Линклар

Коррупцияга қарши қонун бор, коррупция ҳам...

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати БМТнинг коррупцияга қарши конвенциясига қўшилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Жума кунги мажлисда, шунингдек, БМТнинг одам савдосига қарши протоколини ратификация қилиш тўғрисидаги қонун ҳам қабул қилинди.

БМТнинг коррупцияга қарши конвенцияси 2003 йилнинг октябрида Бош ассамблея томонидан маъқулланганди. Шу пайтгача уни 160дан ортиқ мамлакат ратификация қилган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг жума кунги муҳокамаларда қатнашган сенатор Сурайё Одилхўжаева БМТ конвенциясида белгиланган мақсад ва вазифалар Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эгалигини таъкидади.

“Мана, конвенция қабул қилинди, лекин бу билан иш тўхтамайди. Ички ҳужжатлар ҳам такомиллашиб боради. Ўзи миллий қонунчиликда ҳам бор. Балки буни алоҳида қонун қилишни ўйлаб кўрамиз”,- деди С.Одилхўжаева.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш ҳаракатларига, деб давом этади сенатор, бугун нафақат давлат идоралари, балки фуқаровий жамият вакиллари ва оммавий ахборот воситалари сафарбар қилинган.

Дунёда коррупция муаммосини тадқиқ қиладиган “Трансперенси интернейшнл” ташкилотининг таъкидича, Ўзбекистон жаҳонда энг коррупциялашган беш давлатдан биридир. Собиқ иттифоқ республикалари орасида эса “Трансперенси интернейшнл” рейтингига кўра, Ўзбекистон коррупция кўлами бўйича биринчи ўринни эгаллайди.

Ўзбекистон сенатори бундай баҳога қўшилмаслигини айтади.

“Коррупция фақат Ўзбекситонда бор, дейиш мумкин эмас. Бу касаллик ҳамма давлатда мавжуд. Менимча, ўзи унақа муаммо Ўзбекистонда бўлмаган ва органлар тозалашиб бормоқда. Масалан, бир жойда ҳуқуқни бузиш бўлса, улар ёзади. Мана, Сенатга қанча хат келяпти. Биз, албатта, уни назоратга олиб, бориб масалани ўрганиб, кейин чора кўрамиз”,- дейди С.Одилхўжаева.

Бироқ оддий ўзбекистонликлар мамлакатда коррупция даражаси ўта юқори экани тўғрисидаги фикрларга қўшилади. Масалан, таълим соҳасидаги порахўрлик авж олганига.

“Домлаларнинг бир жиҳатини биламан, ўзига тўқ оилалардан бўлган талабалардан, баҳо олишга имконияти борлигини билиб турса ҳам, кўпинча ҳар хил баҳоналар билан пора талаб қилишади. Бу очиқдан-очиқ рўй беради”,- дейди суҳбатдош.

“Аҳвол жуда чатоқ. Сувдан фойдаланишда адолат йўқ. Ким шоли экса, шу сувни олади. Сув сотиляпти. Сувга хўжайинлик қиладиган идоранинг бошлиқлари шоликорлардан пул йиғиб олар экан. Одамлар помидоринию сабзисини суғоришга пул топа олмаяпти. Аввал ер сотилар эди, энди сувни ҳам сотяпти бу ноинсофлар”,- дейди бошқа бир суҳбатдош.

Ёки коррупциянинг тирикчилик илинжида савдогарлик қиладиган оддий ўзбекистонликлар ҳаётига таъсири ҳақида гапиради навбатдаги суҳбатдош:

“Жуда ҳам тўйиб кетдик. Тирикчилик қилишнинг умуман иложи йўқ. Битта сумка кўтарсангиз, 100 та ҳаромхўри бор. Бети қурсин, милицияси бор. Кўргани кўзимиз йўқ. Шунақа тўйиб кетдик ҳозир”.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда жорий йил биринчи ярмида 20дан ортиқ ҳукумат мулозими коррупцияга алоқадорликда айбланиб жавобгарликка тортилган. Президент Каримов Самарқанд ва Хоразм вилояти ҳокимларини коррупцияда айблаб ишдан ҳайдагани ҳам бунга мисолдир.
XS
SM
MD
LG