Линклар

Нарх-навони қувиб етиб бўлмаяпти


Марказий Осиё давлатларида кейинги ойларда озиқ-овқат нархининг кескин ошиб кетиши кузатилаётир. Айрим мамлакатларда нон ва ёғ сингари энг зарур озиқ-овқат махсулотлари тақчиллиги ҳам юзага келган.

Дастлаб Ўзбекистондаги вазият ҳақида. Бу борада экспертлар ёки таҳлилчилар фикрини ўрганиш эмас, балки оддий халқнинг ўзидан аҳвол сўраш маъқул кўринди.

- Девонамиз девона. Тирикчилик қилиш жуда оғир бўлиб қолди. 1 кг гуруч 1500 сўм, 1 кг ëғ 2000 сўм.

- Шакар 1400 сўм, мол гўшти 6500 сўм. Ҳатто қозони бир ой давомида гўшт кўрмайдиган оилалар ҳам бор.

- Мана, ўтган йили рекорд даража 6 миллион 200 минг тонна буғдой олдик. Натижа қандай? Магазинда бир кг ун йўқ. Отлиққа ҳам йўқ. Ўзи умуман йўқ.

Қўшни Қирғизистонда эса ҳукумат мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи шу йил бошидан бери 36 фоиз қимматлагани ҳақида маълумот тарқатди. Расмий ахборотга кўра, нарх ўсиши куз фаслигача давом этади.

Тожикистондаги аҳвол ҳам қониқарли эмаслиги кузатилади. Тожикистонда сабзавот ва мева ҳамда маълум миқдордаги гўшт ва сут маҳсулотлари ўзида етиштирилади. Лекин айни маҳсулотлар ҳам кейинги пайтда қимматлаб кетаётгани ва аҳолининг камбағал қатлами аҳволи ночорлашиб бораётгани ҳақида гапирган суҳбатдош аёл: «Болаларимга фақат қулупнай олиб беришга имкониятим бўлди, холос»,- деди.

Маълумотларга кўра, озиқғовқат нархи кўтарилиши сабабли Тожикистондаги 500 минг одам калорияли овқатлар ейиш имконидан маҳрум бўлаётир.

Туркманистонда эса февраль ойида бензин нархи ошгандан кейин озиқ-овқат баҳоси ҳам ошиб кетди. Гўшт, ёғ ва шакар кескин қимматлади. Айниқса, ун ва ун маҳсулотлари нархи ошиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда сўнгги олти ой ичида ун нархи 40-50, Тожикистонда 30-40, Қирғизистонда 30-35 фоиз ўсган. Ҳатто ун экспорти билан шуғулланувчи Қозоғистонда ҳам ун нархи кўтарилган.

Қозоғистон буғдой маҳсулотларини экспорт қилиш борасида Марказий Осиё давлатлари орасида етакчилик қилади. Қозоғистон ҳукумати мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2008 йилнинг 1 сентябрига қадар буғдой экспортига тақиқ жорий этган.

Қирғизистон ҳукумати эса мамлакатни озиқ-овқат бўҳронидан сақлаб қолиш, инфляциянинг олдини олиш мақсадида нарх-наволарни музлатиш, солиқларни камайтириш чораларини кўра бошлади. Қирғизистон Миллий банки эса октябрь ойигача ўзгармас ва ягона доллар курсини эълон қилди. Ҳукумат қарорига кўра, ҳар ойда 291 оилага 50 килограммдан ун берилади.

Қирғизистонлик сиёсатчи Темир Сариев сўзларига кўра, ҳукумат бу чораларни аввалданоқ кўрганида эди, озиқ-овқат нархларининг кескин кўтарилиши содир бўлмас эди.

“Мамлакатдаги иқтисодий вазиятни хориждаги меҳнат мигрантлари жўнатган маблағ ҳисобига мўътадиллаштириб турибмиз. Мен, албатта, вазият ўта ёмон, деб айта олмайман. Лекин қийинчиликлар кўп. Агар ҳукумат бу чораларни йил бошида кўрганида эди, инфляция даражаси бугунгидаги каби 15 фоизга етмаган бўлар эди”,- деди Темир Сариев.

Ўзбекистонда эса озиқ-овқат бўҳронининг олдини олиш борасида бирорта амалий тадбир кўзга ташланмаётганини айтади қашқадарёлик Нодир Аҳатов.

“Ҳеч қанақа гап бўлгани йўқ. Режалаштирилгани ҳам йўқ. Қилмоқчи ҳам эмас, бундан кейин қилмайди ҳам. Бу олишга ўрганиб қолган, беришга эмас. Умид ҳам қилиб ўтирмаслик керак. Ўзбекистон аҳолисининг ярми қирилиб кетса ҳам бермайди”,- деди Н.Аҳатов.

“Ўздонмаҳсулот” давлат акционерлик компанияси ғаллачилик бошқармаси ходими Содиқ Умаров эса Ўзбекистонда дон захиралари етарли экани ва мамлакатда озиқ-овқат бўҳрони кузатилмаслигини таъкидлади.

“Бу йил деҳонларнинг кўплари ўтга йилларга нисбатан анча кўп ғалла топширяпти. Ҳосилдорлик ҳам, режа ҳам яхши бўлади. Ўзбекистонда озиқ-овқат муаммоси, деган хавф йўқ. Аксинча ҳар йили дон экспорт қиляпмиз-ку”,- деди С.Умаров.

Лекин Марказий Осиё давлатларида озиқ-овқат тақчиллиги юзага келиши бугунги кунда кузатилаётган озиқ-овқат нархи кузга бориб янада қимматлаши тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG