Линклар

Гулнора Олтиева: “Чекиниш, мағлуб бўлиш ўлимдан ҳам оғир”

  • Абдулла Искандар

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:g_xYEM-gQ-1WoM:http://rizobek.ucoz.ru/_nw/22/44113.jpg “Давр менинг тақдиримда” эшиттиришининг бугунги қаҳрамони қамоқдаги диссидент шоир Юсуф Жуманинг турмуш ўртоғи, айни пайтда қочқинликда яшаётган Гулнора Олтиевадир.

Бало келса мен тайëр,
Омон чиқинг зиндондан,
Бор мардлар озод бўлсин,
Қўлларингизни сиққан,
Кишанлар барбод бўлсин.

Гулнора Олтиева билан суҳбатимизни унинг болалик йилларидан бошладик. Гулнора опанинг ëшлик пайтида “Орзуларим бошлади йўлга, ҳали етар манзилим йироқ”, деган қўшиқ урф эди.

-
Адабиëтга қизиқар эдим. Тил ва адабиëт ўқитувчиси бўлишни бир умр орзу қилардим. Баъзан эркин иншолар бўлган пайтларда иншонинг кириш қисмига шундай ëзардим:
Етиб келса қувончли дамлар
Мен ҳам бўлсам моҳир педагог.

Педагог бўлишни ният қилардим. Тақдир экан.

Тақдири азалнинг сўқмоқларида Гулнора Олтиева шоир Юсуф Жума билан учрашди.

Гулнора Олтиева: Юсуф акам билан топишдик. Тўй қилдик.

Озодлик: Юсуф ака билан қандай учрашдингиз?

Гулнора Олтиева: Юсуф акам билан учрашишимиз қизиқарли бўлган. Мен Юсуф акам билан учрашганимда Юсуф акам институтни битириб, мактабга бордилар.Ўша мактабда мен 10-синфни битирдиму ишга кирдим. Юсуф акам шу қизни мен оламан, деган эканлар. Тақдир тақозоси билан дадам билан Юсуф акамнинг оналари холавачча бўлиб чиқди. 19 кун ичида тўйимиз бўлган. Бизнинг танишганимиз, гаплашганимиз ҳаммаси 19 кун ичида бўлиб ўтган.

Озодлик: Юсуф ака сизга севгисини қанақа қилиб изҳор қилган? Шеър ëзганми ëки...

Гулнора Олтиева: Юсуф ака жуда қизиқ эдилар. Ишлаб ўтирган жойимга бориб: “Гулнора, мен сизни оламан. Тегсангиз ҳам оламан, тегмасангиз ҳам оламан”, деб айтган қўйган. Ҳеч қачон шеър ҳам, хат ҳам ëзмадилар. Мен жимгина ерга қараб ўтирдим. Оналарини совчи қилиб юбордилар. Шу билан тўй бўлиб кетди.

Ўз шеърларида эл дардини куйлаган шоир Юсуф Жума Гулнора опага бўлган севгиси ҳақида китоб қилмади, аммо дунëга келган фарзандлар ва набиралар бу муносабатнинг энг азиз самаралари бўлди.

-
19 кун ичида тўйимиз бўлган бўлса ҳам, Аллоҳга шукур, 10-15 йил севишиб, орзу-армонлар билан қурилган оилам анча яхши бўлди. Болаларимиз туғилди. Болаларимизни ҳам худди шу тарзда тарбияладик. Биз ҳеч қачон биров йиғлаб ўтирса, кулиб ўтиб кетмаганмиз. Йиғлаб ўтирганнинг ëнидан ҳолини сўрамай, кулиб ўтувчиларни ëшлигимдан ëмон кўрардим. Турмуш ўртоғим, дейишдан кўра, энг яқин дўстим, дейишни кўпроқ яхши кўраман. У киши менга ҳаëтда ҳам устоз, ҳам дўст, ҳам севимли ëр, ҳам болаларимнинг отаси бўлдилар.

Шоир онасини кўрган замонда шоирнинг хотини нима кўради? Маддоҳга эмас, шоирга эш бўлиш доимо мушкул бўлган. Юсуф Жума президентни ҳақорат қилганликда ва ит ўғирлаганликда айбланиб қамоққа олинди. Гулнора опа учун машаққатли дамлар бошланди. Маҳбуснинг рафиқаси бўлиш каби кўпга келган тўй Гулнора опани ҳам четлаб ўтмади.

-
2001 йилда қамоққа тушдилар. У пайтда 70 кун қамалганлар.

Сал ўтмай шоир қамоқдан озод бўлди.

-
МХХнинг эшиги олдида мени кечқурунгача: “Ҳозир эринг чиқади. Бирга кетасан”, деб алдаб ушлаб ўтиришди. 70 кун қамаб қўйишган бўлса, осмоннинг кўз ëши бир кун тинмаган. Юсуф акам уйга келдилар ва эртаси куни ҳаво очилиб қуëш чиқиб кетди. 70 кун қор, ëмғир, изғиринда Бухоро, Тошкент, Қоракўл ўртасида сарсон бўлганман. Бу кунлар эсимдан ҳеч қачон чиқмайди. Бу кунлар нафратимни ошириб кўзимни ëшга тўлдиради.

Гулнора опа билан Юсуф ака саҳро этакларидаги ерларни обод қилиб турмуш ташвишларига шўнғиди.

