиев жорий йилнинг 27 февраль куни ҳамқишлоғи Файзулло Жакбаров томонидан ҳақорат қилиниб, калтакланиши оқибатида шифохонага тушганди. Ўша пайтда «Озодлик»ка берган интервьюсида Абдураҳмон Алиев сиёсий фаолияти туфайли айни ҳолат содир бўлганлигини таъкидлаганди.

«Пресс-ўз.инфо» сайти эса Абдураҳмон Алиев билан боғлиқ ҳолатларга сиёсий тус беришга ҳожат йўқлиги ҳақида ёзади.
XS
SM
MD
LG