Линклар

Журналист устидан тергов бошланмасдан тўхтатилиши мумкин

  • Алишер Сиддиқ

Адвокат Баҳром Абдураҳмоновнинг билдиришича, ҳозир тергов экспертизаси ҳибсда сақланаётган журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Солижон Абдураҳмоновнинг машинасидан топилган наркотик моддалар унга ташлаб қўйилгани ҳақида иддаони текширмоқда.

“Озодлик” радиосининг собиқ муҳбири, айни пайтда “Ўзньюс.нет” Интернет нашри мухбири Солижон Абдураҳмоновга наркотик моддалар сақлаганлик айби қўйиляпти.

Ўзбекистонда “подстава” тажрибасидан сал бўлса ҳам хабардор одам нима учун “Ҳизб ут-таҳрир” варақалари эмас, деб ҳайрон бўлаётгандир. Ёки нима учун 7 июнь куни кечқурун Нукус милиция ходимларига айнан Солижон Абдураҳмонов машинасини тўхтатиб, юкхонасининг барча бурчакларини текшириб кўриш керак бўлиб қолган? Ўша куни унинг машинасидан пакетга ўралган 114 грамм 18 миллиграмм марихуана ва 5 грамм 89 миллиграмм опиум топилган заҳотиёқ Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинди. Расмий тергов жараёни ҳозирча бошлангани йўқ.

Ўзбекистонда мустақил журналистларнинг таъқиб этилишига янги бир мисол сифатида халқаро жамоатчилик эътиборига тушган ушбу иш юзасидан тергов бошланмаслиги ҳам мумкин.

“Нукус милицияси Солижон Абдураҳмонов машинасига наркотик моддалар ташлаб қўйилгани ҳақидаги версияни текшириб кўришга розилик берди”,- дейди унинг адвокати ва укаси Баҳром Абдураҳмонов.

Ҳозирча терговчилар машина юкхонаси қулфини ечиб, унинг бошқа калит билан ҳам очилган бўлиши мумкинми ёки йўқлигини текшириб кўрмоқда. Айни пайтда Солижон Абдураҳмоновнинг адвокати машинадан топилган пакетдаги бармоқ изларини олишни ҳам талаб этаётир.

Адвокатнинг ишонишича, бу нафақат журналистни оқлаши, балки пакетни ким ташлаб қўйганини фош этиши мумкин.

Адвокатнинг билдиришича, С.Абдураҳмоновга ҳибсда қўпол муомалада бўлинаётгани йўқ. Унинг ўзи эса барча тергов ҳаракатларининг қонуний бўлишини талаб қилаётир.

Ўзбекистондаги вазиятни яқиндан кузатаётган таҳлилчилар Солижон Абдураҳмоновнинг озодлиги ҳам Европа Иттифоқи билан савдо воситасига айланиши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ Москвадаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфиловнинг ишонишича, Хоразм, Қорақалпоғистон ҳудуди бўйича ишлаган ягона мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов айнан шу мақсадда ҳибсга олинмаган.

“Бу каби сиёсий режимларни бошқараётган ҳукумат саъй-ҳаракатларининг тактикаси ҳар доим бир хил бўлади. Бу борада гапираётганда, албатта, шахсан президент Каримов Абдураҳмоновни ҳибсга олиш ҳақида буйруқ бермаганини инобатга олиш керак. Каримов бу ҳақда буйруқ бермаса ҳам ҳукмрон доираларда ўзга фикрловчиларнинг ҳибсга олинишини тақозо этувчи муҳит шакилланган”,– дейди Олег Панфилов.

Унинг таъкидича, Солижон Абдураҳмонов ЕИнинг талаби билан яқин келажакда шартли жазо билан озод этилиши ҳам, жазо муддатини тўлиқ ўташи ҳам мумкин. Бироқ ҳозирча режим ҳаракатерининг ўзгараётганидан дарак йўқ.
XS
SM
MD
LG