-
Саҳро ерларни обод қилдик. Оиламиз билан 100 тоннадан ошириб пахта берар эдик. 100 тоннага яқин буғдой топширар эдик.

Аммо ўз ҳаловатидан кўра эл дардини устун билган шоир тинч яшай билмади. Андижон қирғини шоир руҳий дунëсида талотўм яратди.

-
Эрталаб Юсуф акамнинг ижодхоналарига чой олиб бораëтган эдим. Шунда Юсуф акам тепадан бўкириб йиғлаб тушдилар. Мен: “Нима бўлди, Юсуф ака? Бирон жойингиз оғрияптими?” десам: “Андижонда қирғин бўлибди. Ифлос Каримов одамларни, гўдакларни қирғинбарот қилиб ташлабди”, деб йиғлаб юбордилар. Биз оиламиз билан бир жойга тўпланиб мотамсаро бўлиб ҳувиллашиб йиғладик. Юсуф акам шу заҳотиëқ Андижон ҳақидаги шеърларини ëздилар. “13 май куни қон Андижонда”, деган шеърларини ўша куниëқ ëзиб ўқиб берганлари ҳали кўз олдимдан кетмайди.

Сал ўтмай шоирнинг ўғли қамоққа олинди. Кўплар ноқонуний, деб атаган президент сайлови бошланди. Ўтган йил адоғидаги саргардонликларни дард билан эслайди Гулнора опа Олтиева:

-
Бир ҳафта мобайнида бизни уйма-уй кўчириб юришди-ю, кейин машинада алмашиб-алмашиб, ўғлим билан Тошкентга кетиб қолди. Улар Тошкентга кетди. Биз орқасидан келдик. Тошкентда сотқинлар қўли билан Юсуф акам ва ўғлим тутилди. Халқнинг ичида мингта яхшиси бўлса, нафсини ўйлайдиган битта сотқини ҳам бўлар экан. Юсуф акамни сотқинлар тутиб бериб ана қамалди. Ҳалигача дараклари йўқ. Ўғлимдан ҳам дарак йўқ. Бир жойга яшириб қўйиб ўзларича айюҳаннос солишаëтгандир балки.

Бундан 17 йил олдин бошимга шунча дард тушади, юртдан қочиб ëт элларда сарсон-саргардон юраман, деб ўйлаганмидингиз, деб сўраймиз Гулнора Олтиевадан.

-
Мен адабиëтга қизиқишимни айтган эдим. Тил-адабиëтчи бўлиш учун тарих ҳам яхши ўқилади. Бобурларни ўқиганимда доим ҳавас қилардимки, мен ҳам Бобурдек шоирга хотин бўлсаму, кўчиб-қочиб юрсам ҳам майли, деганман. Фаришталар омин, деган эканми, шундоқ кишининг аëлиман, Аллоҳга минг шукур. Каримовнинг ялоғидан сув ичаëтган эркакларнинг аëлларига жуда ачинаман.

Сиз бошдан кечирган кунларни фарзандларингизга раво кўрармидингиз, деб сўраймиз Гулнора опадан.

Гулнора Олтиева: Ўғил болаларимнинг фарзандлари, яъни қиз невараларимнинг эри Юсуф акамдек бўлса, мен, албатта, раво кўраман.

Озодлик: Кейинги 16-17 йиллик давр сизнинг тақдирингизда қандай акс этди?

Гулнора Олтиева: Яхшиси ҳам бўлди, ëмони ҳам. Ҳадеб яхши деявериш ҳам бўлмайди. Ëмон бўлди, деб ўйлаш мен учун уят. Чунки жанг майдонида чекинасиз, олдинга югурасиз, орқага қочасиз дегандек, кураш барибир кураш. Курашда баъзан енгиласиз, баъзан асир тушасиз. Аллоҳ ўлимдан сақласин. Бевақт ўлимни бермасин. Менинг тақдиримда ëмон бўлган кунни ҳеч ҳам эслай олмайман. Шундай вазиятларга тушиб қолганманки, душманимнинг олдида кўзимдан бир томчи ëш чиқмаган. Чунки мен ўзимни синган ҳолда кўрсатишни асло истамайман. Чунки фарзандларим менинг ҳар бир сўзимга, гапимга эътибор бериб туради. Менинг йиғлашим фарзандларимни чекинишга олиб келади. Ҳаëтда чекиниш, мағлуб бўлиш дегани ўлимдан ҳам оғир нарса.

Саргардон кунларда Гулнора опа ўз дардини дафтарга шеърий сатрлар билан бита бошлади.

“Мен бу шеърни болаларимни тушимда кўриб, 2 апрель куни ëзганман”,- дейди Гулнора опа.

Болаларим, сизни жуда соғиндим,
Соғинч юрагимни эзар туну кун,
Менга бало келди бугун бандадан,
Аллоҳдан уларга бало тиладим.

Бағримни тилкалаб қилдилар ҳузур,
Юракларин Аллоҳ тилкалар қилсин,
Мен умид қиламан эрталаримдан,
Улар умидлардан бегона бўлсин.

Мен бу кун дуога қўлимни очдим,
Фарзандларим келсин, бағримга босай,
Бизнинг бошимизга шу кун солганлар,
Боласин соғиниб ҳасратдан ўлсин.
XS
SM
MD
LG