Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:01

Гулчеҳра Нуруллаева билан суҳбат


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:JA7qmzedUo2qhM:http://angelsworld.narod.ru/book.gif “Озодлик” мухбири 70 ёшини қаршилаган таниқли ўзбек шоираси, Ўзбекистонда демократия тантанаси учун толмас курашчи Гулчеҳра Нуруллаева билан суҳбатлашди.

Озодлик: Гулчеҳра опа, таваллуд кунингиз муборак бўлсин.

Гулчеҳра Нуруллаева: Раҳмат, раҳмат. Мен ҳозир Дадахон Ҳасан, Абдулазиз Маҳмудов, Дилором Исҳоқова, Отаназар Орипов даврасида ўтирибман. Бек Ойбековични кутяпмиз. Қадрдон дўстларни жуда кўргим келди.

Озодлик: Шунча кечирган умрингизнинг сабоқлари нима?

Гулчеҳра Нуруллаева: Мен ўзим ҳайратга тушяпманки, наҳотки 70 йил ўтиб кетган бўлса? 70 йилда бу ҳаëтда ҳеч нарсага эришмабман-ку, ҳеч нарсани кўрмабман-ку, деярли ҳеч нарсани мушоҳада қилмабман-ку, орзуларимнинг кўпи орзулигича қолибди-ку, дейдиган оғриқли хаëллар ҳам бор. Лекин масаланинг иккинчи томони, турмуш ўртоғимга, болаларимга, набираларимга, дўст-ëрларга, қариндошларимга, сизларга ўхшаб йўқлайдиган дўстларимга қараб туриб, одамнинг атрофида одам бўлиши катта бир бахт экан, деган фикр хаëлимга келади.

Озодлик: Сиз ҳақингизда Эркин Воҳидов “Гулшан аро Гулчеҳралар”, деб ғазал ҳам ëзган эди.

Гулчеҳра Нуруллаева: Бу шеър исми Гулчеҳра бўлган тўртта шоирага бағишланган эди.

Озодлик: Сиз ҳақингизда Ўткир Ҳошимовнинг “Гулчеҳра опа ипакка ўхшаган нозик, аммо пишиқ”, деган бир ташбеҳи бор.

Гулчеҳра Нуруллаева: (кулиб) Билмадим энди. Одам энди ўзига-ўзи баҳо бера олмаса керак. Мен доим қониқмасдан яшаганга ўхшаяпман. Айниқса, мустақиллик йиллари. “Биз шунақа мустақилликни орзу қилганмидик. Ахир ўзбек халқи ëппасига қулга айланди-ку”, деган бир армон мени жуда ҳам ўртайди.

Озодлик: Туғилган кунингизда тингловчиларга айтадиган гапингиз нима?

Гулчеҳра Нуруллаева: Айтадиган гапим шуки, мен сизларни ниҳоятда яхши кўраман. Сизлар бир марта бериладиган умрни бахтли кечиришингизни жуда ҳам истайман. Ана шу нарсани мукаммал кўрмаганим учун сизнинг олдингизда бир ижодкор сифатида қарздорлик ҳисси мени қийнайди. Менинг назаримда, ижодкорлар доим олдинги сафда бўлиши керак. Бошқалар айта олмайдиган гапларни айтиши керак ва бу гапларнинг амалга ошиши ҳаракатида бўлиши керак. Мана шу маънода бир ижодкор, қаламкаш сифатида тингловчиларимдан, ўқувчиларимдан жуда ҳам қарздорман. Ниҳоятда қарздорман.

Озодлик: Кўпгина шоир ва ëзувчилар билан гаплашсак: “Нима қилайлик, тилимиз қисиқ. Бола-чақамиз бор”, дейди. Лекин сизнинг тилингиз қисиқ эмас, сиз гапиряпсиз, жасоратли ҳаракатлар қиляпсиз. Сизнинг бола-чақангиз йўқми?

Гулчеҳра Нуруллаева: Худога минг қатла шукур, бир ўғлим бор, бир қизим бор. Тасаввур қиласизми, назаримда, тилимиз қисиқ, бола-чақамиз бор, дейдиганлар учун бу гаплар шунчаки бир баҳона. Ижодкормисан, қаламкашмисан, ҳар қанақа шароитда ҳам айтадиган гапингни айта билишинг керак. Эҳтимол бу гапларим қайсидир ижодкорларга ëқмас. Эгилиб яшагандан тик туриб ўлган яхши. Тик туриб гап гапириши ижодкор учун асосий фазилат, деб биламан. Яшашда ҳам шунақа тик туриб яшашни афзал кўраман. Ҳатто шоирлардан бири: “Мен дарахтман. Ўлсам ҳам тик туриб ўламан, қурийман”, деган фикрни билдирган эди. Менинг ҳам шиорим шундай. Тик туриб яшай билиш керак.

Озодлик: Туғилган кунингиз яна бир бора муборак бўлсин.

Гулчеҳра Нуруллаева: Раҳмат, раҳмат. Тингловчилар олдида қарздорман.

Тақдир судралади, шошмайди тақдир,
Ситам сўқмоқлари узундан-узун.
Донишманд сўзлари эҳтимол, ҳақдир,
Қандайин халқ бўлса, ўшандай тизим.



Kўравериб бўлди хаëлларим талх,
Одамхўр, фирибгар, юҳо касларни.
Сўрамай ҳаддим йўқ, онажоним халқ¸
Қачон туғақолдинг бундай пастларни?!

Қачон туғақолдинг отабезори,
Онабезорилар сулоласини?
Ҳароми кимсалар макри озори,
Юртнинг булғади-ку зилоласини.

Шу боис бизлардан юз бурмиш барор,
Шу боис Ҳуррият очмагай талъат,
Шикаста ватаннинг корига ярар,
Алплар ўстирмаган аëлга лаънат.
XS
SM
MD
LG